Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
03 noyabr 2017 y. - 18 dekabr 2017 y.

Халқимизда азалдан тинчлик-тотувлик ва осойишталикка катта эътибор қаратилади. Зотан, тинч жойдагина тараққиёт бўлади, жамият ҳаёти ўз ўзанида давом этади. Айнан шу жиҳат бугунги кунда ҳам ватандошларимиз эътиборидан четда қолмаган.

Халқ осойишталигини асраш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари таркибида ташкил этилган «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу тузилма маҳалла ҳудудида хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш, ёшларнинг турли ёт оқимлар ва ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш каби ишларда фуқароларнинг фаоллигини оширишда давлат ва жамоат ташкилотларининг яқин кўмакчиси бўлиши белгиланган.

Ушбу тузилмалар фаолияти таҳлил этилганда эл-юрт осойишталигини таъминлашда бир қатор ютуқларга эришаётганини кўрсатди. Келинг, шу ўринда айрим рақамларни далил сифатида келтириб ўтсак. Бугунги кунда жами 8561 та «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси мавжуд бўлиб, уларда 54 678 нафар посбон фаолият юритиб келади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида посбонлар 28985 та ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жонбозлик кўрсатишган. Шунингдек, 1202 та жиноят посбонлар кўмагида, 79 та жиноят эса бевосита уларнинг ўзлари томонидан очилган. Ўз навбатида, ўтган вақт давомида 4352 та маҳалла фуқаролар йиғинида умуман жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилмаган. Табиийки бу кўрсаткичларнинг барчаси посбонлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни теран англаётгани ва уларнинг ижросига масъулият билан ёндашаётганини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори посбонлар зиммасидаги масъулиятнинг янада ошишига хизмат қилди. Зеро, бугунги кунда маҳаллаларда ташкил этилаётган сайёр судлар ва жазони ўташ муассасаларидан қайтган фуқаролар билан ишлаш посбонлардан нафақат масъулият, балки ҳуқуқий билим ва инсоний ёндашувни ҳам талаб этади.

Посбонлар зиммасига юклатилган вазифалар кўламининг кенгайиши уларнинг фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимини такомиллаштириш, уларга бугунги кун талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 октябрдаги 805-сонли «Фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори ўз вақтида қабул қилинди, дейиш мумкин. Ушбу қарорга мувофиқ, маҳалла посбонлари эндиликда муқаддам судланган ва жазони ўташ муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришга кўмаклашиш ҳамда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланувчига айланиши хавфини камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ишларида ҳам иштирок этишади.

Шунингдек, ушбу қарор билан жамоатчилик тузилмаси таркибига аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш тартибига ҳам аниқлик киритилган. Жумладан, ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган, фаолияти салбий баҳоланган, қонунга зид хатти-ҳаракатларни содир этган шахслар фуқаролар йиғинининг раиси ҳамда ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори тавсиясига асосан фуқаролар йиғини кенгашининг қарори билан тузилма аъзолари сафидан чиқарилади. Шунингдек, жамоатчилик тузилмаси раҳбарларини лавозимга тайинлаш тартибига ҳам тегишли ўзгаришлар киритилди. Эндиликда фуқаролар йиғинининг раиси ҳамда ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспектори томонидан танланган уч нафар номзод Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши ҳамда ички ишлар органи раҳбари билан келишиш учун тавсия этилади. Номзодлар орасидан муносиби фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тузилма раҳбари лавозимига тайинланади.

Ушбу қарор жамоатчилик тузилмаси раҳбарларини ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритишни ҳам кўзда тутади. Бунга кўра, фаолияти давомида ўзини ҳар томонлама кўрсата олган, жамоатчилик тузилмаси сафида камида бир йил мобайнида раҳбарлик қилган, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлганлар ички ишлар органи кадрлари таркибига захирага киритилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг вазифа ва ваколатларини кенгайтирибгина қолмасдан, уларга тақдим этилаётган рағбатлар тизимини такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.

Баҳодир НАБИХЎЖАЕВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

Республика кенгашининг фуқаролар йиғинларида ёшлар билан ишлашни мувофиқлаштириш,

ҳуқуқ-тартибот ва оммавий спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи.


  Ro’yxatga qaytish

So'rov

Bizning saytimiz sizga yoqdimi?
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech