Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Р.Маматов: неъмат шукр билан зиёда, шикоят билан нуқсонли
25 Apr 2020

Карантин пайтида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал қилиш, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ички бозорда нарх-наво ошиб кетмаслиги каби муҳим вазифаларни амалга ошириш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат МАМАТОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

– Ҳозирги синовли кунларда барча жабҳада самарадорликка эришиш, илғор лойиҳаларни ҳаётга кенг татбиқ этишда вазирлигимиз ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига ҳам бир қатор муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалар топширилган, – дейди Р.Маматов. – Айниқса, карантин пайтида касалликнинг олдини олиш билан бирга, халқимизнинг озиқ-овқатга бўлган зарур эҳтиёжини қондириш, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш энг долзарб масалага айланган.

1 апрелдан бошлаб ҳомий ташкилот ва фуқароларимизнинг хайрия маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказишни ташкил этиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари қошида Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилди.

Айни пайтда барча марказлар штабида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун “1197“ қисқа рақами хизмати йўлга қўйилган. Мазкур тармоқ орқали фуқароларнинг мурожаатлари тегишли тартибда рўйхатга олинмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу марказларнинг иш фаолиятида тартиб ва самарадорликка эришишда энг йирик механизм, шубҳасиз, маҳалла тизими ҳисобланади. Чунки ҳар бир маҳалла раиси ва фуқаролар йиғини фаоллари ўз ҳудудидаги ёрдамга муҳтож оилалар ҳақида аниқ маълумотга эга. Шуни ҳисобга олиб, айни пайтда мамлакатимиздаги 9 минг 121 маҳаллада режадаги ишлар карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда. Мақсад ҳомийлар томонидан ажратилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ўз эгасига етиб боришини таъминлаш, бунда адолатсизликка йўл қўймаслик, энг асосийси, қилинаётган бу ишлар орқали халқимизни рози қилиш.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 23 апрель кунига қадар Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан 239 минг 185 оилага зарур ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳомий ташкилот ва фуқароларимиз томонидан кўрсатилган хайрия маҳсулотларининг тахминий нархи эса қарийб 27 миллиард сўмдан ошди. Қувонарлиси, сўнгги кунларда ҳомийлик хайрияларини кўрсатиш истагини билдираётган ватандошларимиз сони ортиб бормоқда.

Бироқ кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, бугунгидек синовли кунларда айрим фуқароларимиз марказлар томонидан берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг сифатидан норози бўлаётгани, тизимда жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган инсонлар фаолиятидан камчилик ахтараётгани дилни бироз хира қилади.

Қанчадан қанча инсонлар куну тун меҳнат қилаётган вазиятда бу каби ишлар билан машғул бўлиш, ўйлайманки, ношукрликдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, ҳар бир ишнинг натижасига сабр, ҳаракат ҳамда бирдамлик билан эришилади. Ҳар қандай неъмат эса шукр билан зиёда, шикоят билан нуқсонли бўлади. Қолаверса, муқаддас динимиз ҳам инсон қўлидаги неъматларга шукр қилсагина, Яратган неъматларини янада зиёда қилишини уқтиради.

Нолиш, инкор қилиш, норози бўлиш орқали қўлдаги бор неъматни ҳам йўқотгандан кўра, ҳар бир фуқаро карантиндан фойдаланган ҳолда ўз хонадонида бирор фойдали юмуш билан банд бўлиши, жумладан, қишлоқларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бир қарич ердан бўлса ҳам ҳосил олишга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки, бу иш бугун ҳар қачонгиданда муҳим. Боиси карантин шароитида юртимиз аҳолисининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ички бозорда нарх-наволар асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш айни шу масалага боғлиқ.

Эътиборлиси, охирги йилларда мамлакатимизда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. Айрим қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича “Томорқа хизмати” фаолияти йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган янги тизим яратилди.

Куни кеча Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида бўлиб, у ерда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдик.

Шахсий томорқасидан фойдаланиб, қўшимча даромад олаётган юртдошларимиз иш фаолиятини кўриб, қувондик. Жумладан, Бекобод туманидаги Маллабой маҳалласида яшовчи Фаррух Худойназаров ўтган йили “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 70 миллион сўм кредит олиб, томорқасида иссиқхона ташкил этибди. Қарангки, биринчи ҳосилданоқ 40 миллион сўм фойда олгани шахсий томорқага эга бўлган барча юртдошларимизни ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ундаши зарур. Бунинг учун эса аҳоли карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда томорқадан самарали фойдаланиш, бозор талаблари ҳамда эҳтиёжларидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришнинг инновацион усуллари жорий этилмоқда. Гидропоника усулидаги иссиқхоналар, интенсив боғлар яратиш борасида илғор технологиялар амалиётга татбиқ этилаётгани бунга мисол бўла олади.

Бироқ мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш баробарида жуда катта экспорт салоҳиятига эга бўлган томорқа хўжалиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланиляпти, деб бўлмайди. Афсуски, жойларда бўлганимизда ҳудудларда яшовчи айрим фуқаролар ихтиёрида етарли миқдорда томорқа ер майдонлари, экинларни суғориш учун мавжуд шароит бўлса-да, улардан самарали фойдаланилмаётган ҳолатларга ҳам дуч келмоқдамиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнатдир.

Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси ташкил этилиши белгиланди. Мазкур қарор асосида ташкил этилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси эса бу жараёнларни янги ўзанга солишига ишонамиз.

“Обод ва хавфсиз маҳалла“ тамойилини жорий этишнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган концепциясини жорий этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Концепцияни амалиётга тўла жорий этиш натижасида аҳоли муаммолари билан ишлаш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оиладаги тазйиқ ва зўравонликка барҳам бериш, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мукаммал ҳуқуқий асос яратилади, таъсирчан жамоатчилик назорати жорий этилади.

Яхшики, мамлакатимизда ислоҳотлар кўлами кенг, халқимиз ташаббускор. Бугунги синовли кунлар ҳар биримиздан фидойиликни талаб қилишини унутмасак бас.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА ёзиб олди

Манба: ЎзА / Кўришлар: 1
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech