Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
21 Ноя 2017

Давлатимиз раҳбари раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилган ҳар бир масала, илгари сурилган ҳар бир фикр иш фаолиятимизга танқидий кўз билан қараш, халқ ичига янада кўпроқ кириб бориб, уларнинг қалбига йўл топиш, муаммоларни холис ва ҳаққоний ўрганиш кераклигини англатади.

Президентимиз муаммоларни шунчаки санамади, аксинча, аниқ ечими юзасидан қимматли маслаҳат ва кўрсатмаларини ҳам айтиб ўтди. Аслида бу ишларни биз, фаоллар, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигида қилишимиз керак эди. Афсуски, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилмагани, фаолиятимизга етарлича эътибор қаратмаётганимиз, орамизда ташаббус ва фаоллик етишмаётгани аксарият муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Мамлакатимизда сўнгги бир йил ичида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг масъулиятини кучайтириш билан бирга, улар учун қулай меҳнат шароитлари яратиб бериляпти. Айни кунда вилоятда 650 дан зиёд профилактика инспекторлари фаолият кўрсатмоқда. Шу кунга қадар 120 дан ортиқ профилактика инспектори хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида «Matiz» автомашиналарига эга бўлди. Улар маҳалла аҳли билан бир оила аъзоларидек осойишталикни таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Жойларда халқ билан мутасадди раҳбарларнинг тўғридан-тўғри мулоқоти ва учрашуви, таълим муассасаларида давоматларни ўрганиш, сайёр судлар ўтказиш тизимли йўлга қўйилди. Натижада аҳолининг ҳуқуқий маданияти, саводхонлиги, дунёқараши ошмоқда.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар борасидаги ишлар таҳлилига кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар 456 та йиғинда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик камайган бўлса, 138 та маҳаллада бирорта жиноятчилик кузатилмаган. Чунки қаерда маҳалла фаоллари аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан узвий ҳамкорлик қилаётган бўлса, ўша ерда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Албатта, ютуқлар билан бирга камчилик ва муаммолар ҳам бор. Масалан, Қувасой ва Фарғона шаҳарлари, Учкўприк, Данғара, Тошлоқ, Ёзёвон, Сўх туманларида жиноятчилик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган. Демак, ушбу ҳудудлардаги йиғинларда профилактик тадбирларнинг самарадорлиги етарли даражада таъминланмаган, ҳуқуқ-тартибот идораларининг жамоатчилик билан ҳамкорлиги талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг ўрни катта. Афсуски, аксарият посбонларнинг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермайди. Йўқса, маҳаллаларда эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги маиший келишмовчиликлар жиноятга, ҳатто қотилликкача етиб бормас эди.

Президентимиз селектор йиғилишида бу хусусида ҳам алоҳида тўхталиб, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг иш фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, унинг иш самарадорлигини ошириш юзасидан кўрсатма берди. Бундай вазифага фидойи ёшлар сафарбар этилмаётгани, рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилмагани сабабли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда посбонлар иштироки сезилмаётганини таъкидлади.

Юртбошимизнинг бу таъкиди жуда ўринли. Чунки маҳалла ҳаёти, аҳоли осойишталиги йўлида меҳнат қилаётган киши ўз касбининг масъулиятини ҳис қилиши, бурчининг шарафли жиҳатларидан фахрланиши ва шунга муносиб тарзда ҳалол иш юритиши зарур. Ўз навбатида, бу вазифага муносиб кўрилганлар билим ва малакаси, ахлоқ-одоби билан барчага ўрнак бўлиши жоиз.

Давлатимиз раҳбари жиноятчиликни жиловлаш кераклиги хусусида сўз юритар экан, фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқат, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларни сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу узвий ҳамкорлик маҳаллаларда жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишининг олдини олади, унга қарши курашиш механизмини янада кучайтиради.

Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Юртбошимизнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида айтиб ўтган фикр ва мулоҳазалари, билдирган таклифлари иш фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлиб, масъулиятимизни янада оширди.

Шавкатжон ЭРМАТОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш
бўйича Фарғона вилояти кенгаши раисининг
биринчи ўринбосари.

Источник: «Mahalla» Газетаси / Просмотров: 149

Соцопрос

Нравится ли Вам наш сайт?
Нажмите чтобы прослушать выделенный текст! Powered by GSpeech