Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Маҳаллабай – оилалар билан алоҳида ишлаб, камбағалликни йўқотишга эришадиган янги тизим
24 Mar 2020

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 18 март куни маҳалла ва оила муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда ҳал этиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилгани барчамизни янада кўпроқ изланиб, эл дарди билан яшашга ундади. Олис қишлоқларда яшаётган одамлар ҳаёти билан яқиндан танишиб, турмуш даражасини ошириш асосларини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга кенг имконият, қулай муҳит яратган эди.

02.jpg

Мазкур тарихий ҳужжат билан белгилаб берилган вазифалар ижросига видеоселектор йиғилишида яна бир карра аҳамият қаратилгани нафақат биз фаоллар, балки халқимизга ҳам ўзгача қувонч улашди, десак хато бўлмайди. Йиғилишда маҳаллаларни ривожлантириш учун зарур ресурс, ваколат ва шароит яратилгани алоҳида таъкидланиб, бундан кейин барча даражадаги раҳбарлар ва ҳокимларнинг амалий ишлар ва натижадорликка ўтиши кераклиги вазифа сифатида белгилаб берилганидан жуда қувондик. Эндиликда масъуллардан аниқ натижа сўраладиган, ҳар бир оила билан манзилли ишлаб, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллабай тизими яратилгани, айниқса, камбағалликни йўқотишга хизмат қилишини чуқур ҳис этдик.

03.jpg

Маҳалламиздаги 868 оилада 3 минг 860 киши яшайди.Тўғри, уларнинг аксарияти томорқасида деҳқончилик қилиб, ўз ҳаётини ўнглаб олган. Шунингдек, тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланиб, чорвачилик, асаларичилик ва паррандачиликни йўлга қўяётган, иссиқхона барпо этиб, қишин-ёзин турли неъматлар етиштираётган хонадонларимиз сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Масалан, Мусурмон Бобоқуловлар оиласида тўрт ўғил, икки қиз камолга етди. Улар ўқиб, турли касбларнинг этагидан тутди. Уйли-жойли бўлди. Бугун билаги деҳқончиликда қотган М.Бобоқулов ва турмуш ўртоғи кенжа фарзанди билан бир ҳовлида яшайди. Ўтган йили келини Н.Тошпўлатова “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 20 миллион сўм кредит олиб, 9 сотих ерда замонавий иссиқхона қурди. Келин ва қайнона биргаликда меҳнат қилиб, помидор етиштирди, яхшигина даромад олди. Бу оилани нега мисол келтирдик? Биласизми, маҳалламизда ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиб, рўзғорнинг ками-кўстини ямаётган, тўй қилиб, янги уй қураётган одамлар кўпайиб бораётгани учун ҳам бу хонадонни ибрат сифатида кўрсатгим келди. Бундай хонадонлар тўкин яшаш сирларини бошқаларга кўрсатаётгани учун ҳам бу оилани тилга олдик.

05.jpg

06.jpg

Мавриди келганда яна бир нарсани айтмоқчиманки, айни пайтда маҳалламизда 80 дан ортиқ хонадон намунавий лойиҳалар асосида қурилган замонавий уйларда яшайди. Бу уйлар серқатнов, кенг автомобиль йўли бўйида барпо этилган. Лекин маҳалламизнинг ичкарисида баъзи кишилар камбағалликда турмуш кечираётгани ҳам сир эмас. Кўп фарзандли айрим оилаларимизнинг ижтимоий муаммолари мавжуд. Бу билан нима демоқчиман? Жорий йилдан бошлаб, жойларда маҳаллабай тизими асосида масъуллар ҳар бир оила билан манзилли ишлагач, уларнинг яшаш тарзи ва имкониятлари кўзга яққол ташланиб қолади. Жисмоний имконияти чекланган ёки бошқа сабабларга кўра ҳаёт тарзини ўнглаб ололмаётган инсонлар қўллаб-қувватланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари нотинч оилаларда юзага келаётган носоғлом муҳит ҳар тарафлама ўрганилиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилади. Бу борада олиб борилаётган барча ишлар аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлашни янги даражага олиб чиқиш, нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ўз самараларини беради.

Мансур Хайрутдинов,
Сурхондарё вилояти Термиз
туманидаги “Солиобод” МФЙ раиси

Манба: ЎзА / Кўришлар: 21

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech