Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Республика кенгаши бошқарувининг 2017 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
29 Dec 2017

САРҲИСОБ

Бугун ҳеч бир вазифага бефарқ қараб бўлмайди,

эртанги юмушлар кечагидан муҳимроқ

Пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқарувининг 2017 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Маҳалла ободлиги, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, йил аввалида ишлаб чиқилган дастур ва режаларда белгиланган устувор йўналишлар ижросини сифатли ҳамда изчил таъминлашга эътибор қаратиш бугунги кунда ҳар бир мутасадди олдида турган долзарб вазифалардир.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқарувининг мазкур йиғилишида тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда Республика кенгаши бошқаруви масъул ходимлари, ҳудудий кенгашлар раислари иштирок этди.

Тадбирни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов очар экан, жорий йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги «Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» номли маърузасида маҳалла тизимига оид белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятни янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси юртдошларимизда эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамлаб, барчамизни эзгу мақсадлар йўлида фидойиликка ундади. Мурожаатномада барча соҳа ва йўналишлар бўйича ўртага ташланган масалалар Ватанимиз келажагига дахлдорлиги билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Жумладан, маҳалла тизимига жуда катта эътибор қаратилгани, айниқса, Юртбошимизнинг: «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш мақсадга мувофиқ», деган таъкидлари маҳалланинг эртаси янада порлоқ бўлишини ифодалайди.

Президентимиз Мурожаатномада дунёнинг бугунги манзарасини ҳам таҳлил қилиб, жаҳонда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қонли тўқнашувлар, низолар камайиш ўрнига кўпайиб бораётганини таъкидлади ва «...ҳар биримиз бу масалага бефарқ бўлмасдан, ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайдиган бўлсак, мен ишонаман, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан албатта йироқ бўлади», деган сўзлари маҳалла ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Энг муҳими, ушбу учрашувда Президентимиз 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берди. Дарҳақиқат, тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилаётган йиллар бир-бирининг мантиқий давоми сифатида, аввало, инсон ва унинг манфаатларига, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ҳамда халқ фаровонлигига хизмат қилаётир. Янги йил ҳам, шубҳасиз, янгидан-янги ғоялар, сермаҳсул услублар билан ишлашни, хизмат қилишни тақозо этади.

Ўзини шу юрт, шу диёр фуқароси деб билган, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган киши бугун чиндан ҳам саодатли ва бахтиёрдир. Саодатмандлиги шундаки, у тинч ва осудаликда умргузаронлик қиляпти. Бахтиёрлиги шундаки, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётир.

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги Президент фармони асосида юртимиз тарихида биринчи марта 2700 нафар фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: «Мен бундан ҳам кўпроқ одамни афв этишга ҳам тайёр эдим, лекин жамиятимиз ҳали бунга тайёр эмас. Бунинг учун жамиятимизда афв этилаётган маҳкумларни кафилликка олиш муҳити ва масъулияти тўла қарор топиши керак», деди.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг ўзида 152 нафар фуқарога нисбатан жазо тайинлашда маҳалланинг кафиллиги олингани, биргина пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида бу йўналишда 15 нафар шахсга фуқаролар йиғини томонидан ишонч билдиргани бу тизимнинг жамиятда, инсон манфаатларини таъминлашда мавқеи тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.

Кенгайтирилган йиғилишда ҳисобот даврида қўлга киритилган ютуқлар, шу билан бирга, Президентимизнинг жорий йил 3 февралда қабул қилинган «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, фуқаролар йиғинлари фаолиятини такомиллаштиришга оид 17 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 16 та чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинди. Шунингдек, ҳозирги кунда 6 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 4 та чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Айтиш мумкинки, Президентимизнинг мазкур фармони маҳалла тизимида мутлақо янги даврни бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида шундай тизим яратилдики, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмлари жорий этилиб, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти таъминланди. Бунинг натижасида бугун маҳалла аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланиб бораётир.

Йиғилишда Президентимизнинг фармонлари билан 8973 та фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари — ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилгани ҳамда 490 та янги ташкил этилган маҳаллага сайловлар ўтказилгани қайд этилди.

Бугун тизимда нимагаки эришган, қандай муваффақиятларни қўлга киритган бўлсак, шубҳасиз, булар соҳага янгича ёндашув ва услубларнинг жорий қилингани билан боғлиқ. Айтиш мумкинки, фуқаролар йиғинлари фаолияти сифати ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида Рейтинг баҳолаш мезонлари ҳамда Фуқаролар йиғинларининг ҳафталик, ойлик, чораклик иш фаолиятлари бўйича Намунавий иш режалари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилгани самарадорликни кучайтиради.

— Кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиш, уларга яхшилик қилиш — халқимизга хос фазилатлардан, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Эшмуродов. — Аждодларимиз азалдан эъзозлаган ва бугун ҳам ҳар бир юртдошимизнинг эзгу аъмолига айланган меҳр-мурувват, саховат тадбирлари туфайли меҳрга муштоқ фуқароларнинг кўнгли тоғдек кўтариляпти. Уларнинг яхши яшашга интилиши кучайиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда. Ҳисобот даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли мурувват ёрдамлари кўрсатиш мақсадида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 24 762 нафар фуқарога жами 8 миллиард 410 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Президентимизнинг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар» Дастурининг 35-бандида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар асосида қуриш, шунингдек, уларни зарур мебель жамланмалари, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, ҳисобот даврида фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2 359 та йиғин мебель жиҳозлари, 894 таси компьютер жамланмалари билан таъминланди. 215 та фуқаролар йиғини биноси таъмирланди, 71 таси реконструкция қилиниб, 85 таси янгидан қурилди. Ушбу мақсадларга жами 8 миллиард 349 миллион сўм маблағ сарфланди.

Жорий йилда Самарқанд ва Наманган вилояти кенгашлари бошқаруви янги биноларга кўчиб ўтди. Биргина Кенгашнинг Самарқанд вилояти бўлими бошқарувининг икки қаватли замонавий ва муҳташам биносининг қурилиши ҳамда жиҳозланишига жами 1 миллиард 122 миллион 526 минг сўм маблағ сарфланди. Бино ўзининг кўркамлиги, меъморий қиёфаси, замонавий шаҳарсозликнинг ўзига хос ва Самарқанд шаҳрига мос намунаси эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Бинонинг биринчи қаватида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд шаҳар кенгаши ижро аппарати ҳамда Ғиёсиддин Жамшид номидаги маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган.

Шу билан бирга, Кенгашнинг Хива, Риштон, Шароф Рашидов туманларига янги бино қуриб берилди ҳамда Шаҳрисабз, Китоб, Уйчи туманларига алоҳида бинолар олиб берилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти туман ва шаҳарлари кенгашларига Президент совғаси — 14 та «Matiz» русумли автомашина топширилди.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1243 та маҳаллада бирорта жиноят содир этилмагани қайд қилинди. Жиноятлар 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 11 788 тага ёки 14,6 фоизга камайган. Содир этилган жиноятлар аҳоли орасида кенг муҳокама қилиниши, фуқаролар билан боғлиқ сайёр судларда кўриб чиқилиб, жойида ижобий ҳал этилиши натижасида жиноятчиликнинг 77 036 тадан 65 758 тага камайишига эришилди.

Хўш, бу рақамлар хотиржамликка берилишимизга асос бўла оладими? Асло йўқ. Негаки, юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар йиғинлари мавжудлигини инобатга олсак, бу жуда паст кўрсаткич экани ўз-ўзидан аён бўлади.

Президентимиз раислигида 2017 йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Менинг маҳалламда жиноят бўлмаслиги керак», деган ғоя илгари сурилди.

Кенгаш йиғилишида маҳаллаларда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш бўйича жамоатчилик назорати тўлиқ йўлга қўйилмагани афсус билан қайд этилди. Маҳалла ходимлари, айниқса, посбонлар ҳалигача масъулиятни ўз зиммасига олишда ташаббус кўрсата олмаётгани, афсуски, ҳақиқат. Бунинг оқибатида 7,8 дан зиёд маҳаллада турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши туфайли одамларнинг тинчи бузилган.

Шуларни инобатга олиб, жорий йилнинг ноябрь ойида аҳолини ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ишларига кенг жалб этиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида «Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари» мавзусида ўқув-семинарлари ўтказилди. Бу аҳолида «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни шакллантириш имконини бериши, шубҳасиз.

Йиғилишда маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида 6 миллиондан ортиқ хонадонларга кирилиб, яқиндан мулоқотлар ўтказилгани, натижада 29 мингта оиладаги турли низолар, 35 мингдан зиёд ажримлар, 1400 дан зиёд эрта никоҳ ҳолатларининг олди олингани айтиб ўтилди.

— Тараққиётни белгилайдиган омиллар кўп, сабаблар бисёр. Лекин улар орасида илм ўрганиш ва ўргатишнинг ўрнини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди, — дейди «Маҳалла зиёси» республика ўқув-услубий маркази директори Эркин Сатторов. — Айниқса, бирор соҳанинг равнақ топишида китоб, қўлланма муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳисобот даврида фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган 6 номдаги 60 минг нусхада услубий қўлланма ва тавсиялар, оммабоп рисолалар, кўргазмали плакатлар жамланмаси чоп этилиб, 8973 та фуқаролар йиғинларига етказиб берилди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда айрим ҳудудий кенгашлари ижро интизоми, қуйи тузилмалар томонидан ҳужжатлар ижроси устидан мониторингни амалга ошириш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, йиғинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида хато ва камчиликларга йўл қўйилгани танқид остига олинди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Бошқарув йиғилиши кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан вилоят кенгашлари раисларининг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда ҳудудий кенгашларда хат-ҳужжатлар билан ишлаш, фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини кўришда қонунчилик меъёрларига қатъий амал қилиш, тизимда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар йиғинларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга кўмаклашиш, маҳаллаларга тизимга оид зарур адабиёт ва қўлланмаларни ўз вақтида етказиб бериш каби устувор вазифалар ижросига эътибор қаратилди.

Қизғин мунозараларга бой, ишчан ва танқидий руҳда ўтган бошқарув йиғилиши якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Толибжон НИЗОМОВ,Ю

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати бошлиғи.

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 301

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech