Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Янги ва илғор тажрибалар, ғоялар ва УСУЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ҳудудлар осойишталиги, оилалар мустаҳкамлигини ТАЪМИНЛАШНИНГ ЭНГ МУҳИМ МЕЗОНИДИР
11 Nov 2017

Иштихон тумани — Самарқанд вилоятидаги ривожланишга юз тутган масканлардан. Мамлакатимиз сармоявий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан самарали механизмлар амалиётга фаол татбиқ этилаётгани Иштихондаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳам асос бўлмоқда.

Шу боис илгари ишлаб чиқариш учун «бироз ноқулай» ҳисобланган ушбу ҳудудда айни пайтда йирик истиқболли лойиҳаларга қўл урилиб, янги-янги корхоналар, тадбиркорлик субъектлари кўпаймоқда, шунга монанд аҳолининг яшаш шароити юксалиб бораётир.

Агар шу томонларга йўлингиз тушса, кенг ва равон кўчалар, обод ҳудудлар, одамларнинг юз-кўзларидан уфурган миннатдорлик нафаси, самимият ва ўзбекона лутфу карам беихтиёр бу гўшага меҳрингизни уйғотади. Тумандаги 62 та маҳаллада ҳам ана шундай кўтаринкилик, бунёдкорлик, яратувчанлик — қайноқ муҳит ҳукмрон эканидан завқланади киши.

Бундай гўзал манзаралар эса, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги барқарор осойишталикдан, тинчлик аталмиш бебаҳо неъматнинг оилалар, маҳаллалардан бошлаб таъминланиб келаётганидандир. Айниқса, тумандаги «Муротобод», «Бешариқ», «Бешбола», «Бўстон», «Бойлата», «Тойтуёқ», «Шайхислом», «Юғонтепа», «Боғбон», «Янгиравот» каби маҳаллаларда ўтган давр мобайнида бирорта ҳуқуқбузарлик содир этилмагани йиғин мутасаддиларининг осойишталикни таъминлашда нақадар фидойилик билан, ҳамкору ҳамжиҳатликда, имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда меҳнат қилаётганларини англатади.

Ютуқлар қанча кўп бўлмасин, ҳали ечимини кутаётган муаммолар оз эмас, ишга солинмаган имкониятлар эса бисёр. Хусусан, тинчликни асраб-авайлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар, йиғинлар мутасаддилари, жамоатчилик комиссиялари — бир сўз билан айтганда, соҳа ходимлари зиммасидаги вазифалар ниҳоятда залворли. Қолаверса, профилактика инспекторлари билан йиғин фаолларининг ҳамкорлиги янгича ёндашувлар, илғор ташаббусларни тақозо этаётирки, бундан кутилаётган натижалар, ҳеч шубҳасиз, хавфсизликка, кишиларда ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига, қонун устуворлиги таъминланишига ҳисса қўшади.

9 ноябрь куни Иштихон тумани ҳокимлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш хизматининг масъул ходимлари ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамкорлигида «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш механизмлари» мавзусида намунали тарзда ташкил этилган ўқув-семинар ана шундай долзарб вазифалар ижросига бағишланди.

Ўқув-семинарда вилоят ҳокими ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси, Касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи каби давлат ва жамоат ташкилотларининг туманлардаги тузилмалари раҳбарлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг ижро аппаратлари ходимлари, йиғин раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, профилактика инспекторлари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш мақсадида республикамиз ҳудудларига ташрифлари давомида маҳалла ҳақида алоҳида сўз юритиб, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда ушбу қадрдон тузилманинг бевосита иштирокини кенгайтириш, йиғин мутасаддилари ҳамда профилактика инспекторларининг биргаликда фаолиятини аниқ йўналтиришга доир таклиф ва тавсияларни илгари сурадилар. Бу бежиз эмас. Негаки, маҳалла — тарбия маскани. Бу ерда бой ҳаётий тажриба, юксак обрў-эътиборга эга, бошқаларга сўзини ўтказа оладиган, «қуюшқонидан чиққан»ларнинг танобини тортиб қўйишга қодир фидойи инсонлар яшайди. Уларнинг бир оғиз гапи, насиҳати, даккиси кундалик турмушда учраб турадиган низолар, тушунмовчиликларнинг олдини олади, ҳаётий тажрибалари ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиб, ортиқча гап-сўзнинг ташқарига чиқишига йўл қўймайди. Муҳими, ана шундай фидойи инсонларни маҳалла ишига жалб этиш, комиссиялар ишини қай йўсинда ташкил этиш йўл-йўриқларини тушунтириш — уларга амалий кўмак бериш лозим.

Иштихондаги ўқув-семинарда ҳам шулар хусусида сўз бориб, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни юзага келтирувчи шарт-шароитларни ҳамда ҳисобга олинган ҳуқуқбузарликлар сабабларини ўрганиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш — Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг долзарб вазифаларидан экани қайд этилди. Шунингдек, айни йўналишда комплекс чораларни амалга ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, ҳудудий кенгашлар ишини самарали ташкил этиш, йиғинлар фаолларининг профилактика инспекторлари билан уйғун ҳамкорлигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Фаолиятда оқсашлар кузатилаётган, ўз ишини тўғри ташкил этолмаётган, маҳалланинг таъсир кучидан унумли фойдалана олмаётган йиғин ходимлари ҳам, афсуски, йўқ эмас. Айрим ҳолларда, «хонадонма-хонадон, уйма-уй юриб, оилаларга кириб боряпмиз, аҳолининг ўй-ташвишлари муаммоларини ўрганяпмиз», деган ҳисоботлар шунчаки расмиятчилик экани ҳам бор гап. Негаки, бундай саъй-ҳаракатлар хўжакўрсинга эмас, чин юракдан, фидойилик ва ташаббускорлик, дахлдорлик ва масъулият билан амалга ошсагина, ижобий натижалар бўй кўрсатади. Акс ҳолда, маънавий ҳаётимизга таҳдид солувчи иллатлар, ёт ғоялар, жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатлардан халос бўлиш мушкул. Иштихон туманидаги маҳаллаларда ҳам жорий йилнинг шу даврига қадар 269 та жиноят содир этилган, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатлари ўтган йилгига нисбатан 37 тадан 46 тага ёки 24,3 фоизга ортган.

Ушбу жиноятлар сабаби таҳлил этилганда, аксарият ҳолатларда, маҳалланинг кучи билан ҳал этиладиган, муросаю мадорани талаб этадиган масалалар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани маълум бўлади. Оддий мисол. «Боғихон» маҳалласидаги икки қўшни аёл ўртасида томорқани суғориш билан бошланган даҳанаки жанг бир-бировини пичоқлашгача бориб етган. Табиийки, қўшнилар бир куннинг ўзида қирпичоқ бўлган эмаслар. Можаро ёз бўйи давом этган. Аммо маҳалла фаоллари, профилактика инспекторларининг лоқайдлиги боис қон тўкилиб, бир аёл номига жиноятчи деган тамға босилган.

Оиланинг чароғбони деб улуғланадиган хотин-қизлар билан боғлиқ жиноятчилик «Ўзбекистон» маҳалласида 4 та, «Шейхларкент»да 5 та, «Кўктепа», «Тўпор», «Намуна» каби йиғинларда 3 тадан қайд этилганидан ҳам аёнки, ушбу ҳудудларда маҳалла фаоллари ўз вазифасига бўлган муносабатини ўзгартириши керак. Улар илғор тажрибаларни қўллаб, оилалар билан ишлашнинг аниқ механизмларини амалиётга татбиқ этишлари, аёлларнинг дарду ташвишига қулоқ тутишлари жоиз.

Семинарда шу каби жонли мисоллар орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қўни-қўшничилик муносабатларини тарғиб қилиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганиш, ёшлар тарбияси ва уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашда маҳаллалар иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мус-таҳкамлашга алоҳида урғу берилди.

Бу борада Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳар кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарларига шу йўналишдаги вазифалар мазмун-моҳияти тўлиқ тушунтирилди.

— Бугунги семинар жонли, таъсирчан ва мунозараларга бой бўлди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Иштихон тумани кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Васила Солиева. — 237 минг нафардан зиёд аҳолига эга туманимизда тинчлик, осудаликни таъминлаш, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишлари, жиноят кўчасига киришларининг олдини олиш бирламчи вазифамиз. Аммо баъзи ҳолларда ишни нимадан бошлаш кераклиги, қай йўсинда тарғибот юритиш, ҳамкорликнинг қайси нуқтасини жонлантириш борасида бир тўхтамга келолмасдик. Бугунги семинарда фаолиятимизга теран нигоҳ ташладик, кўплаб саволларимизга жавоб олдик, аниқ хулосаларга эга бўлдик.

Ўқув-семинарда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси вакиллари ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари ҳамкорлигида турли салбий ҳолатлар, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари яхши самара бераётгани ҳам таъкидланди. Янгича мезонлар асосида иш юритиш тарғиб этилди.

— Бизнинг маҳаллада кўп йиллардан буён жиноятчилик кузатилмайди, оилалар асло бузилмайди, — дейди «Бешариқ» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари Бекзод Бобоёров. — Кўчаларимизда тунги навбатчилик жорий этилган, бу ишга, айниқса, уюшмаган ёшлар кўнгилли бўлиб қатнашмоқда. Тинчликни қадрлаш, асраб-авайлашга барча бирдек масъул эканини маҳалладошларимизнинг каттаю кичиги яхши англайди. Профилактика инспектори Йигитали Олтиновга йиғинимиз идораси ёнидан хизмат уйи берилди. Ўқув-семинарда кўплаб илғор услублар, ҳамкорликни кучайтириш йўл-йўриқларига эга бўлдик. Айниқса, ёш авлодни мафкуравий хуружлардан ҳимоялашда ушбу маълумотлардан фойдаланиб, ҳудудимиздаги касб-ҳунар коллежи ҳамда 17-умумтаълим мактаби маъмурияти билан ҳамкорликни янада кучайтирамиз. Тавсия қилинганидек, 12 та тоифа асосида оилалар рўйхатини шакллантириб, кўчабоши, қишлоқбошилар, Яраштириш комиссияси аъзолари билан янгича услубда фаолиятни йўлга қўямиз.

Қайд этилганидек, бундан буён махсус рўйхатга киритилган оилалардаги муҳитни соғ-ломлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида уларга жамоатчилик тузилмалари бириктирилади. Жумладан, «Қайноналар кенгаши», фуқаролар йиғинлари қошидаги Яраштириш ва Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялари зиммасига нотинч, ноқобил оилалар, ажрашиш учун ариза берганлар, жиноят содир этган хотин-қизларни маънавий соғломлаштириш масалалари билан шуғулланиш белгиланган. Ушбу тадбирларни ташкил этишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси масъул ҳисобланади.

— Маслаҳатчилар эндиликда «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмасига ҳам раислик қилаётирлар, — дейди «Азамат» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулчирой Ҳайитова. — Ўқув-семинарда бугунги давр талабига жавоб бериш, ҳудудимиздаги осудаликни, маънавий барқарорликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини теран англадим. Жумладан, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, диний экстремизмга мойил бўлганларни соғлом эътиқодга қайтариш, «Ота-оналар университети» фаолиятини самарали йўлга қўйишда энди аниқ тасаввурим, услубий кўникмам бор.

«Нуронийлар» жамоатчилик кенгаши зиммасига жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, ҳисобда турган вояга етмаганлар профилактикаси юкланган бўлса, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиясига кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз ва ногиронлар билан ишлаши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, бандлиги таъминланмаган фуқаролар, уй-жойга муҳтожлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан маҳалла раиси ва унинг ёшлар бўйича ўринбосари ҳамда йиғин қошидаги Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раиси мунтазам шуғулланади.

Замонавий шакл ҳамда услублар, ахборот-коммуникация ҳамда инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтказилган ўқув-семинарларда қатнашчилар ўз таклифларини бериш баробарида фаолиятларини бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда асқатадиган илғор тажрибалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Шуниси муҳимки, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган иштирокчилар ўз ҳудудларига бориб, ушбу фикрларни кенг тарғиб этадилар, ўқув-семинар таассуротларини ўртоқлашадилар. Вилоят бўйлаб ташкил этиладиган шундай семинарлар орқали эзгу ғоялар, интерфаол услублар, аниқ механизмлар тизим мутасаддиларининг фаолиятида акс этиб, ҳар бир хонадонга, оилага кириб боради. Бу эса маҳаллалардаги осуда ва фаровон ҳаётни таъминлашнинг энг муҳим мезонидир.


Manba: «Mahalla» Газетаси / Ko'rishlar: 171

So'rov

Bizning saytimiz sizga yoqdimi?
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech