Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Масъул котиблар учун семинар
28 Dec 2017

 
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқимизнинг чинакам маслакдошига айлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари масъул котиблари учун ташкил этилган ўқув-семинар Президентимизнинг мазкур фармони ва тизимга оид бошқа қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятига бағишланди. 

Маълумки, шу йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 895-сонли қарори билан «Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Унга мувофиқ, масъул котибнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда масъул котиб фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб берилган. 

– Ана шундай талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, республика кенгашининг 2017 йил 18 декабрдаги 7-сонли мажлис баёни асосида ўтказилган мазкур ўқув семинари масъул котибларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари юзасидан билим ва малакаларини оширишга қаратилди, – дейди республика кенгашининг ахборот хизмати раҳбари Толибжон Низомов. – Бу эса уларнинг маҳаллаларда иш юритишни тўғри ташкил қилиш, ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш каби масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли семинарда Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Халқ банки, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, «Ўзархив» агентлиги ҳамда улар ҳудудий тузилмаларининг малакали ходимлари томонидан маърузалар ўқилди. 

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги 274-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан масъул котиб фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириб боради. Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) йиғин кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлаш, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) йиғин кенгаши, йиғин раисининг (оқсоқолининг) қарорлари ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш, иш юритишни ташкил этиш ҳам масъул котиб зиммасидадир. 

– Ташкил этилган семинар маъно ва моҳият жиҳатдан кенг қамровли бўлди, – дейди Олмазор тумани “Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Муборак Имомова. – Айниқса, бунда сиёсий ҳужжатлар бўйича батафсил маълумот олиш билан бирга, мусъул котиб ишини қандай ташкил этиш ва унга юклатилган иш тақсимоти ҳақида тушунчага эга бўлдик. Масъул котиб фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссиясида иш юритишни ташкил қилиши, ҳужжатлар ижросининг назорати, меҳнат интизоми ва фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир бошқа ҳужжатлар билан мунтазам таништиради. Шунингдек, маҳаллалар ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича маслаҳат марказига ҳам масъул котиб раҳбарлик қилади. 

Ўқув-семинарда тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 27 ноябрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. 

Иштирокчилар мавзу доирасида саволларга мутахассислардан жавоб олди. 
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА 

Манба: Насиба Зиёдуллаева, ЎзА / Кўришлар: 135

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech