Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
СЎНГГИ СОНИЯЛАР СОКИНДИР, АММО...
5 Jun 2018

Сокин оқаётган денгиз. Қайиқ устидаги йигитлар ҳам жим. Бу мусобақага киришишдан аввалги сўнгги сониялар. Ниҳоят, Сингапурда ўтаётган Осиё ўйинларига старт берилди. Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси беллашувларга киришди. Спортчилар маррага яқинлашди, финиш — ғолиблар аниқланди.

Чамбараксиз икки кишилик қайиқда Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиев олтин медалга сазовор бўлишди. Шу йўналишдаги тўрт табақалик қайиқлар тоифасида ҳам Элёржон Раупов, Сардор Тўлқинхўжаев, Шаҳзод Нурматов ва Алишер Турдиевлар ғолиб бўлишди.

Бу беллашувларни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги «Мурувват» маҳалласи аҳли ҳам ҳаяжон билан кузатди. Йиғин фахри Сардор Тўлқинхўжаевнинг бу ютуғидан қўни-қўшнилар бирдек севинди.

— Спорт тўгарагига отам олиб келган, — дейди Сардор. — Авваллари дарс машғулотларидан сўнг уйда бўлардим. Дадам ўғил бола ҳаракатчан бўлиши керак, деб маҳалламиздаги тўгаракка аъзо қилдирди. Дастлаб машғулотларга мажбурликдан бордим. Устозларим ва оила аъзоларим мендаги ижобий ўзгаришлар ҳақида айтишганда руҳландим ва ҳар бир машқ­ни пухта бажаришга ҳаракат қила бошладим. Эшкак эшиш узоқ тайёргарлик талаб этадиган спорт тури бўлгани боис тўрт йил фақат ўз устимда ишладим. Бу вақт оралиғида гавдани ҳаракатлантириш, кучни тенг тақсимлаш кўникмасини эгалладим. Мусобақаларда масофага қараб имкониятларни чамалашни ўргандим.

Ҳамюртимизнинг тинимсиз меҳнатлари дастлаб Осиё ўйинларида, 2017 йили Литвадаги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида мевасини берди. Беллашувларда юқори натижа кўрсатган спортчимиз жорий йил Аргентинада ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. 

Манба: Садоқат МАХСУМОВА «Mahalla» / Кўришлар: 290

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech