Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовнинг маҳалла тизими ходимларига байрам табриги
21 Mar 2020

Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари,

Аввало, Сиз азизларни мамлакатимиз бўйлаб илк бор ўтказилаётган тарихий байрам — “22 март — маҳалла тизими ходимлари куни” ҳамда юртимизга ўзининг бетакрор гўзаллиги билан кириб келган баҳор айёмларидан бири — Наврўз байрами билан самимий табриклайман.

Барчамизга маълумки, бизнинг илк ҳаётий тасаввурларимиз оиладан, маҳалладан бошланади. Маҳаллада онгу шууримиз, дунёқарашимиз, эътиқод ва тафаккуримиз шаклланади. Ундаги ҳар бир оила, қўни-қўшниларимиз мисолида юрт тупроғининг муқаддаслигини, ота ва онамиздек азиз бўлиб қолган маҳалладошларимиз иссиқ меҳри ва қайноқ қалбини ҳис қиламиз, доимо уларга интиламиз.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан жамиятимизнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, унинг роли ва аҳамиятини ошириш мақсадида яқинда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, мен ўйлайманки, маҳалла тизимига оид жуда катта тарихий воқеа бўлди. Ўз елкасига хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, маҳалла институтининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби ўта зарур вазифаларни олган бу тузилма ишонамизки, халқимиз ишончини, албатта, оқлайди.

Маҳалла чинакам маънода халқ идораси, аҳоли мурожаатлари ва ташаббусларини дастлаб тинглайдиган, уларга зарур ёрдам кўрсатадиган, давлатнинг бу борадаги ҳар томонлама иштирокини ташкил этиб берадиган ижтимоий тузилмадир.

Мазкур кенг масштабли вазифалар ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, юртдошларимизни ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашлари, зарур пайтда фуқаролар йиғинларининг ёрдамига суяна олишлари учун бугун биздан янада фидойилик, янада жонбозлик талаб этилади. Шуни унутмайликки, халқимизнинг ишончи ва розилиги биз учун доимо муҳим ва қадрлидир.

Ҳурматли тизим фидойилари,

Сизларнинг катта кўмагингиз ва саъй-ҳаракатларингиз билан биз ўтган вақт давомида уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича катта тажриба тўпладик. Эндиги вазифамиз эса халқ билан янада яқин бўлиб, мулоқотлар олиб бориш натижасида бу тажрибани бойитишдан иборат.

Аҳоли ўз муаммоси билан аввало қаерга мурожаат қилади? Албатта, маҳаллага. У маҳаллани ўзининг асосий суянчиғи деб билади. Бу тушунчани ҳар бир юртдошимизда тўла шакллантириш учун сизлардан катта масъулият ва ҳаракат, миллионлаб юртдошларимиз ҳаётини яхшилаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган барча ҳаракатларимиз бошида туришингиз талаб қилинади. Сабаби, шу ҳудудда яшовчи аҳолини қийнаётган муаммоларни, унинг талаб ва эҳтиёжларини маҳалладан кўра яхши биладиган тузилма йўқ. Шу боисдан олис қишлоқларимизда яшовчи юртдошларимиз, ёшлар муаммоларини бартараф этиш, уларнинг турмуш даражасини ошириш йўлида олиб бораётган беминнат хизматларингиз биз учун доимо қадрлидир.

Бугунги кунда хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ҳамда уларга зарур ижтимоий кўмак бериш борасида олиб борилаётган изчил ҳаракатларимизнинг бош мақсади, албатта, оилада хотиржамлик ва тотувликни таъминлашдир. Оила тинч бўлса, маҳалла тинч, маҳалланинг осойишталиги эса ўз-ўзидан давлатимиз тинчлигига асос бўлади. Маҳалла ва оила, бу — ягона ижтимоий институт эканлигини, уларни бир биридан айри тасаввур этиб бўлмаслигини бугун барчамиз тўла англаб турибмиз. Биз уларга ўз вақтида керакли кўмакни бера олсак, маҳалла ва оилалардаги мавжуд муаммоларга ўз вақтида ечим топиб, тизимли равишда ҳал этсак, мен ўйлайманки, бизни хавотирга солаётган ижтимоий ва маиший муаммоларнинг асосига етган бўламиз.

Бугун шиддат билан ўзгараётган замонда ёшларимизни ҳар қандай маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларни ота-боболаримиздан мерос қолган анъана ва қадриятлар асосида тарбиялаш энг катта вазифаларимиздан биридир. Бу борада маҳалланинг ўрнини ошириш, кексалар ва фахрийларимиз, нуроний онахонларимизнинг ҳаётий тажрибаларидан имкон қадар кенг фойдаланишимиз зарур. Маҳалла тарбия маскани бўлиш бирга, унинг амалий намуналарини ўзида жамлаган муқаддас гўшадир. Халқимиз орасидаги “бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолнинг таг замирида ҳам ана шу сўзларимизнинг тарихий исботи турибди.

Ҳурматли тизим вакиллари, маҳалла раислари,

Маълумки, сўнгги кунларда халқимиз жуда катта синовни бошидан ўтказмоқда. Мамлакатимизда короновирус пандемияси тарқалиб кетишининг олдини олиш, аҳолининг ваҳимага тушмасдан, янада якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан бирлашишини таъминлашда бизнинг ўрнимиз, масъулиятиз алоҳида.

Ҳар бир фуқаро билан ота бўлиб, она бўлиб, ака-ука бўлиб, опа-сингил бўлиб гаплашайлик. Мамлакатдаги бугунги вазият, ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа давлатимиз ва ҳукуматимиз, энг муҳими – Муҳтарам Президентимиз назоратида эканини тушунтирайлик.

Айтишимиз лозимки, босиқлик, етти ўлчаб бир кесиш каби халқимизга хос бўлган хислатлар ҳамда мавжуд тўсиқларни ҳамжиҳат бўлиб енгиш кўникмаси, кенг жамоатчиликнинг бу борадаги алоҳида таъсири натижасида коронавирус билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларни биргаликда ҳал этишга имкониятимиз етарли. Фақатгина олиб борилаётган чоралар ва тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсия ва маслаҳатларга риоя қилишимиз, ўзимизни ҳамда яқинларимизни ҳар дақиқа эҳтиёт қилиш бўйича шахсий масъулиятимизни оширишимиз зарур.

Қадрли маҳалла раислари ва фаоллар,

Ҳаммангизга яхши маълум - барча ўтган жамиятлар тарихида, қийин ҳолатлар, синовли кунларда аҳолининг бошини қовуштириш, уларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш, тўғри йўлга йўналтиришда илғор фикрли, халқни ўз ортидан эргаштира оладиган фидойиларга – яъни маҳалла оқсоқолларига, “Оқсоқоллар кенгаши”га таянилган.

Бугун Сиз – халқ хизматчиларидан ҳам худди шу фидойилик кутилмоқда. Сиз обрўли, пиру бадавлат, бой касбий ва ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ҳожи ота, ҳожи оналар, кайвони инсонлар кўмагида аҳолига шифокорлар тавсияларига қатъий амал қилишни тушунтиринг. Бозорлар, йирик савдо расталари ва мажмуаларида навбатлар кўпайиши, нарх-навонинг ошишига қарши Жамоатчилик назоратини ўрнатинг.

Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади!”

Зиммангиздаги вазифаларни ҳалол ва виждонан бажариб, Сизга билдирилган ишончни оқлаш учун бор куч ҳамда имкониятингизни сафарбар этишингизга ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, республикамиздаги барча маҳалла тизими ходимлари ва ҳамкасбларимизни “22 март — маҳалла тизими ходимлари куни” билан яна бир бор чин юракдан табриклайман. Юртдошларимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизда омад, оилаларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз маҳалла тизими ходимлари. 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 93

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech