Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Маҳалла бинолари давлат-хусусий шериклик асосида қурилмоқда
26 Feb 2020

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Юқори юз” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

 Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Маҳаллалар жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда энг муҳим бўғинлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур тузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада дастлаб, Президентимизнинг 2017 йилнинг 3 февралида “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йилнинг 2 апрелида “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари қабул қилиниб, маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, жамият ривожида тутган ўрнини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

 Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралда соҳага доир яна бир муҳим – “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши эса фикримиз тасдиғи бўлиб, мазкур қарор билан белгилаб берилган ваколат, имтиёз ва устувор вазифалар тузилма фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

 Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада тадбиркорларини фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш, уларни зарур мебель, компьютер, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилояти, хусусан Қибрай туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Туманимизда 88 та фуқаролар йиғини фаолият юритади, – дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Х.Авазматов. – Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги ва 2019 йил 2 апрелдаги тегишли фармони талабидан келиб чиқиб, айни пайтга қадар уларнинг 37 тасида реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди. 2019 йилнинг ўзида 5 та фуқаролар йиғини биноси давлат-хусусий шериклик асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда туманда 8 та фуқаролар йиғини биноси ана шундай тартиб – давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши режалаштирилган.

Бу борада жорий йилга мўлжалланган режага мувофиқ, фойдаланишга топширилган “Юқори юз” фуқаролар йиғинининг янги биносида ходимлар ва маҳалла аҳолиси учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилди.

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА

Манба: ЎзА / Кўришлар: 121
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech