Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ҳушёр турилса, олов ҳам чекинади
8 Nov 2018

Жамият равнақи ва тараққиётига хизмат қиладиган ҳар қандай ташаббусга бевосита жамоатчилик масъул экани ҳақиқат. Шунингдек, эл-юрт фаровонлигига тўғаноқ бўладиган кўнгилсиз, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳам ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шундай экан, қишлоқ ва маҳаллаларда рўй бераётган ёнғинларга фақат талафот кўрган шахс эмас, барчамиз бирдай дахлдорлигимизни англаб етишимиз лозим.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш бўйича мунтазам тарғибот ишлари амалга ошириб келиняпти. Хусусан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамда туман ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳамкорлигида илғор тажрибалар тўпланган.

Тумандаги 64 та маҳалланинг профилактика инспекторлари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари, ёнғин хавфсизлиги бўлими, туман суғурта агентлиги ҳамда фаоллардан иборат гуруҳ тузилиб, барча маҳаллалар, 53 та умумтаълим мактаби, 30 та мактабгача таълим муассасаси, 1,5 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектларнинг куз-қиш мавсумига ҳозирлиги кўздан кечирилди. Ана шу жараёнда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини суғурта қилиш бўйича акция ҳам ўтказилди.

— Ёнғинларнинг аксарияти ноқонуний қурилмалар ёхуд иситиш мосламаларидаги носозликлардан юзага келади, — дейди туман ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи, подполковник Ўктамжон Усмонов. — Шу боис совуқ кунлардан олдин бундай текширув тадбирлари ўтказилгани кўпгина муаммоли ҳолатларни бартараф этишда қўл келди. Суҳбатлар орқали электр жиҳозларини монтаж қилиш, носоз электр ўчиргич, очиқ сим ва кабеллар, маиший техникалар, бир вақтнинг ўзида юқори қувватли бир нечта электр асбобларидан фойдаланиш ҳолатлари ўрганилиб, том ва ертўлаларда тез аланга олувчи қуруқ ўтинлар сақламаслик, суюлтирилган газ баллонларини яшаш хоналарига олиб кирмаслик тўғрисида тавсиялар берилди. Юзма-юз мулоқотларда аниқланган муаммолар бартараф этилмоқда.

Дарҳақиқат, олиб борилаётган профилактика ишлари кутилган самараларни бераётир. Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ёнғин чиқиш ҳолатлари 4 тага камайди. Тумандаги корхона ва ташкилотларда биронта нохуш ҳолат юз бермади. Аҳоли хонадонларида чиққан ёнғиннинг 12 таси электр асбоблари носозлиги, 11 таси эҳтиётсизлик, 3 таси иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, 2 таси болаларнинг назоратсиз қолдирилгани сабабли содир бўлгани боис тарғибот тадбирларида мана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хулосаларга кўра, тумандаги «Намуна», «Бойчеки», «Бирлашган» ҳамда Алишер Навоий номли маҳаллалар ёнғинлар кўрсаткичларида пешқадам. Назорат гуруҳи ана шу маҳаллалар вакиллари иштирокида қўшимча йиғилиш ўтказди. Ўйлаймизки, бундай тарғибот ўз самарасини бериб, «тилсиз ёв»нинг аянчли оқибатларига йўл қўйилмайди.

Манба: Абдумутал Абдуллаев / Кўришлар: 21

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech