Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Олис овулларда ёрқин ҳаёт мавжлари
26 Jan 2018

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 сентябрдаги «Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳри аҳолиси турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётни комплекс ривожлантириш ва барқарорлаштириш тўғрисида»ги қарори навоийликларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларга ечим бўлаётир

Қарорга кўра, вилоятнинг мазкур туманлари, Зарафшон шаҳрида кафолатланган иш ўринлари яратиш ҳамда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Шунга мувофиқ, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, шунингдек, хизмат кўрсатиш, экотуризм соҳалари ривожланяпти. Банд бўлмаган аҳолига касб-ҳунар ўргатилиб, малакаси оширилмоқда.

Вилоят марказидан 300 километр олисдаги Учқудуқ тумани тадбиркорлик соҳаси учун қулай ҳудудлардан саналади. Боиси бу ер табиий бойликлари билан улкан имконият маконига айланган. Хусусан, мармар, гранит, истеъмол ва техник туз, гил, қоғоз, пластмасса, резина, турли рангдаги пигмент маҳсулотлари хомашёларининг катта захирасига эга конлар мавжуд. «Бозатау», «Кокпатас», «Алтинтау», «Сарибатр», «Жаман Касир», «Айтим», «Акташ» каби жами 13 та кон шулар сирасидан.

Шу билан бирга, Учқудуқ балиқчилик, туячилик, эчкичилик фаолияти, замонавий музлаткич иншоотлари қуриш борасида катта тажрибага эга. Туманда айни пайтда мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти, юзга яқин фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, улар бугун солиқ имтиёзларидан фойдаланишмоқда.

— Президент қарори эълон қилингач, Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятларида фаолият олиб бораётган иккита масъулияти чекланган жамият туманимизда иш бошлади, — дейди Учқудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Бафоев. — «Умида транс инвест» МЧЖ тузни қайта ишлайдиган цех қуришни режалаштирган бўлса, «Учқудуқ экспорт-импорт» МЧЖ эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш борасида аниқ ҳаракатларни амалга оширмоқда. Айни пайтда тадбиркорлар томонидан кўплаб таклифлар келиб тушяпти.

Шунга қарамай, туманда хусусий боғча, мактаб, клиникалар, йўловчи ташиш хизматлари ташкил этиш борасида жиддий муаммолар мавжуд. Хусусан, ҳудуддаги қарийб 9 минг нафар боғча ёшидаги болаларнинг атиги 30 фоизи мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган, 6 минг нафар мактаб ўқувчиси эса икки сменада таълим олади.

—           Давлатимиз раҳбарининг чўл ҳудудлари, жумладан, туманимиз аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эътибори куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида сезилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учқудуқ тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Икром Раҳимов. — Жумладан, Боздун овулидаги мавжуд таълим муассасалари жорий таъмирдан чиқарилиб, иситиш тизими тўлиқ янгиланди. Хонадонларга захира газ баллонлари, кўмир ҳамда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди.

Бир вақтлар Жузқудуққа келган одам дунёдан буткул узилиб қолар эди. 2017 йил охирида овулда мобиль алоқани яхшилаш мақсадида антенна ўрнатилди. Энди чўлнинг ўртасида туриб, интернет орқали дунё билан боғланиш мумкин.

Бу ердаги энг катта муаммолардан яна бири малакали мутахассис кадрларнинг тақчиллиги эди. Бугун кўплаб ёш, малакали мутахассислар оиласи билан кўчиб келмоқда. «Кўкпатас» қўрғонидаги тиббиёт муассасасида ҳам кўп йиллардан буён олий маълумотли шифокор йўқ эди. Қизилтепалик Шоҳсанам Раҳимованинг оиласи билан мазкур ҳудудга кўчиб келиши ушбу муаммони бартараф қилди. Унинг турмуш ўртоғи олис ҳудуд — Жузқудуқ овулидаги мактабда директор бўлиб ишламоқда. Улар учун барча шароитлар яратиб берилган.

 Президент қарори асосида 2017 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб юқорида таъкидланган ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасалари, «Баркамол авлод» марказлари тўгараклари, мусиқа ва санъат мактаблари учун умумий тўловларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланди.

— Президентимиз қарори асосида мусиқа ва санъат мактабига ҳамда мактабгача таълим муассасасига тўловнинг ярмини тўлашимиз бизнинг оила учун катта имтиёз бўлди, — дейди Учқудуқ туманидаги «Мустақиллик» маҳалласидан Лайло Каримова. — Тўрт нафар фарзандим бор. Ҳозирда ана шу имтиёздан фойдаланиб, бир қизимни болалар мусиқа ва санъат мактабига, кенжатойимизни эса боғчага бердик.

Вилоятнинг олис чўл ҳудудларини малакали маҳаллий кадрлар билан таъминлаш мақсадида у ерда камида уч йил яшаган ёшларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда катта имтиёзлар берилган. Бу йил Учқудуқ, Томди, Конимех туманларидан 131 нафар йигит-қиз Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

— Қарорга мувофиқ, маҳаллий ҳокимлик ва ҳомий ташкилотлар томонидан кам таъминланган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 40 та оила бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига 10 бошдан қўй тарқатилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Томди тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Амангелди Жузгенова. — Қарорнинг мақсади, аввало, халқнинг турмуш шароитини яхшилаш бўлиб, айни кунда бу ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрида яшаётган турли миллатга мансуб аҳолининг турмуш даражаси юксалмоқда. Кўп йиллардан бери бўш ётган Қизилқум саҳросида бугун яна ҳаёт мавжланаётир.



Манба: Холбиби САФАРОВА «Mahalla» / Кўришлар: 95

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech