Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ташаббус кўрсатилмаса, билим ва тажриба орттирилмаса, муваффақиятга эришиб бўлмайди
26 Jan 2018

Бугун юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар йиғинлари берилган ваколатлардан тўлиқ фойдалана оляптими? Аҳолини ўйлантираётган масалалар маҳаллада қай даражада ечим топмоқда? Маҳалла раислари билдирилган ишончни қанчалик оқламоқда?

Қарши шаҳрида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари учун ташкил этилган ўқув-семинарда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда аҳоли билан ишлашда маҳалла фаоллари олдида турган долзарб вазифалар, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганишнинг ўзига хос жиҳатлари, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

— Ўқув жараёни замонавий шакл ва усуллардан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Қашқадарё вилояти ўқув муассасаси раҳбари Фарҳод Омонов. — Фуқаролар йиғинлари ходимларининг касб ва бошқарув малакаси оширилиши билан бирга, тизим мутасаддиларига замон талаблари асосида фаолият юритишга оид услубий ёрдам ҳам кўрсатилди. Машғулотларда ижтимоий шериклик, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, миллий қадриятларни тарғиб этиш, оилавий тадбиркорлик, ёшларни касбга йўналтириш, бандлик, ижтимоий ҳимоя сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

Қайд этиш керак, йиғинларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, барча маҳаллаларда ҳам жиноятчиликка барҳам бериш бўйича жамоатчилик назорати тўлиқ йўлга қўйилмаган. Маҳалла ходимлари, айниқса, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари ҳалигача масъулиятни ўз зиммасига олишда ташаббус кўрсата олмаётгани ҳам ҳақиқат. Семинарда бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари фаолиятини кучайтириш бўйича ҳам зарур тавсиялар берилди.

Кузатамиз: барча фаол, ўз фикрини баён қилишга, билмаганини ўрганишга ошиқади. «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!» деган эзгу ғоя ҳақида сўз борар экан, жиноятлар ўз-ўзидан содир этилмаслиги, уларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки жиноятнинг барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. 2017 йилда аҳоли ўртасида бирорта жиноят ва ҳуқуқбузарлик қайд этилмаган Шаҳрисабз туманидаги «Янгибоғ» маҳалласининг тажрибаси қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Икки ёки уч кишининг саъй-ҳаракати билан маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш осонмас, — дейди «Янгибоғ» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари Фахриддин Алланазаров. — Бунга эришиш учун маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори ҳамкорлигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Қолаверса, маҳалладаги жамоатчилик тузилмаларининг изчил саъй-ҳаракатлари, нотинч оилалар билан доимий суҳбатлар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш машғулотлари ҳам муҳим омил бўлди. Семинар давомида англадимки, ҳали ишларимиз талайгина.

— Кўп йиллардан буён маҳалла тизимида фаолият юритаётган бўлсам-да, соҳага оид билимларимни амалий ва назарий жиҳатдан мустаҳкамлашга эҳтиёж сезардим, — дейди Қамаши туманидаги «Элобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайфиддин Худоёров. — Бир ҳафталик семинар фаолиятимизда ҳар жиҳатдан асқатади. Йиғин фаолиятига доир ҳужжатлар билан ишлаш баробарида, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, бунда ижтимоий шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўл-йўриқлари бизни қизиқтириб, мунозарага чорлади.

Маълумотларга кўра, бугунгача анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур ўқув курсларида вилоят миқёсида 3 минг 655 нафар йиғин фаоли малака оширган бўлса, уларнинг 92 нафари (2017 йилда 44 нафар) якуний синов имтиҳонидан ўта олмаган.

Ҳақли савол туғилади: ўз ишига лоқайд, зиммасидаги масъулиятга эътиборсиз маҳалла раислари бу номга қанчалик муносиб? Аслида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ана шу даргоҳнинг боши, унда кечаётган барча янгиликлардан бохабар, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда жавобгар шахс эмасми?

— Намунали сертификатга эга бўлолмаган тингловчилар билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари иш олиб бориши керак, — дейди Фарҳод Омонов. — Жойларда бунга жиддий эътибор қаратилса,  маҳаллалар иши янада жонланади.

Умуман олганда, мазкур ўқувлар йиғин фаоллари билим ва малакаси, масъулиятини ошириб, тизимдаги ишларни такомиллаштириш имконини  бермоқда.

Манба: Шоҳиста БОЗОРОВА «Mahalla» / Кўришлар: 163

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech