Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Маҳалла – мозий, бугун ва келажакни туташтирувчи маскан
21 Mar 2020

22 март – Маҳалла тизими ходимлари байрами куни

Кўпчилик маҳалла ҳақида сўз юритганда унинг вужудга келиши ва ривожланиши жуда қадим тарих саҳифаларига бориб тақалиши ҳақида сўз юритишади. Чиндан ҳам шундай.

«Маҳалла» атамасининг келиб чиқиши ҳам узоқ тарихга бориб тақалади ва у арабча сўз бўлиб ўзбек тилидаги «жой» маъносини билдирувчи «маҳаллун» сўзидан келиб чиққан.

У турли минтақаларда маҳаллот (жой), гузар, жамоа, элат, элод номларида аталиб келинган. Аммо маҳалла нафақат тарих, балки бугунги ва эртанги кунимизни ҳам туташтириб турувчи маскан ҳисобланади. Шу билан бирга маҳалла миллийлигимиз тимсоли ҳамда қадрятлар ва урф-одатларни авлоддан авлодга етказувчи ижтимоий макон сифатида, ўзлигимизни англашга, миллий ғурур ва ватапарварликни юксалтиришга хизмат қилади.

Қадим замонлардаёқ юртимизда маҳаллалар ижтимоий ҳамкорлик маскани сифатида шарқона демократиянинг ядроси бўлиб хизмат қилган. Маҳалла аҳли жамоага оид масалалар ҳал этишдан ташқари, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, тўй ва тазияларда хонадон соҳиблари билан бир тану бир жон бўлиб унинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишда ҳам иштирок этган. Маҳалла аҳли томонидан қабул қилинган қарорлар барча томонидан бирдек оғишмай ижро этилган. Нега деганда, бундан қарорлар шундай қабул қилинганки, унинг одилона ва тўғри эканлиги ҳар қандай шубҳага ўрин қолдирмаган.

Бугун юртимизда маҳалла институти расмий ном билан фуқaрoлaрнинг ўзини ўзи бoшқaриш органлари деб аталади. Ўзбекистонда фуқaрoлaр ўзини ўзи бoшқaришнинг ноёб усули – мaҳaллa институти азалдан чинакам миллий қадриятлар, эзгу амаллар маскани бўлган. Ушбу ноёб ижтимоий тузилма Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, мустақиллик йилларида аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини ҳаётга тадбиқ этишда энг муҳим ташкилий-институционал бўғинга айланди.

Маҳалла институти жуда қадим тарихга бориб тақалади. Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда маҳалла каби ўзини ўзи бошқарувчи ижтимоий ташкилотнинг ноёб шакли азалдан мавжуд бўлган ва шу кунгача ҳам сақланиб қолган.

Бу борада Ўзбекистонда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш узоқ тарихий ривожланиш ҳосиласи бўлиб, унинг шаклланиши инсоният бирлашиб яшай бошлаган бронза даври (милоддан аввалги 3-2 минг йилликлар) билан боғлиқ эканлиги, дастлабки шаҳарларни вужудга келишида ҳам айнан маҳаллалар асос бўлганлиги кўплаб тарихий манбаларда қайд этилган.

Ушбу даврлардан оилалар бирлашиб янги турмуш тарзини ва умумийлик, ҳамма учун тааллуқлилик қоидаларини шакллантирганлар.

Археологик маълумотлар Ватанимиз ҳудудида маҳалла тизимининг илк белгилари жез даврига бориб тақалишини кўрсатади.

Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги Сополлитепа манзилгоҳидаги жез даврига тегишли манбаларининг гувоҳлик беришича, у ерда милоддан аввалги ХVIII – ХV асрларда саккиз оиланинг бир жойдаги манзилгоҳи қайд этилган. Бу оилаларни фақат уруғ жамоасигина эмас, балки ишлаб чиқариш манфаатлари ҳам бирлаштириб турган. Кейинчалик уларнинг сафига патриархал тизим асосида 100 дан ортиқ оилалар келиб қўшилган. Катта оилалар жамоасини улар орасидан сайланган оқсоқол бошқарган. Оқсоқоллар ўз навбатида олий оқсоқоллар кенгашига бирлашган. Оқсоқоллар, одатда, жамоа – қишлоқ ҳаёти билан боғлиқ барча масалаларни олий кенгаш орқали ҳал қилишган.

Бундан ташқари, милоддан аввалги III асрдан то милодий V аср бошларигача қадимги Паркана (Фарғона) давлатида ҳам жамоалар ҳаёти билан боғлиқ масалаларни оқсоқоллар кенгаши ҳал этган. Кенгаш, асосан, сулҳ тузиш, вазирлар таркиби ва солиқларни тайинлаш, уруш эълон қилиш, жамоа ишларига сафарбар этиш каби масалалар билан шуғулланган.

Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида Бухорода бундан 1100 йил илгари бир қанча маҳаллалар бўлганини қайд этиб ўтган. Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» асарида маҳаллани «маҳалла шаҳар ичидаги шаҳарча» деб таъриф берилган ҳамда Ҳирот шаҳри юз шаҳарча аҳамиятига эга бўлган маҳаллалардан ташкил топганлиги қайд этилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, маҳаллаларнинг дастлабки белгилари жамоавийлик асосида вужудга келган.

Ўрта асрларга келиб маҳалла тизимида қатор ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Амир Темур ва темурийлар даврида маҳаллаларга катта масъулият юкланган. Масалан, Соҳибқирон ўз салтанатида қашшоқлар сонини камайтириш мақсадида камбағал ва қашшоқларга ғазнадан нафақалар белгилашни маҳаллалар орқали амалга оширган.

Ўрта асрларда маҳаллалар фуқароларнинг касб-кори асосида шаклланган ва шунга қараб номланган. Масалан, заргарлик, мисгарлик, кўнчилик, пичоқчилик, қошиқчилик, темирчи, эгарчи, тақачи ва ҳ.к.

Маҳаллалар қадимдан ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим роль ўйнаган. Бу борада Алишер Навоий ўз даврида жамият тузилиши ва турли табақаларнинг турмуш тарзини ўрганар экан, маҳаллаларда 32 хил ижтимоий қатлам ҳақида маълумот беради. Унда юқори синф вакиллари, камбағаллар, бева-бечоралар, етим-есирлар, муҳтожлар, текинхўрлар ҳам алоҳида кўрсатилган.

Жумладан, ижтимоий қатламларнинг йигирма еттинчисини ғариб ва бечоралар, йигирма саккизинчисини гадойлар ташкил этишини эътироф этади. Алишер Навоий бу каби табақаларнинг қашшоқликдан чиқишларига кўмаклашиш ва ижтимоий муҳофазалашда маҳалланинг ўрни тўғрисида ижодий изланишлар олиб бориб, ушбу қатламларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини енгиллаштиришга кўмаклашувчи ва барчага бирдай хизмат кўрсатувчи 52 работ, 16 кўприк, 9 ҳаммом, қатор масжид, мадраса, хонақоҳ ва шифохоналар қурдириб маҳаллалар ихтиёрига топширади.

Чор Россиянинг мустамлакачилиги даврида маҳалла тизимида кескин ўзгаришлар амалга оширилди. Бошқача қилиб айтганда Чор Россияси маъмурияти маҳаллаларни ўз мақсадларига, мустамлакача бошқарувга мослаб ислоҳ қилди. Хусусан, 1903 йилда қабул қилинган «Туркистон ўлкасини идора этиш Низоми»га мувофиқ, ўлкадаги вилоятлар уъезд, шаҳар, волость ва овулларга бўлинган. Вилоят ва уъезд маъмурий идоралари жойлашган аҳоли марказлари шаҳар ҳисобланган. Шуни айтиш керакки, ҳар бир волость 1000 дан то 2000 гача хонадонни ёки 10-13 қишлоқ жамоа (оқсоқоллик)ни ўз ичига олган. Оқсоқолларнинг вазифалари ўз ҳудудида мажлис ва йиғинларни ташкил этиш, солиқ ва бошқа тўловларни йиғиш, расмийлаштириш ҳамда уларни давлат хазинасига топширишдан иборат эди.

Собиқ совет ҳукумати даврида маҳаллаларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармади. Бу даврда советлар ҳукумати маҳаллага ўтмиш сарқити сифатида қараган. Бошқача айтганда, собиқ тузум мафкураси маҳаллаларни расман тан олмади, уларни жамиятни бошқариш тизимига киритмади. Маънавият, таълим-тарбия соҳасида маҳалланинг аҳамияти йўққа чиқарилди.

Жумладан, 1920 йил бошларида совет ҳукумати маҳаллалар вазифасини чеклаш ва ўзига бўйсундиришга интилди, бу ҳол маҳалла фаолиятига ўз таъсирини ўтказди. Туркистонда совет ҳокимияти томонидан шаҳар кварталлари ўрнига маҳалла комиссиялари номли ҳокимият институти жорий қилинди. Ушбу комиссиялар 1922-1923 йилларда Туркистон АССР Ички ишлар халқ комиссарлиги фармойиши билан қонунийлаштирилган ва расмий мақом олган. Уларнинг асосий вазифаси аҳолидан солиқ йиғишда молиявий ташкилотларга ёрдам бериш, ҳовли ва ариқларни тозалашни назорат қилишдан иборат бўлган.

1932 йил 17 апрелда Ўзбекистонда биринчи маротаба шаҳарлардаги маҳалла қўмиталари тўғрисида Низом қабул қилинди. Маҳалла қўмитаси уч кишидан (раис, ўринбосар ва котиб) иборат бўлиб, улар умумий йиғилишларда аҳоли томонидан сайланган.

1941 йилда Ўзбекистон ССР халқ комиссарлари совети шаҳарлардаги маҳалла комитетлари ҳақидаги Низомнинг янги таҳририни қабул қилади. Ушбу Низом талабларига кўра, маҳалла комитетлари аъзолари меҳнатларига ҳеч қандай ҳақ олмас эди. Маҳалла комитетлари молиявий-хўжалик ишлари (ошхоналар, чойхоналар, сартарошхоналар очиш ва уларни ишлатиш) билан шуғулланишлари мумкин эмас эди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида маҳалла байналмилалчилик табиатини намоён этди. Уруш даврида маҳалла қўмиталари армияга чақирувни ташкил этиш, аҳолидан посилка жўнатиш, кўчириб келтирилган аҳоли ва болаларни жойлаштиришда фаол иштирок этди.

1953 йил 3 апрелда Ўзбекистон ССР Министрлар кенгашининг «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниб, унда маҳаллаларнинг солиқ йиғишдаги амалий вазифаси ўз долзарблигини йўқотди.

1961 йилнинг августида Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан чиқарилган «Республика шаҳар, қишлоқ, посёлкаларидаги ва овулларидаги маҳалла қўмиталари тўғрисида»ги Низомда ҳам маҳаллага юридик шахс мақоми берилмаган эди. «Маҳалла қўмиталари бирон-бир молиявий хўжалик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас, улар олди-сотди, ижарага бериш ишларини бажаришда қатнашишлари мумкин эмас» эди. Маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатлари чекланган эди. Асосий эътибор маҳаллаларни қишлоқ хўжалиги ва колхозларга оид вазифаларни бажаришга сафарбар этишга қаратилган.

Қайта қуриш даврига келиб маҳаллаларга нисбатан муносабат бир мунча ўзгарди. 1990 йилнинг 9 апрелида илк бор маҳаллар фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун, яъни «СССРда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва маҳаллий хўжаликлар борасидаги дастлабки тадбирлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Иттифоқдаги Республикалар, шу жумладан Ўзбекистон ССР ҳам, СССР қонунига мувофиқ, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тўғрисида ўз қонунларини қабул қилишлари лозим эди. Совет Иттифоқининг таназзулга юз тутиб бораётганлиги туфайли бу масаланинг ҳал этилиши кундан-кунга мураккаблашиб борди. Шу сабабли «СССРда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва маҳаллий хўжаликлар борасидаги дастлабки тадбирлар тўғрисида»ги қонуни амалда ҳаётга тадбиқ этилмади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач маҳаллаларга нисбатан муносабат тубдан ўзгарди. Маҳаллаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида тарихий янги давр бошланди. Маҳалланинг нуфузини кўтариш нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масала эканлиги устувор вазифа сифатида белгиланиб, уни мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ишончли таянчи ва таъсирчан кучи бўлиб хизмат қилишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг ҳудудий бирликлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Асосий Қомусимизда белгиланган қоида асосида фуқароларнинг ўзини ўзини бошқаришини шакллантириш жараёнларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилина бошланди. Жумладан, 1993 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрнини тубдан ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун кейинчалик икки марта, яъни 1999 йил 14 апрелда ҳамда 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинди.

1999 йил 14 апрелда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлар доирасини кенгайтириш, уларни амалга ошириш механизмларини яратиш каби масалаларни ҳуқуқий тартибга солишда катта аҳамият касб этди. Хусусан, 1993 йилдаги Қонунда фуқаролар йиғинларининг 7 та ваколати мустаҳкамланган бўлса, 1999 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Қонунда 23 та ваколат белгиланди.

2013 йилнинг 22 апрелида қабул қилинган янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида эса фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга, уларнинг вазифалари кўламини кенгайтиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин муносабатларини таъминлашга қаратилган нормалар ўз ифодасини топди.

Жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари кам таъминланган оилалардан бўлган ёшларга, шу жумладан, уларга никоҳ тузишда ва тўй тадбирларини ўтказишда қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш, ҳудудда жойлашган (яшаётган) тадбиркорлик фаолияти субъектлари, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар олинишида белгиланган тартибда кафил бўлиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини, айниқса, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этишга оид ваколатлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди.

2019 йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон эса фуқаролар йиғинларининг уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини аниқлаб, оғирини енгил қилиш борасида давлат идоралари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатини муносиб баҳолаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони фуқаролар йиғинларига хос бўлмаган функциялар юклатилаётганлиги, уларнинг бошқа қуйи идоралар билан ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилмаганлиги, оила, хотин-қизлар ва кексаларга ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар самарали натижа бермаётганлиги жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётганлигини инобатга олиб, мазкур соҳада мақсадли ҳамда манзилли чора-тадбирларни белгилаб берди.

Хусусан, аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида энг муҳим янгиликлар қуйидагилардан иборат эканлигини таъкидлаш ўтиш жоиз.

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этиш таклифи киритилди;

учинчидан, фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланиши ҳақидаги таклиф маъқулланди;

тўртинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган 46 та ҳамда худди шундай профилактика (катта) инспекторларига юклатилган 13 та вазифа ҳамда функциялари қисқартирилди.

бешинчидан, маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март санасини «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Бу эса 2020 йил 2 мартдаги «Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинишига асос бўлиб хизмат қилди.

Зеро муайян касб ва соҳа эгаларига давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва эътирофнинг рамзи сифатида уларнинг касб байрами кунини нишонлаш муҳим аҳамият касб этади. Бироқ шу кунга қадар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари куни белгиланмаган эди.

Фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари кунининг белгиланиши бу соҳага, хусусан унинг заҳматкаш ходимларининг меҳнат фаолиятига нисбатан давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг амалий ифодасидир.

Фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари кунининг 22 март санасига белгиланишининг ҳам ўзига хос рамзий сабаблари мавжуд.

Хусусан, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг туб негизида халқимиз табиатига мос бўлган ҳамда онгу- тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган бунёдкорлик, яратувчанлик, янгиликка интилиш каби эзгу фазилатлар мужассам бўлиб, улар табиатнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш баҳор билан, Наврўз байрами билан узвий боғлиқ.

Ушбу фаслда маҳалла-кўй бир-бирига қалб-қўрини бағишлаб яшаш, беморлар, етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олишга интилиш, кундалик турмушда учраб турадиган гина-кудратларни унутиш, жамиятимизни аҳиллик ва ҳамжиҳатликка чорлаш каби инсоний туйғулар янада кучаяди.

Халқимизга хос ушбу миллий анъаналар эса минг йиллик тарихга эга маҳаллаларимизда шаклланиб, ардоқланиб келмоқда

Қолаверса, 21 март куни Шарқ халқларида бўлгани сингари бизнинг юртимизда ҳам шарқона янги йил – Наврўз байрами сифатида нишонланади. 22 март – кеча билан кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш, баҳорнинг бошланиш даврига тўғри келади.

Наврўз байрами ва маҳаллаларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Наврўз байрами ҳақида сўз юритилганда беихтиёр кўз олдимизга шарқона маҳаллалар келади. Қадим-қадим замонлардаёқ Наврўз байрами маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари бошчилигида нишонланган.

Шу сабабли 22 март куни, яъни Наврўз байрамидан кейинги куннинг фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари куни сифатида нишонланиши аслида қўшалоқ байрам ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб, маҳалла тизими ходимларини бугунги байрам билан табриклаймиз ҳамда оилалар мустаҳкамлиги, аҳоли саломатлиги, хонадон ва кўчаларнинг ободлиги, маҳалла хавфсизлиги, ёшлар тарбияси, бандлик, маънавият ва маърифат каби соҳалардаги кенг кўламли масъулиятли, айни пайтда эзгу ва шарафли ишларида омадлар тилаймиз.

Хайрулла ҚИЛИЧЕВ,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

(ИИВ Академияси)

Манба: ЎзА / Кўришлар: 10

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech