Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ёшлар оила илмини қаерда ўрганади?
29 Jun 2018

Қарийб ҳар куни турли ташкилотлардан оила, ёшлар тарбиясига дахлдор мавзуларда таклиф сўрашади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сон қарори (барча иловалари билан) ўрганилди. Умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режасида ҳафталик 267 соатдан 4 соати “Одобнома” фанига ажратилган. Академик лицейлар ўқув режасидаги жами 1960 соатдан 30 соати 3-босқичда ўтиладиган “Оила психологияси” фанига ажратилган. Касб-ҳунар коллежларида ҳам худди шундай - ўқув режасидаги 1960 соатдан фақат 30 соати “Оила психологияси” фанига ажратилган бўлиб, мазкур соатлар жуда қисқа - болаларда оила, оила муҳити, оила муносабатлари, бола тарбияси каби муҳим мавзулар бўйича назарий билим, амалий кўникма беришга мўлжалланмаган.

Мазкур ДТСда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида «Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» ўқув фанига “Ҳаёт ва турмуш одоби (Оилашунослик)” бўлими киритилган. Унда мавзулар тадрижийлиги, мавзувий ва мантиқий боғлиқликлар инобатга олинмаган. Шунингдек, “Оилашунослик” йўналишининг бу фан таркибида бўлиши ҳам моҳиятан нотўғри бўлиб, мавзунинг долзарблигини, ижтимоий аҳамиятини пасайтиради.  

Академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежлари учун “Оила психологияси” ўқув фани мақсад ва вазифалари кўпроқ умумий мазмунда, илмий ёндашувлар устувор, ўқувчиларни оилага тайёрлаш, оила шакллангандан сўнг юзага келадиган масъулият ва жавобгарликлар, ўзаро муносабатлар бўйича мўлжалланган йўналишлар кам.

Аслида умумтаълим мактабларининг 8-9 синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-,2-,3-курсларида оила, оилага тайёрлашга қаратилган ўқув фанлари киритилиши керак. Шунингдек, амалдаги оила психологиясига оид дарсликлар, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Улардаги ёндашувлар ўта илмий бўлиб, ижтимоий, амалий ҳаётдан жуда йироқ. Айрим мавзулар эса ғарб ва рус оилашунослиги таъсирида ёзилганидан, миллий менталитетимизга мувофиқ келмайдиган қарашлардан холи эмас.

Хулоса: Таълим муассасаларида ёшларни оилага тайёрлашга қаратилган ишлар қониқарли эмас. Ёшлар оилага тегишли билимларни қаердан, қайси манбалардан олади? Оила, таълим муассасасидан олмаган билимларни интернет ва турли бошқа манбалардан излайди, натижада турли қарашлар, маданиятлар таъсирида ёзилган манбалар билан танишади, оилага миллий қадрият сифатида қараш кўникмасига эга бўлмайди.

    Ваҳоланки, айнан таълим муассасаларида оилага тайёрлашга қаратилган ўқув курслари ёшларда оила масъулияти, унга жавобгарлик туйғуларини шакллантириши, уларга оила механизмини тўлақонли ва мукаммал бўлиши учун зарурий билим ҳамда кўникмалар бериши зарур. Жумладан, қайнона ва келин муносабати; эр-хотинлик муносабати; ота-она ва фарзандлар муносабати; отанинг мажбуриятлари; келиннинг мажбуриятлари; фарзандлар ва улар ўртасидаги ўзаро муносабат; қариндошлик, ошна-оғайничилик муносабатлари; оила қадриятлари; оилани бошқариш услуби кабилар.

Таклиф: Жамият тараққиётининг бугунги ҳолати ҳозирги замон оиласи олдига ўзига хос янги ижтимоий функцияларни ҳам юклайди, буларнинг барчаси ёшларни оилавий ҳаётга махсус тайёрлаш масаласини энг долзарб масалалардан бири бўлишини тақозо этмоқда.

Ўқув фанлари, улар учун ажратиладиган соатлар, мавзулар қайта кўриб чиқилиши, дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмаларнинг янги авлоди яратилиши шарт.

Шунингдек, ёшларни оилага тайёрлаш дастурларига никоҳ ва оилага оид қонунчилик масалалари, оила ҳуқуқининг аҳамиятга молик йўриқномаларини, келин-куёвларнинг бир-бирига, болаларига ва жамиятга нисбатан мажбуриятлари ҳақида ҳуқуқий ахборотни киритиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

 

Манба: Саодат Боймирзаева Маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши диний-маърифий ишлар бўлими бошлиғи / Кўришлар: 330

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech