Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Улар Аргентинага боришади: мақсад — фақат ғалаба!
5 Jun 2018

Чавандозлик — Қонимизда бор

Абдушукур Собиржонов — истеъдодли спортчилардан. От спортига қизиқиш оила муҳитида, акасига ҳавасдан уйғонган. Мусобақаларда эришилган ғалабалар қизиқишни иштиёққа айлантирди.

У кўп ўтмасдан ўсмирлар ўртасида ўтган Ўзбекистон кубогида биринчи ўринни қўлга киритди. Шундан сўнг спортчининг жаҳон ареналаридаги чиқишларига старт берилди. Чунончи, 2015 йили Жаҳон кубоги саралаш босқичида биринчи ўринни эгаллади ва спорт устаси бўлди. Кейинчалик Россия, Қозоғистон, Германия, Қир­ғизис­тон давлатлари мезбонлик қилган халқаро мусобақаларда яккалик ва жамоавий баҳсларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Халқаро от спорти федерацияси томонидан ўтказилган глобал тур мусобақаларида эса 2 бор ғалабасини нишонлади.

— От спорти билан шуғулланиш алоҳида маҳоратни талаб қилади, — дейди Абдушукур. — Боиси бошқа спорт турларида сизнинг «қуролингиз» жонсиз восита бўлади. От спортида эса энг ақлли жонивор билан тил топиша олишингиз, уни ҳам ғалабага ундашингиз керак. Бу эса спортчидан сабр-тоқат, ўзига ишончни талаб қилади. Машғулотларда хатолар устида ишлангани боис маҳорат мунтазам сайқалланиб бораверади. Мусобақалар у хоҳ халқаро, хоҳ туман миқёсида бўлсин, спортчи учун тажриба майдони ҳисобланади. Шу боис ҳар қандай беллашувга пухта тайёргарлик кўрилади.

Ҳамюртимиз 2017 йили юртимиз мезбонлик қилган Жаҳон кубогида ҳам ўз маҳоратини намоён этди. Элликка яқин спортчи ғолиблик учун куч синашган мусобақада иштирокчилар яккалик беллашувларида конкур — тўсиқлардан от сакратиш йўналиши бўйича баҳслашди. Қувонарлиси, унда 130 сантиметр баландликдан от сакратишда Абдушукур Собиржоновнинг «Ремтекер» лақабли отига тенг келадигани топилмади.

Бу ютуқ унга жорий йил Аргентинада ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларида иштирок этиш йўлланмасини тақдим этди.  

Манба: Садоқат МАХСУМОВА «Mahalla» / Кўришлар: 249

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech