Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Эски ҳаммом, эски тос ёҳуд қишлоқ боласи баскетбол тўпида футбол ўйнамоқда.
29 Oct 2018

Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, олдини олган маъқул. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан шуғулланиш бу борадаги энг ишончли воситадир. Шу боис юртимизда аҳолини, жумладан, ёшларни оммавий спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги  «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бош­қаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламалдир. Бироқ ҳанузгача баъзи жойларда аҳолининг, жумладан, ёшларнинг мунтазам спорт билан шуғулланишига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Қиш­лоқлардаги айрим таълим муассасаларида  уюшмаган ёшлар, маҳаллий аҳоли тугул, ўқувчиларнинг ўзлари учун ҳам истаган спорт тури билан шуғулланишларига шароит йўқ.

— Спортнинг миллий кураш тури билан шуғулланаман, вилоят мусобақаларида ғолибликни қўлга киритганман. Лекин ҳозир шуғулланишимга имкон йўқ, — дейди Хатирчи туманидаги 22-мактаб ўқувчиси Фарҳод Ҳайдаров. — Бунинг учун туман марказидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнашим керак. Айни пайтда олий ўқув юртига ўқишга кириш учун тайёрланаётганим боис, вақтим жуда тиғиз, узоққа боролмаяпман. Қиш-лоғимиздаги мактабда спорт тўгараклари ташкил этилмаган.

Фарҳоднинг фикрини унинг барча қишлоқдош дўстлари тасдиқлашди. Ҳақиқатан ҳам, табиий фанлар чуқурлаштириб ўтиладиган мазкур мактабда спорт соҳаси бирмунча эътибордан четда қолган. Буни мавжуд спорт залига кирганимиздаёқ англадик. Таъмирталаб аҳволдаги спорт залининг поли «қирқ ямоқ»қа айлангани етмагандек, чанг босган шифтни ўргимчак қоплаган. Таълим муассасаси учун зарур 34 турдаги спорт анжомларининг аксарияти йўқ. Кийиниш хонаси ҳам бир аҳволда, ювиниш хонасига эса сув йўқлиги боис қулф урилган. Мактабда маҳалладаги болалар тугул, ўқувчилар учун тўгараклар ташкил этиш имконсиз. Ҳолбуки, бугун таълим муассасалари спорт залларида ён-атроф­даги аҳоли фойдаланиши учун шароит яратилиши лозимлиги таъкидланмоқда.

Тумандаги 46-умумтаълим мактаби  «Зарафшон» маҳалласида жойлашган. У ерга ташриф буюрганимизда атрофи ўралмаган ўйингоҳда футбол ўйнаётган ўқувчиларга кўзимиз тушди. Буни қарангки, улар футбол тўпи йўқлиги боис баскетбол тўпини тепишмоқда. Мактабнинг спорт зали таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Иситиш тизими яхши ишламайди. Бу ерда ҳам сув муаммоси сабаб ювиниш хонасидан мутлақо фойдаланиб бўлмайди. Таълим даргоҳида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби билан ҳамкорликда биргина кураш тўгараги ташкил этилган холос. Аҳолини оммавий спортга жалб этиш учун эса маҳалла билан ҳамкорликда ҳеч қандай чора-тадбир ишлаб чиқилмаган.

Хатирчи туманидаги 38-умумтаълим мактабининг спорт зали ҳам ачинарли аҳволда, «ленолеум»лари йиртилган. Зах синфхоналар, бетон полда оёғидан нам ўтаётган ўқувчининг соғлом улғайи­шига кафолат бормикан?!

Вилоятнинг Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор ва Конимех туманларидаги таълим муассасаларида бўлганимизда ҳам бирорта йиғинда оммавий спортни йўлга қўйишга ҳаракат қилинаётганини кўрмадик. Ваҳоланки, баъзи ҳудудларда бунга шарт-шароит, имконият етарли. Жумладан, Навбаҳор туманидаги 3-умумтаълим мактабида ҳамма инвентарлар билан жиҳозланган ҳайҳотдек спорт зали бўм-бўш турибди. Дарсдан кейин ўқувчиларни ва маҳаллий аҳолини жалб қилиш учун спорт тўгараклари ташкил этилмаган. «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини айнан мазкур мактаб биносида жойлашган бўлиб, фаоллар бу масалага мутлақо эътиборсиз.

Нима учун фуқаролар йиғинлари ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда аҳолини оммавий спортга жалб этиш чораларини кўришмаяпти? Бу саволимизга кўпчиликнинг жавоби бир хил бўлди: ҳозир куз мавсуми, қишлоқ аҳли йиғим-терим ишлари билан банд, спортга вақт йўқ. Майли, катталар мавсумий юмушлар билан банд бўлса бордир. Аммо болалар-чи? Нега мактаб ва коллежларнинг маъмурияти ўқувчилар учун спорт тўгараклари фаолиятини жонлантиришга ҳаракат қилмаяпти? Ҳолбуки, Президентимизнинг юқорида таъкидланган фармонида ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида  ўқувчилар орасидан жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт тури бўйича тренерларни жалб қилган ҳолда ҳафтада 6 соатдан кам бўлмаган, умумий ўрта таълим мактабларида эса ҳафтасига 4 соатдан кам бўлмаган  спорт тўгараклари ва секциялари машғулотларини ташкил этиш белгиланган.  Бу талаб таълим муассасалари мутасаддилари ёдидан кўтарилган ҳолда, улар жойлашган ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам эсидан чиққан ёки улар бундан бутунлай бехабар. Акс ҳолда, маҳаллалар бу борада жилла қурса жамоатчилик назоратини ўрнатишарди. 

Жорий йилнинг 20 сентяб­рида давлатимиз раҳбари то­мо­­ни­дан жисмоний тар­бия ва спорт соҳасини ривожланти­риш масалаларига бағишлаб ўтказилган  йи­ғилиш­да ҳам аҳолини, жумладан, ёшларни оммавий спортга жалб қилишга доир муаммолар ошкор айтилган ва уларни тезкор ҳал этиш лозимлиги таъкидланган эди. Аммо юқорида номи айтилган манзилларда аҳвол ҳамон эски ҳаммом, эски тослигича қолмоқда.

Манба: Холбиби САФАРОВА / Кўришлар: 62

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech