Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
18 Mar 2018

Ободлик, саришталик бор жойда байрамлар ярашади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 мартдаги 187-ф-сонли фармойишига биноан, жорий йилнинг март-апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 18-19 март умумхалқ хайрия ҳашари кунлари деб эълон қилинди.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, ижтимоий ҳаётда вужудга келаётган турли масалаларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада кўпчилик билан бамаслаҳат ҳолда ўтказиладиган, маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар одати истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган.

Ҳашар инсонларга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбирдир. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини, айниқса, ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она-Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, ҳашар миллий қадриятлар маскани сифатида маҳаллаларда маънавий ҳаётимизни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг намунаси бўлиб ҳисобланади.

Зеро, ҳашарлар пайтида маҳалла ҳудудларини, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, жамият тафаккурининг миллий ва маънавий қадриятларга мос ҳолда ривожланиб боришида муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳашар минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги бир-бирига ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади. Ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарлари бунинг тасдиғидир.

Жорий йилда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, республиканинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ ҳашари юртимизни янада обод ва файзли бўлишида ўзига хос вазифани ўтайди.

Шу муносабат билан 18-19 март кунлари мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди. Ушбу умумхалқ тадбири олдидан юртимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда уни юқори савияда ўтказишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани бу борада муҳим омил бўлди. Хусусан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда мамлакатимиздаги мавжуд тўққиз мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофларини, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, дарахтларни оқлаш ва буташ каби юмушлар уюушқоқлик билан бажарилди.

Умумхалқ хайрия ҳашари жойлардаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, унда 12,2 миллион нафардан зиёд юртдошларимиз қатнашди, шулардан 8 млн.нафарини ёшлар ташкил этгани қувонарлидир.

Бир кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 29,1 минг гектар майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 20,1 минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 583 мингта зиёратгоҳ ва 7,1 мингдан ортиқ қабристонлар тартибга келтирилди. Бундан ташқари, ҳашар кунларида 7,6 миллиондан зиёд манзарали дарахтга шакл берилди, 5,4 миллиондан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилди.

Республикамиз бўйича кўплаб маҳаллаларда 149 та аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, гўзаллик салонлари, маҳалла гузарлари барпо этилиши айни ҳашар кунларида ниҳояланди. Шунингдек, 12 та янги маҳалла идоралари, 19 та болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилди.

Умумхалқ хайрия ҳашарининг яна бир муҳим жиҳати бу — қон-қонимизга сингиб кетган инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик туйғуларининг янада сайқалланишидир. Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга кўрсатилган меҳр-мурувват ёрдамлари кўлами кенг бўлди.

Ҳашар кунларида юртимиз бўйлаб уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 339 минг квадрат метр ҳажмдаги турар-жойлари таъмирлаб берилди. Кўмакка муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга 230,0 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилгани фикримизнинг исботидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳашар кунлари ўз иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳар бир корхона, муассаса, ташкилотлар ходимлари ҳам умумхалқ хайрия ҳашарига ўз улушини қўшишди.

Умуман, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассам этган умумхалқ хайрия ҳашари кунларида республикамиз бўйлаб қанчадан-қанча манзиллар обод бўлди. Бу ободлик кўнгилларга кўчди ва халқимизнинг улуғ айёмни мана шундай кўтаринкилик билан шоду-хуррам қарши олишларига замин яратди.


Манба: Арофат Умарова, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, бўлим муддири. / Кўришлар: 90

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech