Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
11 Nov 2017

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Айни кунда мазкур жараёнга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.

Хусусан, пойтахтда ўтаётган ушбу тадбирнинг холис ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида туман сайлов комиссиялари мустақил тарзда фаолият олиб бормоқда. Жумладан, сайлов участкаларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш, номзодлар тарғиботи ва бошқа ташкилий ишларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади.

— Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтадиган бу сафарги сайлов барчамиз учун янгиликдир, — дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Баҳром Умаров. — Шу боис туман ва округ сайлов комиссияларини бу жараённинг ташкилий-ҳуқуқий асослари билан таништириш, зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар бериш лозим.

Шу мақсадда ҳар бир туманда мазкур комиссиялар аъзолари иштирокида семинарлар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳияти кенг муҳокама этилди. Шунингдек, туман Кенгашларига сайловларни ўтказишда туман ва округ сайлов комиссияларининг олдида турган вазифалар ва иш юритишни ташкил этишдаги эътиборли жиҳатлар хусусида сўз юритилди. Бундан ташқари, ушбу жараёнларни оммавий ахборот воситаларида холис ва ҳаққоний ёритиб бориш мақсадида ташкил этилган ягона матбуот маркази ва туман сайлов комиссиялари таркибида фаолият юритувчи матбуот марказларининг вазифалари нималардан иборатлиги ҳам семинар иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

— Пойтахтимиз туманларида жами 330 та округ сайлов комиссиялари тузилди, — дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси раиси ўринбосари Сотволди Бобоқулов. — Бу ҳар бир туман кенгашига 30 нафардан депутат сайланади деганидир. Сайлов жараёнлари муросасиз, ҳаққоний ўтиши кутилмоқда. Боиси бир ўринга бештадан — тўртта партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатилган номзод кураш олиб боради. Бу жараёнларда шаҳар сайлов комиссияси фақат мувофиқлаштирувчи сифатида иштирок этмоқда.

— Аҳолининг ҳуқуқий онг ва тафаккури кенгайган, — дейди Сергели тумани сайлов комиссияси раиси Муҳайё Саидикромова. — Бугун сайловчи кимга овоз беришни жуда яхши билади. Туман кенгаши депутатлигига сайловларда ҳам фуқаролар ўзлари ишонган ва сайловолди дастурларида ўз келажакларини кўра олган номзодга овоз берадилар.

Депутатликка номзод кўрсатиш ўзига хос жараёнга айланиб кетди. Халқ орасида обрў-эътиборли, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга кишиларни танлаш номзодлик шартларининг асосидир. Айниқса, бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жонбозлик кўрсатмоқда. Келажакда ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини ривожлантириши мумкин бўлган номзодларни депутатликка тавсия этишмоқда.


Manba: «Mahalla» Газетаси / Ko'rishlar: 241

So'rov

Bizning saytimiz sizga yoqdimi?
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech