Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Рағбат бўлса, аҳд қатъий, ишонч мустаҳкам бўлади
26 Jan 2018

Таэквондо бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Нигора Турсунқулова эришаётган муваффақиятларга тенгдошлари ҳавас қилишмоқда

Шаҳноза Шодмонқулова қизи Нигорани маҳалладаги спорт тўгарагига олиб бориб адашмади. Мана, эндиликда қизининг ҳар бир ғалабасидан фахрланади, кўзларига қувонч ёшлари қалқади.

— Фарзандим спорт билан шуғулланиб, фақат фойда топди, — дейди Шаҳноза опа. — Зеро, спорт орқали унда ўзига ишонч, қатъият шаклланди. Қолаверса, саломатлиги мустаҳкамланиб, қомати тўғри ривожланди. Унинг муваффақиятларида ҳукуматимиз томонидан ёшларга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг ўрни беқиёс.

Ҳа, ота-она учун фарзандининг ютуқларини кўришдан ортиқ бахт йўқ.

Нигора ўн ёшидан пойтахтимизнинг Миробод тумани «Наврўз» маҳалласидаги таэквондо спорт тўгарагига қатнайди. Устози Дмитрий Хван қўл остида спорт сир-асрорларини қунт билан ўрганган бу қиз тез орада тўгарак аъзолари орасида ўз ўрнига эга бўлди. 2010 йилда қизлар ўртасида ўтказилган туман ва шаҳар миқёсидаги турнирларда ўз вазн тоифасида барча дугоналарини мағлуб этиб, мамлакат чемпионатига йўлланма олди. Илк бор Ўзбекистон чемпионатида қатнашган спортчи бронза медалини қўлга киритди.

— Спортчилар ўзининг илк ғалабасини ҳеч қачон унутишмайди, — дейди Нигора. — Мен ҳам 2011-2012 йилларда мамлакат чемпионатида олтин медалларни қўлга киритдим. Шубҳасиз, бу ғалабада устозларимнинг кўрсатма ва тавсиялари муҳим аҳамият касб этди. Шу йили Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси сафига қабул қилиниб, халқаро мусобақаларда куч синаша бошладим.

Меҳнат бесамар кетмайди. Бунинг исботини Нигора мисолида яққол кўришимиз мумкин. Гарчи 2013 йилда Германияда ўтказилган халқаро турнирда совринли ўринни қўлга кирита олмаган бўлса-да, қиз руҳан синмади, ўз устида тинимсиз ишлади. У ўз олдига жиддий мақсадлар қўйди ва ўша йилнинг ўзида «Korea open» ва «Russia open» турнирларида олтин медалга эгалик қилди. Шу билан бирга, ўзбек қизи хорижлик мухлис ва мутахассислар эътирофига ҳам эришди.

Дастлаб Хитой Тайпейи мезбонлик қилган Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган Нигора Ўзбекистон кубогида яна олтин медаль билан тақдирланди. Бир йилдан сўнг Манила шаҳри(Филиппин)да ташкил этилган халқаро турнирда совриндорлар сафидан жой олиб, XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси эса спортчимиз учун ўзига хос маҳорат майдонига айланди.

Ўтган йили у Президентимизнинг бир гуруҳ фаол ва иқтидорли қизларни «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, ушбу мукофот билан тақдирланди.

— Спорт билан шуғулланган киши нафақат соғлом, балки иродали, мақсад сари интилувчан бўлади, руҳий-маънавий камолотга эришади, — дейди Нигора. — Ўн етти ёшда бундай юксак натижага эришиш мен учун катта муваффақиятдир. Спорт туфайли дунё кўрганим, она Ватаним — Ўзбекистон шарафини улуғлашга ҳисса қўшаётганимдан чексиз бахтиёрман. Бу мукофот менга билдирилган юксак ишонч рамзидир. Энди ушбу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда фақат олға интиламан.

Инглиз ва рус тилларини ўрганиш, бичиш-тикиш, пазандалик билан шуғулланишга ҳам вақт топадиган спортчи ўзи таълим олаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг энг фаол, билимдон талабаларидан. Маҳалла аҳли ҳам Нигоранинг ютуқларидан мамнун.

Йиғин раиси Исроил Мирзаевнинг айтишича, спортчи қиз маҳаллада ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётир.

Манба: Санжар ИСМАТОВ «Mahalla» / Кўришлар: 189

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech