Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Кузда уюладиган хирмон деҳқонларнинг шу кеча - кундуздаги меҳнатига боғлиқ
26 Jan 2018

Жиззах вилояти Дўстлик тумани «Бунёдкор» маҳалласида дала ишлари қизғин. Боиси ўтган йили ҳудуддаги белгиланган шартномавий режани уддалай олмаган фермерлар бундан тегишли хулоса чиқаришди.

Шу боис деҳқонлар айни кунларда зарур дала юмушларини юқори агротехник талаблари даражасида бажаришаётир. Мақсад — кузда уюладиган катта хирмонга мустаҳкам пойдевор яратишдир.

— Фермерлар томонидан сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, яхоб бериш тадбирлари уюшқоқлик билан олиб борилаётир.— дейди «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нормурод Покиров. — Бу ишга жалб этилган 200 нафардан ортиқ ишчилар учун яратилган шароитлар фуқаролар йиғини назоратида.

Халқимиз «Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда», деб бежиз айтмайди. Ҳақиқатан, ер оби-тобида ҳайдалса, нафақат тупроқ унумдорлиги ошади, балки қишлов тараддудида ер остига интилаётган зараркунандалар ҳам қирилади. Ерга ҳайдовдан олдин минерал ва маҳаллий ўғитлар сочилса, ҳосилдорлик янада яхшиланади. Бу ҳар қандай уруғнинг ўз вақтида, бақувват, баравж ривожланишини таъминлайди.

— Ўтган йили 74 гектар майдоннинг 30 гектарига пахта, 30 гектарига ғалла, 14 гектарига эса чорва учун озуқа экдик, — дейди фермер Бахтиёр Кулиев. — Экин майдонларимизнинг шўрланиши, сув тақчиллигига қарамасдан гектаридан 55 центнердан ғалла, 30 центнердан пахта олдик. Бу деҳқонларимизнинг қишин-ёзин қилган меҳнатлари самараси, албатта. Хўжалигимизни секин-аста кўп тармоқлига айлантириш тараддудидамиз. Ўтган йили 30 бош йирик шохли қорамол сотиб олдик. Ҳозир маҳалламиздаги болалар боғчасини сут билан таъминлаяпмиз. Келгусида сутни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш ниятидамиз.

Куз-қиш мавсумининг қурғоқчилик билан ўтаётгани сув танқислигидан далолат. Шунинг учун ҳудудда бор имкониятни ишга солиб, шўр ювиб, яхоб суви беришга жиддий эътибор қаратиляпти. Ҳозирдан ерда етарли миқдорда нам тўпланмаса, ғўза парвариши давомида қийинчилик юзага келади.

Фермерлар уюшмасига қарашли устахонада ҳам қишлоқ хўжалиги техника воситалари мавсумга шай ҳолга келтирилган.

— Бизда эҳтиёт қисмлар, мойлаш ва бўёқлаш ашёлари етарли, — дейди механизатор Даврон Маллаев. — Ишчилар учун иссиқ овқат, дам олиш шароитлари яратилган. Бу меҳнат унумини оширяпти.

Бир сўз билан айтганда, ҳудудий фермерлар уюшмасида куз-қиш мавсумида амалга оширилиши лозим бўлган дала юмушлари авж паллада. Кузда экилган ғалла парвариши агротехник талаблар асосида олиб бориляпти. ўаллазорларга кимёвий ишлов берилди, азотли ўғитлар билан озиқлантирилди.

Хуллас, уюшма деҳқонлари бор имкониятларни ишга солиб, гектарлар ҳосилдорлигини ошириш, шу тариқа, ўтган йилги хато ва камчиликларни бартараф этиш ниятидалар.

Манба: Бекпўлат ТОҒАЕВ «Mahalla» / Кўришлар: 142

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech