Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Футбол бўйича аёллар ўртасида мамлакат чемпионатининг 7-тур ўйинлари бўлиб ўтди
30 Sep 2019

Аёллар ўртасида мамлакат чемпионатининг 7-тур ўйинлари бўлиб ўтди ва унда кутилмаган натижалар қайд этилди.

 Биринчи галда “Бунёдкор”нинг ўз майдонида очко йўқотишини кўпчилик кутмаганди. Элмира Ғуломова шогирдлари ҳатто ўтган турда мамлакатнинг кўпкарра чемпиони, табиийки бу йилги мавсумда ҳам фақат бош соврин учун курашаётган “Севинч” жамоасини ҳам йирик ҳисобда мағлуб этиб, турнир пешқадамлигига кўтарилиб олганди. Бу турда эса Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси билан дуранг ўйнади.

 Тўғри, жиззахликлар ҳам икки йилдирки бош соврин илинжида тўп суришмоқда. “Металлург”ни чемпионликка кўтарган, Суперкубокка “йўлиқтирган” Шерали Бобоқулов “Сўғдиёна”да иш бошлагач бу клубда ҳам совриндорликка ҳаракат бошланганди. Кутилмаганда, Бобоқуловнинг футболдан маълум муддатга четлаштирилиши “Сўғдиёна”нинг “куни битди” тушунчасини туғдирганди. Ваҳоланки, жамоа кучсизланиб қолмади, аксинча, кучлилар қаторида юришни давом эттиряпти. “Бунёдкор” майдонида пешқадамдан очко тортиб олиш бунинг яққол мисоли.

 Учрашувда ҳам биринчи бўлиб жиззахликлар ҳисобни очишди. Азиза Норбоева ўйиннинг дастлабки иккинчи дақиқасидаёқ рақиб дарвозасини ишғол этди. Ўйин гарчи тенг курашлар остида кечсада кўп ўтмай мезбонлар Умида Зоированинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Биринчи бўлим охирларида эса тиниб-тинчимас Махлиё Сариқованинг голи “Бунёдкор”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Лекин биринчи бўлим шу ҳисобда якунланмади, бош ҳакам қўшиб берган дақиқалар ичида чемпионат тўпурарлари карвонига сарбонлик қилаётган Диёра Хабибуллаева ўзини кўрсатди ва ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим муросасиз баҳслар, айниқса антиқа ҳисоблар билан давом этди. Аввалига “Сўғдиёна” жамоаси сардори Камола Рисқиева ўз дарвозасини нишонга олиб қўйди. “Бунёдкор” учун туҳфани эса “қалдирғочлар” ҳазм” қила олмади шекилли, булар ҳам ўз дарвозаларига тўп киритиб, бугунги дурангга лойиқ ўйинга интиҳо ясашди. Қизиғи, “тўп муаллифи” жамоа ҳужумчиси, тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринда бораётган Людмила Карачик бўлди. Бош ҳакам қўшиб берган қўшимча дақиқанинг сўнгги сонияларида ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди.

 Яна бир кутилмаган натижа Навоийда кузатилди. Шу кунгача бирорта ҳам очко ола билмаган “Қизилқум” ўз майдонида “Пахтакор”дан очко тортиб олди. Аслида мезбонлар ҳисобда олдинда боришаётганди, яна бир дақиқа “чидаб” берганларида дастлабки уч очкони ҳам қўлга киритган бўларди, бироқ сўнгги дақиқаларда тошкентликлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

 “Металлург”нинг АГМК, “Севинч”нинг эса “Локомотив” устидан ғалаба қозонишини башорат қилганлар кўпчилик энди. Қаршиликлар бу ютуғи, тўғрироғи, “Бунёдкор”нинг ўз майдонида очко йўқотиши “тахт”га яна “Севинч”нинг қайтишини таъминлади.

 Шу тариқа чемпионат жадвалини 18 очко билан “Севинч” бошқаришни давом эттиряпти. “Бунёдкор 17, “Сўғдиёна” 16 очко билан иккинчи ва учинчи ўринларда боришяпти. “Металлург” жамоаси 13 очко билан тўртинчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олган. Қолган тўрт жамоанинг жойи қуйида – АГМК ва “Локомотив” жамоалари ихтиёрида 6 тадан очко, “Пахтакор”да 4, “Қизилқум”да эса атиги бир очко бор.

 Тўпурарлар баҳсида ҳамон “Сўғдиёна” аъзоси Диёра Хабибуллаева 37та тўпи билан пешқадам бўлиб турибди. Людмила Карачик (“Бунёдкор”) 29, Комила Зарипова (АГМК) 26та тўпга эга.

 7-турда қайд этилган натижалар:

 “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” – 3:3

 Голлар: Умида Зоирова (10), Махлиё Сариқова (39), Людмила Карачик (90+4 ўз дарвозасига) – Азиза Норбоева (2), Диёра Хабибуллаева (45+1), Камола Рисқиева (71 ўз дарвозасига).

 “Металлург” – АГМК – 3:1

 Голлар: Мохира Жўрабоева (7), Шахризода Зайнитдинова (64), Шоира Қултўраева (69) – Алина Смирнова (49).

 “Қизилқум” – “Пахтакор” 1:1

 Голлар: Барчиной Эшмуродова (74) - Гулмира Девятова (89).

 “Севинч” - “Локомотив” - 6:0

 Голлар: Мафтуна Шоимова (4), Лайло Шодиева (9, 11), Шахноза Қурбонова (65), Рушания Сафина (70), Гулзода Амирова (75).

 Навбатдаги 8-тур ўйинлари 9 октябрга белгиланган.

 

 

 

 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 63

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech