Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Синовларни босиқлик ва ҳамжиҳатлик билан енгган буюк халқ авлодларимиз
18 Mar 2020

Сурхондарё вилоятида ҳам мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус ва олий таълим муассасалари фаолияти карантин туфайли вақтинча тўхтатилди.

Халқимиз мамлакатимизда коронавирус тарқаб кетишининг олдини олиш ва пандемиядан асралишнинг зарур ҳимоя чоралари кўрилганини тўғри тушунган ҳолда ўзаро ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби фазилатларни намоён этиб, улуғ ниятда келажакка ишонч билан яшамоқда. Жумладан, воҳадаги барча ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, ташкилот, идора, бозор, умумий овқатланиш ва савдо мажмуалари эмин-эркин ишламоқда. Қурилиш иншоотлари ва жамоат транспортида барча ишлар бир зайлда давом этаётир.

Бозор, дорихона ва бошқа савдо нуқталарида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетишининг олдини олиш бўйича вилоятда ташкил этилган ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда.

Вилоятда аҳолининг ортиқча саросимага тушмаслиги, ваҳимага солувчи миш-мишлар тарқамаслигининг олдини олиш учун илк кунданоқ шифокорлар, маҳаллалар оқсоқоллари ва бошқа фаоллар жалб этилиб, жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди. Ун, ёғ, шакар ва бошқа кундалик эҳтиёж ҳамда ҳаётий зарурат баланд бўлган бошқа маҳсулотларнинг етарли захираси мавжудлиги тушунтирилди.

Бутун жаҳонни жиддий ташвишга солаётган вирусдан халқимизни беталафот олиб чиқишга қаратилган фавқулодда ҳолат одамларимизнинг баҳамжиҳат ва бир-бирига елкадош эканини намоён этмоқда. Мана, кеча бир гуруҳ йигитлар пойтахтдан қайтмоқчи бўлаётган хотин-қизлар ва талабаларни вилоятга бепул олиб келиш учун ўз ташаббуслари билан Тошкентга йўл олгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда телефон рақамлари ҳам эълон қилинди. Яна бир киракаш йигит телеграмм каналлар орқали Термиздан Сирдарёга кетувчи талабалар бўлса, бепул манзилига етказиб қўйиш истагида эканини айтди. Бугун бу ташаббус бошқа вилоятлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганини эшитаяпмиз. Ангор туманидаги “Нигина” хусусий корхонаси ўзига тегишли дорихонада тиббий ниқобни ишлаб чиқарувчидан олган нархида устама қўймасдан сотиш ташаббуси билан чиқди. Тадбиркор бунинг учун кетган харажатни дорихона ҳисобидан қопламоқда.

Вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасаддилар бундай саховатпеша, қўли очиқ инсонлару, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, сотаётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматлари нархини оширишни хаёл қилган “тадбиркор”ларни бу ҳаракатдан тийилишга чақирмоқда. Буларнинг барчаси халқимизга хос азалий юксак фазилатларимизнинг, бошга синов тушганда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, тиргак бўлишдек эзгу ишнинг, қолаверса, кейинги йилларда ҳудудларда шаклланган таъсирчан жамоатчилик фикрининг амалдаги ифодасидир.

Вилоятдаги барча маҳаллаларда тинч, осуда ҳаёт давом этмоқда. Шукрлар бўлсинки, халқимиз аҳил ва меҳнаткаш. Тўкин турмушидан рози бўлиб, кўкламни яхши кайфият билан қарши олган томорқа ер эгалари шу кунларда баҳорги юмушларни қизғин олиб бормоқда. Хусусан, мавжуд 720 маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолига 49,9 минг гектар ер майдони томорқа учун ажратиб берилган. Эртанги кунга ишонч билан яшаётган томорқа ер эгалари 26,5 минг гектар ерга эртаги, 19,3 минг гектарга ўртаки экинлар экмоқда. 22,5 минг гектар майдонда жорий йил ҳосили учун тўқсонбости экинлари етиштириш режалаштирилган. Ҳадемай, аҳоли томорқасида парваришланаётган зироатлар пишиб, етилади. Томорқалардан 345,9 минг тонна сабзавот, 60 минг тонна полиз, 105,8 минг тонна картошка, 3,8 минг тонна дуккакли 1,1 минг тонна мойли, 34.9 минг тонна бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари йиғиб олинади. Ўтган йили вилоятдаги 242 маҳаллада табиий иқлими ва ер шароитидан келиб чиқиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, картошка парваришлаш, кўчат етиштириш, иссиқхона қуриш жорий этилган эди. Бу тажриба ўз самарасини берди. Бу йил яна 291 маҳаллада шу тизим қўлланилмоқда.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Термиз шаҳри ва барча туман марказларида ярмарка савдолари ташкил этилиб, 30 га яқин турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдоси йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, байрам кунлари воҳа аҳолиси эҳтиёжидан ортиқ гўшт маҳсулотлари билан пойтахтимиздаги "Миробод деҳқон бозори"ни узлуксиз таъминлаб туриш чоралари кўрилмоқда.

Мавриди келганда шуни айтиш керакки, воҳада озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келинмайди. Буни халқимиз ҳам теран англаб турибди. Бозорларда нарх-наво барқарор бўлиб, турнақатор навбатлар йўқ. Дўконларда расталар турли эҳтиёж моллари билан тўла. Ҳар ким эҳтиёжига яраша маҳсулот харид қилаётганини кузатиш мумкин.

Ҳа, биз асрлар давомида барча қийинчиликларни босиқлик ва ҳамжиҳатлик билан ортиқча саросималарсиз енгиб ўтган аҳил, улуғ халқ авлодларимиз. Бугун дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Жойларда вирус тарқалишининг олдини олиш ва ҳар бир оиланинг осуда, тўкин турмушини таъминлашда маҳалла институти фаол иштирок этаётгани аҳамиятлидир. 

Абдусалом ХЎЖАҚУЛОВ,

Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи

Манба: ЎзА / Кўришлар: 23

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech