Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
21 августдаги 650-сонли қарорининг ижросини таъминлаш бўйича Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйиача Республика кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида

Ассалому алайкум ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда фуқаро муҳофазаси тизимини кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш борасидаги функциялар қайси ташкилотлар томонидан амалга оширилишига аниқлик киритилмаган эди. 2017 йил 21 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 650-сонли қарорининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни амалга ошириш тизимига аниқлик киритиб берди. Ушбу қарорда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига:

биринчидан, маҳалла фуқаролар йиғинлари даражасида фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик соҳасидаги вазифаларни ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кўмаклашиш,

иккинчидан, маҳалла фуқаролар йиғинининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолисини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш,

учинчидан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тадбирларига аҳолини ихтиёрий равишда жалб этиш вазифалари юклатилган.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда Комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ушбу чора-тадбирлар режасига мувофиқ, маҳалла фаолларини фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазасида тўғри ҳаракат қилиш бўйича ўқитиш, техноген ва табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар ва уларнинг маҳалла аҳолисига таъсири мавзусида давра суҳбатларни мунтазам равишда ўтказиш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари фавқулодда вазиятларда маҳалла аҳолисини огоҳлантириш ва уларнинг ҳаракатини бошқариш жараёни билан таништириб бориш ҳамда маҳаллаларда фавқулодда вазиятлар пайтида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш режасини ишлаб чиқиш ва унинг дори-дармон захирасини яратиш каби вазифаларнинг ижросини таъминлаш кўзда тутилган. Бугунги кунда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўқув курсларининг дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув қўлланмаларини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фуқаро муҳофазаси соҳасида қабул қилинган Ҳукумат қарори ижросини жойларда таъминлаш, “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” фаолиятини ташкиллаштириш ва аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш тадбирларини унумли ва самарали ташкил этиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Кенгашларининг Қўшма буйруқлари қабул қилинди.

Республикадаги мавжуд маҳаллаларнинг 2509 тасида “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” маҳаллий фуқаро муҳофазаси тизими яратилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

“Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг ўқув-маслаҳат пунктларини жиҳозлаш тартиби бўйича 2258 та маҳаллаларга услубий ёрдам кўрсатилди.

“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” маҳаллий фуқаро муҳофазаси тизимини яратиш ва фаолиятини ташкиллаштириш масалалари бўйича жойларда 302 та кўргазмали ўқув-амалий семинарлар ўтказилди ва уларда 14000 нафар маҳалла тизими, тегишли ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

2017 йилнинг ўтган даврида Аҳолини ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларида дастурлар асосида, 7176 нафар маҳалла тизими ходимлари фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёргарликдан ўтказилди. Шунингдек, Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига жалб этилмаган аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш борасида 6500 дан ортиқ маҳаллаларда тушунтириш ишлари ва суҳбатлар ўтказилиб, уларда 350 000 нафардан ортиқ аҳолининг иштироки таъминланди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан жорий йилнинг 24 октябрь куни “Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури” қабул қилинди. Унга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 тадан ҳудудларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва халқ хўжалиги объектларида аҳоли ўртасида “Табиий газдан тўғри ва оқилона фойдаланиш, ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш” мавзусида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот олиб бориш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан жойларда кўргазмали амалий семинарлар ўтказилмоқда. Бугунги кунгача ушбу семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида бўлиб ўтди. Қолган ҳудудларда эса махсус график асосида 26-27 декабрь кунларигача якунлаш режалаштирилган. Кўргазмали семинарлар давомида аҳолининг ис гази, ҳаво-газ аралашмалари чақнаги натижасида рўй берадиган фавқулодда вазиятлар ҳақидаги тушунчалари оширилди, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари томонидан бу борада амалга ошириши лозим бўлган ишлар етарлича тушунтириб берилди.

Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқилган намунавий тарқатма материалларини барча маҳалла фуқаролар йиғинларига етказиб бериш ҳамда улардан самарали фойдаланиш ишлари ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари ва аъзоларига иситиш мавсуми давомида хусусий турар-жойлардаги барча ёқилғилар билан ишлайдиган иситиш мосламалари ва уларнинг дудбўронлари, мўриконларининг техник созлиги ҳамда ишчи ҳолатида бўлиши устидан назорат ўрнатиш топшириғи берилди.

Лекин олиб борилаётган ишлар таҳлилига кўра, жойларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда амалга ошираётган ишларимиз етарли эмаслиги кўзга ташланмоқда.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қонун ҳужжатларида аҳолини фавқулодда вазиятларда муносиб ҳаракат қилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур, деб ўйлайман:

биринчидан, фавқулодда вазиятларда аҳолини ўз вақтида муносиб ҳаракат қилишини таъминлаш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тушунтириш-тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш, бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишда, биринчи навбатда, хавфли ҳудудда (кўчки, сел келиши, ер қимирлаши) жойлашган маҳалларга эътибор қаратиш;

иккинчидан, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда аҳолини жалб этилишини таъминлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича маҳалла ҳудудидаги фаолларни жалб этган ҳолда кўнгилли гуруҳлар ташкил этиш ва уларни тайёрлаш бўйича тегишли фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар тизими ходимларини жалб этган ҳолда қисқа муддатли семинарлар ташкил этиш;

учинчидан, турли хил кўринишдаги фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларни моддий томонидан қўллаб қувватлаш бўйича, аввало, ҳудуддаги ҳомийларни жалб этиш, шунингдек, бу борада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш бўйича амалий ишлар ташкил этиш;

тўртинчидан, қурилиш ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида зилзилабардош, фавқулодда вазиятларга бардош бера оладиган уй-жой қуриш бўйича олиб борилаётган фаолият самарадорлигини ошириш, бу борада фуқаролар масъулиятини ошириш;

бешинчидан, аҳоли ўртасида табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ёнғин хавфсизлиги ходимлари, газ идоралари масъулларни жалб этган ҳолда мунтазам аҳоли огоҳлигини ошириш.

Эътиборингиз учун раҳмат!