Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
22 Nov 2017
Нукусда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сенатор ва депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва уларнинг бўлинмалари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Адлия вазирлиги ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалардаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаси муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлашга доир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси изчил таъминланмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, 2017 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошқарув тизимида жорий этилган Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси институтининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди. Янги қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларига аниқлик киритилди. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу биринчи навбатда, уй-жой коммунал соҳасини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, жамиятдаги ижтимоий муҳитни яхшилашга давлатимиз томонидан қаратилаётган улкан эътиборда ўз ифодасини топмоқда.

Мазкур соҳани тартибга солиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалар томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойида Қорақалпоғистон Республикасининг давлат органларига қарийб 4 минг 700 мурожаат келиб тушган. Шундан 2 минг 852 таси Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ.

Депутатлар томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг катта қисми жисмоний шахслардан келиб тушган. 2 минг 852 мурожаатнинг 2 минг 156 таси уларга тегишли бўлиб, 1 минг 871 таси ариза, 280 таси шикоят ва 5 таси таклифдир. 1 минг 254 мурожаат ёзма шаклда, 1 минг 537 таси электрон шаклда, 61 мурожаат оғзаки тарзда корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг шахсий қабули ва жойлардаги сайёр қабуллар вақтида келиб тушган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Нукус шаҳри, Хўжайли, Тўрткўл, Қўнғирот, Беруний туманларидан тушган. Фуқаролар мурожаатларида асосан табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, томорқа учун оқар сув, иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятидаги камчиликлар, коммунал хизматларга ўз вақтида ҳақ тўланмаётгани баён қилинган.

Қонун талаблари асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида 1 минг 363 мурожаатда кўтарилган масалалар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг қуйи бўғинлари томонидан ҳал этилган. Бу кўрсаткич 47,8 фоизни ташкил этади. 1 минг 451 мурожаат эгаларига тегишли тушунтиришлар берилган.

Йиғилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган уй-жой коммунал соҳасидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Аҳоли сифатли ичимлик суви ва марказий иситиш тизими билан лозим даражада таъминланмаётгани қайд этилди. Ушбу соҳадаги бугунги ҳолатни таҳлил қилиш асосида кўп қаватли уй-жой фондини комплекс бошқариш ва эксплуатация қилиш, аҳолига сифатли ва кафолатланган коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи кўп корхоналарда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни тегишли журналларда қайд этиш, ижросини назорат қилиш ишларига етарли даражада эътибор берилмагани танқид қилинди. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддати қўпол равишда бузилган, жавоблар мурожаат этувчиларга ўз вақтида юборилмаган, фуқароларни қабул қилиш учун зарур шароит яратилмаган. Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи туман ва шаҳар тузилмаларида мурожаатлар билан ишлаш бўйича малакали мутахассислар етишмайди.

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Manba: ЎзА / Ko'rishlar: 227

So'rov

Bizning saytimiz sizga yoqdimi?
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech