Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси
29 Jun 2018

Оила, оилавий муносабатларни асраш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Жамиятнинг муҳим бўғини, кучли ва барқарор давлат негизи — оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган сиёсатида устувор йўналишлардан бири экани бежиз эмас. Аёнки, мамлакат ҳаётида юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар, ислоҳотларнинг амалий таъсири ва ифодаси оилада яққол намоён бўлади. Оилалардаги тотувлик, фаровонлик, тинчлик, хотиржамлик маҳалла, мамлакат осойишталиги, ҳамжиҳатлигини таъминлайди. Ўз эртаси, тақдири ҳақида қайғурадиган давлат ва жамият борки, оилаларни муҳофаза қилишга, бу борада ташкилий-ҳуқуқий, институционал асосларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июнь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808 қарори айни шу мазмундаги муҳим аҳамиятли ишларни амалга оширишга қаратилган ҳужжат саналади.

Мазкур қарор жорий йилнинг 2 февраль куни имзоланган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармоннинг мантиқий давоми бўлиб, мақсад ва вазифаларига кўра кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган.

Оила институтини мустаҳкамлашга оида концепциядан келиб чиқиб, оилалар муситаҳкамлигига масъул бўлган барча ҳамкор ташкилотлар ўзаро ҳамжиҳатликда қуйидаги мавжуд муаммоларга ечим топамиз, деб ўйлаймиз. Жумладан,

Маълумки, оилалар мустаҳкамлиги учун зарур бўлган омиллар жуда кўп бўлиб, шулардан бири айнан оилалар билан ишлашга масъул бўлган мутахассислар, жумладан, оила психологларининг етишмаслиги, мавжудларининг ҳам салоҳияти бугунги кун оилалари билан, ёшлар билан ишлаш учун етарли салоҳиятга эга эмаслигидир. Шу боис олий таълим муассасаларида “Оила психологи” мутахассисларини тайёрлайдиган алоҳида факультетлар ёки мутахассисликлар очилиши зарур.

Биз оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, муаммоли вазиятларни бартараф этишга қаратилган ишларни қиламиз, аммо айни мавзуларда мунтазам ва тизимли илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилиши йўлга қўйилмаган эди.

                 Маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, нотинч, ноқобил, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган аъзоси бўлган оилалар билан индивидуал тарзда иш олиб бориш механизмлари мавжуд эмас. Эндиликда эса ҳамкор ташкилотлар томонидан айни йўналишда самарали механизмлар ишлаб чиқилади ва амалга жорий этилади.

                 Маҳаллаларда турли тоифадаги оилалар, фуқаролар ҳақида доимий янгиланиб борувчи мониторинг олиб борилмайди. Оилалар билан ишлайдиган ташкилотлар ўз-ўзича иш олиб боради. Бу эса кутилмаган ҳолатлар юзага келишига, яхши оилаларда ҳам кутилмаганда ажрим ҳолатлари юзага келишига сабаб бўлмоқда. 2018 йилдаги 5 ойдаги оилавий ажримлар характери ўрганилганда, 18-21 фоизи яхши яшайдиган оилалар ҳисобига тўғри келгани фикримизнинг тасдиғидир.

                 Шу кунга қадар мавжуд бўлмаган - жиноятчилик ошган маҳаллалар фаолиятини ўрганиш, жиноят содир этилишига имкон берган сабаб, шарт-шароитларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тегишли тартибда муҳокама этиш тизими ҳам йўлга қўйилади.

          Шунингдек, Концепциянинг жорий этилиши билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни эҳтиёжмандлик даражасидан чиқариш бўйича ҳам мақсадли ҳамкорлик тизими яратилади.

          Маҳаллаларда мавжуд комиссиялар ҳамда айрим жамоатчилик тузилмаларини оптималлаштириш ёки ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳам зарурий масалалалардандир. Хусусан, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги Яраштириш комиссияси ва “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмасининг ҳамкорлик механизми ўрнатилмаган. Натижада бу тузилмалар ўзаро келишувсиз, мустақил ишлайди, сансалорлик ҳолати юзага келади. Оилавий муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишларда фуқаролар қайси тузилмага мурожаат қилишни билмайди.

    Фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси машғулотлари маҳаллада ота-оналар билан доимий иш олиб бориш, уларнинг фарзанд тарбияси борасидаги билимларини оширишнинг асосий шакли ҳисобланади. Мазкур тузилма 2012 йилдан бошлаб тегишли ҳамкорларнинг Қўшма қарор асосида тасдиқланган Низом асосида фаолият кўрсатиб келяпти.

                 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ги 621-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур тузилманинг ҳуқуқий мақомини ошириш, шу орқали ота-оналарнинг ўзида оила олдида масъуллик ва жавобгарлик туйғуларини ошириш, унда таълим муассасалари ва юқорида номлари қайд этилган вазирлик ҳамда идоралар иштирокининг қатъий белгиланиши оилавий ажримларнинг олдини олишда муҳим омил бўла олади.

       Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида эр-хотиннинг ҳуқуқлари келтирилган, аммо улар олдидаги мажбуриятлар баён қилинмаган. Унинг қабул қилинган муддати ҳисобга олинса, моҳиятан эскирган. Шу боис мазкур ҳужжат қайта таҳрир қилиниб, унга эр-хотиннинг бир-бирига, болаларига ва жамиятга нисбатан мажбуриятлари ҳақида бандлар киритиш мақсадга мувофиқдир. Мажбуриятлар аниқ кўрсатилмаганлиги туфайли эр ёки хотиннинг оила, фарзандлар олдида жавобгарликни ҳис этмасдан, турли оилавий можаролар, оилавий ажримлар юзага келмоқда.

                 Шунингдек, Оила кодексида тўйдан олдин келин ва куёвнинг тиббий кўрикдан ўтиши белгилаб қўйилган. Тиббий кўрик тўйдан бир оз муддат олдин ўтказилади, бу эса жиддий касал аниқланган тақдирда ҳам миллий қарашларимиздан келиб чиқиб, тўй тўхтатилмайди, бу эса муваффақиятсиз никоҳга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам тиббий кўрикни тўй амалиёти бошланишининг дастлабки босқичида амалга ошириш ҳақида тегишли ҳуқуқий асос келтирилиб, Кодекс таҳрир этилиши фойдадан холи бўлмайди.

Оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган жуда кўп ишлар амалга ошириляпти, аммо ажрим кўрсаткичлари камаймаётгани ҳеч кимга сир эмас. Оилалардаги низоларнинг юзаки кўриб чиқилиши, якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилмаслиги, оилавий жанжалларни аниқлашдаги сусткашликлар, профилактик чоралар қўлланмаслиги, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш учун кираётган мутасаддиларда муаммоли оилалар билан ишлаш бўйича кўникма, билим ва малаканинг етарли даражада эмаслиги, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, уларнинг аҳволи ва руҳиятидан хабардор бўлиш манзилли йўлга қўйилмаганлиги, қўшнилар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат муҳитининг йўқлиги ҳам ушбу нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Энг муҳими, ушбу ишларда ҳамкорлик йўлга қўйилиши энг зарурий вазифаларимиздандир.

Шунингдек, тўй ва турли маросимларни ихчамлаштириш ҳақида кўп гапирамиз, муҳокама қиламиз, аммо амалий ишга ўтмаяпмиз. Аксинча, тўйларимизга янгидан янги одатлар, ноодатий расм-русумлар кириб келиб, сарф-харажатлар ҳажми кенгайиб боряпти, бу эса оилалардаги соғлом муҳит бузилишига, ҳатто оилавий ажримларга сабаб бўляпти.

Мамлакат тараққиётига туғаноқ бўлувчи, миллатни чалғитувчи бундай бемаъни урф-одатларга чек қўймас эканмиз, бугун ижтимоий ҳаётимиздаги глобал муаммолар - оилаларнинг емирилиши, гўдакларнинг етим қолиши, қўлида норасида болалари билан ота уйига сиғмай, кўчада қолган муштипар аёллар, турли даражадаги нотинчликлар, жиноятчилик, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш каби иллатлардан қочиб қутула олмаймиз. 

Маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг 1 августдан
25 августига қадар “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” мавзусида оилаларни мустаҳкамлаш ойлигини ўтказишни белгилаб олди. Айни шу ойлик доирасида “Ҳаловат қўрғонимизни асрайлик” мавзусида 1 кунлик телемарафон ўтказиш ҳам режалаштирилди.

Бундан ташқари, туман (шаҳар)лар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар қошида яраштириш комиссияларини шакллантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда.

“Оилани мустаҳкамлаш ва вояга етаётган авлод тарбиясида ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусидаги халқаро конференцияни“Оилани мустаҳкамлаш ва вояга етаётган авлод тарбиясида ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ишларига тайёргарлик бошлаб юборилди.

Манба: Саодат Боймирзаева Маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши диний-маърифий ишлар бўлими бошлиғи / Кўришлар: 31

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech