Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ватанга муҳаббат маҳалладан бошланади
18 Nov 2017

«Маҳалла — менинг тақдиримда» кўрик-танлови иштирокчилари ана шу эзгу ғояни илгари суришмоқда
Бугун республикамиздаги барча йиғинларда «Маҳалла — менинг тақдиримда» кўрик-танлови кўтаринкилик билан ўтмоқда. Танловнинг ёшлар таълим-тарбияси, маънавий камолотидаги ўрни беқиёс эканини ҳар қанча таъкидласак оз. Боиси иштирокчи ўқувчилар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуд тарихини ўрганиш баробарида асрлар давомида сайқал топиб келаётган қадриятларимизга муҳаббат, садоқатлари ортмоқда.

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Абдулла Авлоний номли фуқаролар йиғинида ўтказилган танловнинг саралаш босқичида ўқувчи-ёшлар Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётганини намойиш этишди. Танловда 7 та йиғин жамоаси учта шарт бўйича беллашди. Биринчи шартда жамоалар слайд ва турли кўргазмали воситалар ёрдамида ўз маҳалласи тарихи, бугунги кунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маълумот беришди.

Иккинчи шарт маҳалланинг ҳаётдаги ўрни, хусусан, «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги, «Ота-оналар университети» фаолиятига оид савол-жавоблар билан ўтди. Бу борада, айниқса, «Миробод», Абдулла Авлоний номли йиғин вакиллари пухта тайёргарлик кўргани намоён бўлди. Мазкур маҳаллалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга доир ишлари, турли тўгараклар фаолияти, спорт мусобақалари ва танловлар ташкил этишдаги фаоллиги ҳайъат аъзоларининг эътиборини тортди.

Танловнинг учинчи шартида иштирокчилар «Маҳалла — менинг тақдиримда» мавзусида иншо ёздилар. Унда қўни-қўшнилари билан ҳамжиҳат ва иноқликда яшаётган йигит-қизлар ўзларининг маҳалласи ҳақидаги қалб туғёнларини қоғозга тўкишди. Абдулла Авлоний маҳалласидан Моҳларойим Турғунбоеванинг иншоси кўпчиликка манзур бўлди:

«...Ватан — бу ҳар бир кишининг туғилиб ўсган маскани. Уни қадрламоқ, севмоқ, яшартмоқ керак». Бу сўзларни бобомиз Абдулла Авлоний салкам бир аср аввал айтган бўлса-да, бугун бу фикр юртдошларимиз, айниқса, маҳалламиз ёшлари учун шиорга айланиб улгурган. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг номи билан аталган маҳаллада яшаётганимдан, бир замонлар у дарс берган, айни пайтда унинг номи билан номланган 328-мактабда таълим олаётганимдан фахрланаман. Қалбимдаги туйғуларни ёзар эканман, юрагим ифтихорга тўлмоқда...»

Жамоаларнинг иштироки йиғинлар фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, манбаларнинг тўғрилиги ва саҳна кўринишларининг таъсирчанлиги асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якунда Абдулла Авлоний номидаги маҳалла жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Мана шундай танлов Миробод туманининг яна учта маҳалласида ҳам ташкил этилиб, уларда ғолиб бўлган «Олтинкўл», «Билимдон», «Сарикўл» фуқаролар йиғинлари жамоалари кўрик-танловнинг туман босқичига йўл олишди.


Manba: «Mahalla» Газетаси / Ko'rishlar: 65

So'rov

Bizning saytimiz sizga yoqdimi?
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech