Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Яна тўйлар ҳақида
29 Oct 2018

Ирода билан Ўткиржоннинг тўйи ихчам, ортиқча дабдабаларсиз, файзли ўтди. Тўғриси, мен уларнинг никоҳ оқшомига 400-500 одам гурра-гурра тўйхонага келади, роса қарс-бадабанг тўй бўлади, деб ўйлаган эдим. Негаки, ёшлигига қарамай, тиниб-тинчимас Ирода туристик фирмада раҳбар, куёвимиз Ўткиржон ҳам йирик қурилиш компаниясида менежер бўлиб ишлайди.

Инсоннинг маънавияти, асл қиёфаси, эътиқодига айланган қадриятлари шундай тадбирларда ҳам билинар экан-да, деган ўй хаёлимдан ўтди. Тўй мақтанчоқлик, манманлик, кибр-ҳаво, эл ичра сохта обрў орттириш тадбири эмаслигини аксарият юртдошларимиз англагани рост бўлсин! 

– Ўтган вақт мобайнида тўйларимиз анча тартибга келиб қолди, –дейди Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзурахон Валиева. – Тўйлардаги ортиқча сарф-харажатлар, исрофгарчилик, тоғора ўйинларию келин билан куёвнинг вальсга тушиши, керак-нокерак сарпо-суруқ, тўққиз-тўққиз тадбирлар анча барҳам топди. Бунда оилалар билан ишлаш борасидаги ишлар, айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари яхши натижа берди. Тўғри, баъзан босар-тусарини билмай дабдабали тўй қилиш орзусидаги маҳалладошлар ҳам топилади. Уларга тўйдан аввал ноғорани бакабанг чалиб, сўнгра ажралиш арафасига келиб қолган оилаларнинг аччиқ тажрибасини мисол тарзида кўрсатганимизда кўзлари мошдек очилади. Ахир сен-менга борган қудалар, "бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин", қабилида иш тутаётган келинларни, "сен бўлмасанг, бошқаси" деб ўзгалар йўлига кўз тутган куёвларни муросага келтиришнинг ўзи бўлмайди-ку. 

Авваллари серҳашам тўй қилиш бўйича оилалар, айниқса, аёллар бир-бири билан гўё мусобақа ўтказган бўлса, эндиликда тўйларни тартибли, файзли, ихчам ўтказишда, ибратли тўйлар тарғиботини кучайтиришда маҳалла фаоллик кўрсатмоқда. 

– Дабдабали тўйларга маҳалла фаолларининг қўл қовуштириб томошабин бўлиб туришининг вақти аллақачон ўтган, – дейди Олмазор туманидаги "Юқори Бешқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳайдарали Ҳакимжонов. – Тўй қилиш арафасидаги хонадонларнинг катталари билан самимий суҳбат ўтказилаяпти. Шунингдек, оила қуриш истагидаги бўлғуси келин-куёвларга ҳам яраштириш комиссияларининг вакиллари томонидан зарур тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда. Моддий имконияти ҳаддан зиёд бўлганларни тартибга чақириш билан бирга ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг тўйларини рисоладагидек ўтказишга яқиндан амалий кўмаклашиляпти. 

– Тўйларни меъёрида ўтказишга доир тушунтириш ишларига яраштириш комиссияларининг вакиллари бежиз жалб этилмаган, – дейди ушбу маҳалла Яраштириш комиссияси раиси Манзура Усмонова. – Кўпинча хонадондаги арзимас майда-чуйда гаплар, оиланинг дарз кетиши дебочаси тўй харажатлари, келиннинг ота-онаси ҳаддан ортиқ сарпо-суруқ қилиши ортидаги миннат ёки қайноналарнинг келинига нисбатан "келтирган мебель ва анжомларинг, тоғораларинг роса арзон-гаров экан" қабилидаги иддаолардан бошланади. Шунинг учун ҳамма тўй харажатларини меъёрида, қудалар билан келишиб амалга оширса, ортиқча гап-сўзларга асос қолмайди. Тўйларни ихчам тарзда ўтказиш бўйича олиб борилган тушунтириш ишлари самарасида олтмишдан ортиқ аёл учун келин саломлар, чарлар, қуда чақириқлар барҳам топди. Ахир бу ҳам яхши натижа-ку!

Тўйлар тўйларга уланмоқда. Энди уларда келин-куёвнинг вальс тушиши, "пул сочиш", "торт кесиш", санъаткорларга "қистир-қистир", оналарни мадҳ этиш баҳонасида чўнтак қаппайтириш, "автокортежлар паради" ва яна қанчадан-қанча "удум"ларни учратмайсиз. Меъёрида тўй қилса бўлар экан-ку!

Манба: А.Умарова, Республика кенгаши Ахборот хизмати / Кўришлар: 82

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech