Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРДА
28 May 2018

Ҳам йиғин раиси, ҳам кенгаш депутати

“Самарқанд дарвоза” маҳалласи фуқароларидан оқова сувларнинг хонадонларга оқиб кираётгани ҳақида тушган мурожаат халқ депутатлари туман кенгаши депутати Асатулла Муҳаммадхўжаевни беъэтибор қолдирмади. Унинг сўрови ва назорати туфайли йўллар асфальтланиб, сувга тўлиб қолаётган лотоклар таъмирланди, чиқиндилардан тозаланди

Бугун аҳоли манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг мурожаатларига ечим топишда маҳаллий кенгаш депутатлари муносиб ҳисса қўшмоқда. Агар маҳалла раиси бир вақтнинг ўзида депутат бўлса, ҳудуд аҳлининг ошиғи олчи деяверинг. Боиси раис йиғин доирасида ечими топилмаган муаммоларни депутатлик сўрови ёрдамида бартараф этади. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани “Зангиота” маҳалласининг раиси Асатулла Муҳаммадхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани кенгаши депутати сифатида ҳудуддаги қатор масалаларга ечим топаётир.

А.Муҳаммадхўжаев депутат сифатида “Самарқанд дарвоза” ҳамда “Зангиота” маҳаллаларига бириктирилган. Яқинда “Самарқанд дарвоза” маҳалласи фуқароларидан оқова сувларнинг хонадонларга оқиб кираётгани ҳақида тушган мурожаат унинг ташаббуси билан ижобий ҳал қилинди. Йўл асфальтланиб, сувга тўлиб қолаётган лотоклар таъмирланди, тозаланди. Иккала маҳаллани бирлаштирувчи серқатнов йўл аҳоли, айниқса, фарзандлари учун куйиб-пишган ота-оналарни ташвишга солаётганди. Йиғин раисининг тегишли ташкилотларга юборган хати ижобий ҳал этилиб, светофор ўрнатилди.  

“Зангиота” йиғинида бугун бунёдкорлик ишлари қизғин. Бу ерда барча шарт-шароитларга эга идора, оталар дам олиш хонаси, кутубхона ва сартарошхонадан иборат гузар, футбол майдончаси қурилмоқда. Ушбу ташаббусга ҳам маҳалла раиси бош-қош.

Кўчалар равон ва текис.

– Ҳудуддаги ўнқир-чўнқир йўллар, нафақат машиналар қатновига ҳалал берар, балки ёғингарчилик кунларида пиёдаларга қийинчилик туғдираётганди, – дейди фаоллардан Абдуҳамид Ибрагимов. – Асатулла Муҳаммадхўжаев раисликка сайланган кунданоқ муаммога ечим топишга киришди. Тадбиркорларни жалб этиб ҳудуддаги аксарият йўллар жорий, хусусан, Ўроқ, Яшин кўчалари капитал таъмирланди.

Раиснинг саъй-ҳаракатлари самарасида ҳудудда муаммолар, аҳолини қийнаётган масалалар ўз вақтида ҳал этилади.

– Маҳалла фуқаролари идорамизга келиб муаммоларини айтишини кутиб ўтирмаймиз, – дейди раис. – Боиси халқимиз хонадонидаги муаммосини айтишдан кўпинча андиша қилади. Йиғин қошидаги жамоатчилик назорати гуруҳи аъзолари билан уйма-уй юриб, маҳалладошлар билан суҳбатлашамиз. Ана шундай суҳбатлар натижасида аниқланган муаммолар ечими юзасидан мутасадди ташкилотлар билан боғланамиз.

Шу маҳаллада истиқомат қилган Дурдона Зокирова диний экстремистик оқим таъсирига тушиб қолганлардан. Юртимиздаги бағрикенглик сиёсати туфайли авф этилган аёлга йиғин раисининг депутатлик сўрови билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бир хонали уй ажратилди. Раиснинг фидойилиги боис Дурдона нафақат уйли, балки ишли ҳам бўлди.  

Баҳром Шамсиев диний экстремистик оқимга тушиб қолганлар рўйхатидан чиқарилиб, иш билан таъминланди. Фарзандлари ҳам мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.

Йиғиндаги хайрли саъй-ҳаракатларни кўриб, раиснинг режалари бисёр эканини тинглаб, унинг ғайратига лол қолади киши. Зотан, чинакам жонкуяр, ватанпарвар кишиларгина ҳудудни обод ва кўркам қилади.

Манба: Моҳичеҳра ЛАТИПОВА “Mahalla” ШОҲСУПА / Кўришлар: 245

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech