Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
22 Ноя 2017

Мамлакат довруғини дунёга тез ёйишда ҳеч бир соҳа спортнинг ўрнини босолмайди. Янада муҳим жиҳати, спорт ва жисмоний тарбия ривожи, энг аввало, соғлом авлодни тарбиялаш, миллат генофондини яхшилаш, умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир учрашув ва мулоқотларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб, фаровон яшаши учун барча имкониятни сафарбар этиш, инсонлар саломатлигини асраш, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида урғу бериши бежиз эмас.

Жорий йил 31 октябрь куни Юртбошимиз раислигида ўтказилган навбатдаги йиғилиш ҳам давлат ҳамда жамият эртаси учун долзарб саналган масалага бағишланди. Унда республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ҳамда тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ва замонавий спорт иншоотларини барпо қилиш каби вазифалар муҳокама этилди.

Тўғри, истиқлол йилларида спортни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар самарасини бугун шаҳару қишлоқларимиздаги замонавий спорт комплекслари ёхуд “Умид ниҳоллари”, “Баркамол -авлод” ҳамда Универсиада мусобақаларидан халқаро ареналарга дадил қадам қўйган йигит-қизларимиз тимсолида яққол кўришимиз мумкин. Лекин ҳозирги шиддатли замон қўлга киритилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмай, янада изланишни, янги ёндашувларни жорий қилишни тақозо этмоқда. Айни жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистонда спорт соҳаси ривожида ҳам янги босқич бошланди, дейиш мумкин.

Ривожланиш қуйи бўғиндан бошланади

— Очиғи, илгари Маданият ва спорт ишлари вазирлиги пайтида спорт йўналишида раҳбарият, асосан, комплекс мусобақаларни ташкиллаштириш билан чекланар ёки спортчиларни чет давлатларга юбориш билан банд бўларди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов. — -Оммавий спортга эътибор қаратиш, тажрибали кадрларни тайёрлаш масаласи назоратдан чиқиб кетганди. Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз спорти ривожида янги саҳифа очди. Мазкур ҳужжатга биноан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилинди. Аҳоли кенг қатламини спорт билан шуғулланишга жалб этиш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ҳамда инфратузилмасини кучайтириш, шаҳар ва туманларда оммавий спорт тадбирлари ҳамда мусобақалар ўтказиш, Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар билан биргаликда истеъдодли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ҳамда маҳоратини ошириш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ қилиш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш ташкилотимизнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, 300 га яқин спорт таълим муассасалари қўмита тасарруфига ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад республикамизда болалар спортини ривожлантириш орқали Олимпия ҳаракатини кучайтириш, жисмоний тарбия ҳамда спорт билан шуғулланувчилар сони ва салмоғини ошириш, ёш авлоднинг жисмоний тайёргарлиги ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш, ўзбек спортчиларининг Осиё ва Олимпия ўйинлари, турли нуфузли халқаро мусобақалардаги самарали иштирокини таъминлашдан иборатдир.

Ҳудудий бошқарув органлари таркибида 201 туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ҳамда спорт бўйича вакиллар фаолияти йўлга қўйилди. Бу жойларда соҳага оид давлат сиёсати, Фармон ва қарорлар ижросини тўла таъминлаш, спортни қуйи поғонадан ривож-лантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бинобарин, жорий йилнинг ўзида соҳага оид йигирмадан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиндики, уларнинг амалий ифодасини топиши баркамол авлодни тарбиялашдек ўта масъулиятли ишда ҳал этувчи аҳамиятга эгадир.

Бу муваффақиятлар осмондан тушгани йўқ

2017 йилнинг ўтган даврида маҳаллий ва халқаро спорт мусобақаларида спортчиларимиз томонидан 483 та олтин, 394 та кумуш, 536 та бронза, жами 1 минг 413 та медаль қўлга киритилди. Мамлакатимизда халқаро миқёсдаги мусобақалар муваффақиятли ўтказилди. Май ойида Тошкентда бокс бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида вакилларимиз ўн вазн тоифасидан тўққизтасида олтин медалга сазовор бўлди. Германиянинг Гамбург шаҳрида кечган жаҳон чемпионатида юртимиз чарм қўлқоп усталари 1 олтин, 3 кумуш ҳамда 2 бронза медаль билан тақдирланди.

Албатта, бундай ютуқлар осмондан тушгани йўқ. Соҳадаги сифат ўзгаришлари, табиийки, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.

— Бугун дунё миқёсида “Ўзбек бокс мактаби” деган атама ҳавас билан тилга олинадиган бўлди, — дейди бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Раҳматжон Рўзиохунов. — Гамбург шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) томонидан ташкил қилинган нуфузли мусобақада дунёнинг 85 давлатидан 280 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Эътибор беринг, ўнта вазн тоифасида ўтган финал беллашувларининг тўрттасида ўзбекистонлик боксчилар иштирок этди. Шу пайтгача терма жамоамиз жаҳон чемпионатларининг ҳеч бирида бундай натижа кўрсатмаганди.

Бугун спорт соҳаси учун малакали кадрлар ҳамда мураббийлар тайёрлаш масаласи ғоят долзарб. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланиб, улар ижроси изчил таъминланаётгани ўз самарасини бермоқда.

— Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Чирчиқ шаҳрига кўчирилди, — дейди мазкур олий ўқув ректори Шоакрам Исроилов. — Натижада институтимиз малакали спортчи ва мураббийларни ўқитиш ҳамда тайёрлаш учун зарур инфратузилмага эга бўлди, замонавий спорт шаҳарчаси барпо этиш имконияти яратилди. Шунингдек, институтда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим олиш йўлга қўйилди.

Муаммолар ечими фурсат кутмайди

Айтиш керакки, шу йил 3 июнда Президентимизнинг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани соҳа ривожида яна бир муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатга асосан, Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда 2017 — 2021 йилларда жисмоний тарбия ҳамда оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмликдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкциялаш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда қайта жиҳозлаш назарда тутилган. Дастур доирасида бу йил 153 та болалар майдончаси таъмирланди, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган мажмуа фойдаланишга топширилди.

— Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди, — дейди Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Искандар Жўраев. — Мисол учун, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ҳамда реконструкциялаш ишлари жадвалдан ортда қолган, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилган. Буларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Бошқа йўналишлар ҳам кучайтирилади

Жаҳон оммасининг диққат-эътиборида турган нуфузли халқаро мусобақаларда, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчиларининг муносиб иштироки пухта тайёргарликни тақозо қилади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори доирасида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт ташкилотлари ҳамкорлигида иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳаллий ҳамда хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Рағбат — инсонга қанот

Дунё миқёсида спортчиларнинг мусобақалардаги иштироки унча узоқ давом этмайди. Масалан, футболчи профессионал фаолиятини 17 — 20 ёшида бошласа, 30 дан ошганида у “кекса”лик босқичига киради. Катта спорт билан хайрлашганидан сўнг эса аксарияти ўзини кераксиздек ҳис қилади. Руҳан эзилади. Афсуски, бундай мисолларни спортнинг ҳар бир турида кўришимиз мумкин.

— Президентимизнинг жорий йил 10 августдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорида спортимиз юлдузлари ҳамда уларни камолга етказган тренерларнинг машаққатли меҳнатларини муносиб тақдирлаш, уларнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, олий ҳамда ўрта махсус маълумот олишлари ва саломатликларини тиклашлари хусусида ғамхўрлик қилингани эътиборга лойиқ, — дейди дзюдо федерацияси бош котиби Ришод Собиров. — Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда спортчи ҳамда мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юртимиз шаънини ҳимоя қила оладиган спортчилар захирасини тайёрлашдаги иштирокини таъминлашга имкон яратади. Мамлакатимиз спорт жамоатчилиги, тажрибали мураббийлар ушбу қарорни катта хурсандчилик билан кутиб олишди.

Ҳалоллик ва мардлик тимсоли

Кураш тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Ота-боболаримиз ёшларнинг руҳан ва жисмонан чиниқиши, рақибга ҳурмат билан муносабатда бўлиши учун уларни турли миллий ўйинлар ҳамда кураш мусобақалари орқали тарбиялашга алоҳида эътибор берганлар. Зеро, курашнинг ҳар бир инсонда олижаноблик, бағрикенглик фазилатларини шакллантиришдаги аҳамияти беқиёс.

Давлатимиз раҳбарининг “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида уни янада оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ҳамда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва жаҳон спорт ареналарида юқори натижаларга эришишни таъминлаш билан боғлиқ қатор вазифалар қамраб олинган. Жумладан, “6 сентябрь — “Кураш” миллий спорт тури куни” сифатида белгиланди.

Президентимиз шу йил “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригида “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, Худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади”, дея алоҳида таъкидлаб, яқин истиқболда ўзбек спортининг жаҳонда оламшумул ютуқларни қўлга киритишига, азму шижоатли, жўшқин орзу-интилишлар билан юқори чўққиларни кўзлаётган юртимиз ёшларига юксак ишонч билдирди.

Истардикки, спорт оламига қадам қўйган ҳар бир ўғил-қиз ана шу ишончга муносиб бўлиш учун интилсин ва бу улуғвор мақсад улар парвозида қанот бўлсин.


Источник: «Халқ сўзи» / Просмотров: 127

Соцопрос

Нравится ли Вам наш сайт?
Нажмите чтобы прослушать выделенный текст! Powered by GSpeech