Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Раҳмат Маматов: Халқимизнинг ишончи ва розилиги биз учун доимо муҳим ва қадрлидир
21 Mar 2020

Кўп минг йиллик тарихга эга маҳалла халқимизнинг эзгу қадриятлари, турмуш тарзи ва бой маънавий меросини ўзида жам қила олган қадрли ва мўътабар маскандир.

Маҳалла неча миллион аҳолига эга халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи жамиятимизнинг энг катта бўғинидир. Табиийки, ҳар бир юртдошимизнинг умр йўли, қувончу ташвишлари, бугуни ва эртаси маҳалла билан боғлиқ. У маҳаллада туғилади, маҳаллада яшайди, элу-юртга шу маҳалланинг фахри сифатида танилади.

Бир сўз билан айтганда, барчамизнинг ҳаётимиз маҳалла билан чамбарчас боғланган. Шу сабабли бу кичик Ватанимизни турли муаммолар, коррупция, жиноятчилик, оилавий ажралишлар каби оғриқли иллатлардан ҳимоя қилиш, уларга қарши муросасиз курашиш учун ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳа вакиллари олдига бугунги кунда ечими топилиши зарур бўлган энг долзарб вазифалар қўйилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Президентимизнинг таклифлари асосида ташкил этилган янги — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу жараёнларнинг марказида иш олиб бориш билан бирга, халқимизга чинакам яқин тузилмага, уларнинг дарду-ташвишларига биринчилардан бўлиб қулоқ тутадиган давлат ташкилотига айланиш борасида зарур амалий ҳаракатларни бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 18 март куни маҳалла ва оила муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда ҳал этиш масалалари мавзусига бағишланган йиғилишда ҳам бизнинг олдимизга юқорида келтирилган вазифаларга ҳамоҳанг равишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича жуда катта ва муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз томонидан видеоселекторда фаолият йўналишларимиз янада аниқлаштирилди, ким билан, қандай тартибда ишлашимизгача белгилаб берилди.

Йиғилишда ислоҳотлар ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага етиб боришини таъминлайдиган яхлит тизимни яратишга алоҳида урғу берилиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг биз билан бирга бажарадиган вазифалари белгилаб қўйилди.

Ҳақиқатдан, биз маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли, ва албатта, натижали иш ташкил этсаккина, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилинингижросинитаъминлаган бўламиз.

Бугун очиғини айтишимиз зарур, оилалар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида шу вақтга қадар аниқ режаларга эга эмасдик. У оилада кимлар яшайди, қандай муаммолари бор, хонадондаги онанинг, қизларнинг ҳеч кимга айта олмаётган ҳозирда қандай дардлари, гаплари бор? Нуронийларимизга бўлган эътибор қандай олиб бориляпти?

Бу саволларга жавоб топиш учун эса ўша оилага кириб бориш, оила аъзолари билан ака-укадек, опа-сингилдек дўст тутиниш, кўнглига йўл топа олиш зарур. Мазкур тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, тўғридан-тўғри оилалар билан манзилли ишлашни ҳозирда энг долзарб вазифаларимиздан бири сифатида олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Катта ишонч билан айтишим лозимки, биз бу тизимни албатта, йўлга қўя оламиз. Оила ҳамда шу баробарида маҳаллаларни қўллаб-қувватлайдиган янги тажриба, янги йўналишларни яратиш ҳамда йўлга қўйиш учун аниқ режалар устида ишларни бошлаганмиз.

Президентимиз йиғилишда алоҳида қайд этиб ўтган ажримлар масаласи бугун чиндан ҳам жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада ҳам ҳар бир оила, ҳар бир фуқаромиз билан манзилли ишни ташкил этиш, таъкидланганидек, ажралишларнинг жуда катта қисмига сабаб бўлаётган кичик маиший муаммоларнинг асл сабабларини топиш, уни кенг жамоатчилик ёрдами асосида ҳал этиш Муҳтарам Юртбошимиз томонидан барчамизга барча керакли кўрсатмалар берилди.

Инсон қачон ўз ҳаётидан мамнун бўлади, қачон давлатнинг кўмаги ва ёрдамини чинакамига ҳис қилади? Қачонки, бўлаётган ўзгаришлар ва жараёнларни, аввало, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ҳаёти мисолида кўрса, гувоҳ бўлса.

Айниқса, бу туйғуларни жамиятдан бутунлай узилиб қолган юртимиздаги мавжуд 22 мингга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар ҳаёти мисолида янада теранроқ ҳис қиламиз, англаймиз. Уларни қийнаётган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа йўналишларга доир мавжуд масалаларни ҳам албатта, ўрганишимиз, муаммоларига индивидуал ёндашишимиз зарур.

Муҳтарам Юртбошимиз, бу масалага доир фикрларини билдирар экан, касб-ҳунари бор ишсиз хотин-қизларга кўмаклашиш бўйича Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бошланган тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди. Уларнинг турли бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини сотиш ва тарғиботини олиб бориш борасида зарур чоралар кўриш муҳимлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида юртдошларимиз орасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш, бу борада аҳоли, айниқса нуронийларимиз орасида пиёда юришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш, маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш ишларини “умуммиллий ҳаракат”га айлантириш ишларини тезкорлик билан олиб боришни таъкидлаб ўтди. Кенг жамоатчилик орасида китобхонлик маданиятини ошириш бўйича фикр билдирар экан, “қалбига санъат ва китоб нури кириб борган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди,” дея қўшимча қилди.

Йиғилишда тилга олинган муҳим масалалардан яна бири, маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш, криминоген вазият оғир маҳаллаларда алоҳида чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳам алоҳида тавсиялар берилиб, эндиликда маҳалладаги вазиятга профилактика инспектори билан бирга Миллий гвардия ҳам бирдек жавоб беришлигини алоҳида келтириб ўтди.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, бундан кейин ҳаммамиздан маҳаллабай аниқ ишлар натижаси сўралади.

“Маҳаллабай” ишлашда — фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни касбга ўқитиб эҳтиёжмандликдан чиқариш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан унумли фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий ёндашиш керак.

Бизга юклатилган бирламчи масалалардан бири – тадбиркорликни ривожлантириш, республикамизда расман қайд этилган 1 млн 335 минг нафардан зиёд (600 минг нафари ёшлар) ишсиз аҳоли билан манзилли ишлашни ташкил қилиш.

Ҳар бир маҳаллада ишсиз фуқароларнинг рўйхатини шакллантираяпмиз. Шакллантирилган рўйхат асосида “Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш” курслари ташкил этилади. Ушбу курсларда дизайн, пазандалик тикувчилик, қурувчи-чилангарлик каби бугун талаб юқори бўлган ҳунарларга ва хорижий тилларга ўқитилади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан юклатилган яна бир вазифа -“намунали хонадон”, “намунали кўча”, “намунали маҳалла” танловларини ўтказишимиз керак. Танлов Низоми лойиҳасини ишлаб чиқдик, тегишли вазирликлар билан келишиляпти.

Ушбу танлов маҳаллаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, натижада одамларнинг турмуш маданиятини ошириш йўлида амалий натижа бўлиб хизмат қилиши керак.

Маълумки, сўнгги кунларда халқимиз жуда катта синовни бошидан ўтказмоқда. Бутун дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг тарқалиши натижасида бугун барчамиздан янада якдиллик ва ҳамжиҳатлик талаб этилади.

Президентимиз йиғилиш аввалида бу касаллик ва унинг аҳолимизга таъсири ҳақида алоҳида тўхталиб ўтар экан, “миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади” дея барчамизга катта ишонч билдирди. Шунингдек, жамоатчиликдан ҳақиқий ҳолатдан бехабар одамларнинг турли миш-миш ва уйдирмаларини тарқатишга уринмасликларини сўради ҳамда бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олганлигини таъкидлаб ўтди.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиб кетишининг олдини олиш, аҳолининг ваҳимага тушмасдан, янада якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан бирлашишини таъминлашда бизнинг ўрнимиз, масъулиятимиз алоҳида.

Ҳар бир фуқаро билан ота бўлиб, она бўлиб, ака-ука бўлиб, опа-сингил бўлиб гаплашаяпмиз. Мамлакатдаги бугунги вазият, ҳар бир соат, ҳар бир дақиқа давлатимиз ва ҳукуматимиз, энг муҳими – Муҳтарам Президентимиз назоратида эканини тушунтираяпмиз.

Яхши биламиз -барча ўтган жамиятлар тарихида, қийин ҳолатлар, синовли кунларда аҳолининг бошини қовуштириш, уларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш, тўғри йўлга йўналтиришда илғор фикрли, халқни ўз ортидан эргаштира оладиган фидойиларга – яъни маҳалла оқсоқолларига, “Оқсоқоллар кенгаши”га таянилган.

Бугун барча маҳаллаларда обрўли, пиру бадавлат, бой касбий ва ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ҳожи ота, ҳожи оналар, кайвони инсонлар кўмагида аҳолига шифокорлар тавсияларига қатъий амал қилишни, тўй-ҳашамлар, меҳмондорчиликларни вақтинча тўхтатиб туриштушунтирилаяпти.

Ҳудудларда 4600 нафар энг фаол кексалар, кайвонилардан иборат “Жамоатчилик назорати” гуруҳларини ташкил этиб, улар орқали бозорлар, йирик савдо расталари ва мажмуаларини ўрганиб боряпмиз. Нарх-наво кўтарилиб кетишининг олдини олиш, одамларда ваҳимага берилмаслик кайфиятини барқарорлаштириш бўйича тарғибот ишларини амалга ошираяпмиз.

Айтишимиз лозимки, босиқлик, етти ўлчаб бир кесиш каби халқимизга хос бўлган хислатлар ҳамда мавжуд тўсиқларни ҳамжиҳат бўлиб енгиш кўникмаси, кенг жамоатчиликнинг бу борадаги алоҳида таъсири натижасида коронавирус билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларни биргаликда ҳал этишга имкониятимиз етарли.

Фақатгина олиб борилаётган чоралар ва тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсия ва маслаҳатларга риоя қилишимиз, ўзимизни ҳамда яқинларимизни ҳар дақиқа эҳтиёт қилиш бўйича шахсий масъулиятимизни оширишимиз зарур.

Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, “миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади!”

Юртбошимиз тавсияларига кўра, “22 март — маҳалла тизими ходимлари куни” сифатида белгиланди. Давлатимиз Раҳбари томонидан билдирилган бу юксак ишонч ва эътибор бугун соҳадаги барча ходимларни нафақат руҳлантирмоқда, балки ўз устида доимий ишлаш ва касбига чинакам фидойилик кўрсатишга ундамоқда.

Маҳалла чинакам маънода халқ идораси, аҳоли мурожаатлари ва ташаббусларини дастлаб тинглайдиган, уларга зарур ёрдам кўрсатадиган, давлатнинг бу борадаги ҳар томонлама иштирокини ташкил этиб берадиган ижтимоий тузилмадир. Мазкур кенг масштабли вазифалар ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, юртдошларимизни ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшашлари, зарур пайтда фуқаролар йиғинларининг ёрдамига суяна олишлари учун бугун биздан янада фидойилик, янада жонбозлик талаб этилади. Шуни унутмайликки, халқимизнинг ишончи ва розилиги биз учун доимо муҳим ва қадрлидир.

Фурсатдан фойдаланиб, республикамиздаги барча маҳалла тизими ходимлари ва ҳамкасбларимизни “22 март — маҳалла тизими ходимлари куни” билан чин юракдан табриклайман. Юртдошларимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизда омад, оилаларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Манба: ЎзА / Кўришлар: 9

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech