Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
26 Jan 2018

Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили 2 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, жабрдийдаларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Йил сайин бу жиноят кўлами ортиб бораётгани янада ташвишланарлидир.

Одам савдосининг олдини олишда республикамиз, хусусан, Жиззах вилоятида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, халқ таълими, прокуратура, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорликда одам савдоси жиноятининг мудҳиш оқибатлари ва унинг домига тушиб қолаётганлар тақдири, бу иллатнинг мамлакат тараққиёти, миллий қадриятларимиз, маънавиятимизга таъсири тўғрисида тушунтиришлар олиб бораётир.

Бугун ушбу жиноий фаолият ортида оғир меҳнатга зўрлаш, фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлаш, ҳарбий тўқнашувларда фойдаланиш каби манфур мақсадлар яширинганини ҳамма ҳам билмайди. Натижада унинг исканжасига тушиб қолаётганлар кўпаймоқда.

— Ачинарлиси, маҳаллаларда одам савдоси, унинг мудҳиш оқибатлари ҳақида доимий равишда тарғибот олиб борилаётганига қарамай, айримлар осон пул топаман, деган хаёлда «одамфуруш»лар тузоғига илинмоқда, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилояти кенгаши раисининг ўринбосари Нигора Усмонова. — Чунончи, ўтган йил давомида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда барча маҳаллаларда «Қулликка рози бўлманг!» мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Аммо ҳамон хорижнинг хўрозқандини орзу қилаётганлар учрамоқда.

Халқимизда, «Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга соладир», деган нақл бор. Инсон бошига тушадиган ташвишларга унинг туганмас эҳтиёжлари, нафс балосига гирифторлиги сабаб бўлиши айни ҳақиқат. Аммо буни ҳамма ҳам бирдек тушуниб етавермас экан. Йўқса, жиззахлик 28 ёшли жувон Лобар Соатова (келтирилган исм-шарифлар ўзгартирилган) арзимаган сабаблар билан фарзандини отасиз қолдирмас, аёллик иффатидан воз кечиб ўзга элларда сариқ чақа учун сарғаймас эди. Ўткинчи ҳою ҳавас деб, кафеда танишиб, кейинчалик қадрдони бўлиб қолган опаси Малика Юсупованинг қўлига ўзини топширмасмиди?!

Ўз хатосини Бангкок кўчаларидаги тубан ҳаёт ичида англаган жувон йўл топиб ижтимоий тармоқ орқали Жиззах вилоятидаги «Istiqlol avlodi» ҳуқуқшунослик марказига мурожаат қилди. Марказ аъзоларининг саъй-ҳаракати билан яқинда Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ва Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) кўмагида у оиласи бағрига қайтди. Унга марказ томонидан тиббий, руҳий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, саломатлиги тикланди. Уни буюмдек пуллаган шахслар эса жиноий жавобгарликка тортилди.

— Ўтган йили Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) кўмагида хорижий давлатларда одам савдосидан жабрланган 21 нафар юртдошимиз оиласига қайтарилди, — дейди «Istiqlol avlodi» ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Назифа Камолова. — Жабрланганларнинг 10 нафари Россия Федерациясидан, 9 нафари Қозоғистондан, 2 нафари Таиланд, 1 нафари эса Малайзиядан ватанимизга қайтарилди. Уларнинг 6 нафари аёллардир.

Бу рақамларнинг ўзиёқ ушбу иллат ҳудуд ва чегара танламайдиган трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланиб бораётганидан далолатдир.

БМТ экспертларининг фикрича, жиноий гуруҳларнинг одам савдосидан оладиган йиллик даромади 5-7 миллиард АҚШ долларини ташкил этар экан. Бу дунёдаги асосий истеъмол маҳсулотлари сотилишидан келадиган умумий даромадга тенг маблағдир.

Имон-эътиқод, инсоф, виждон каби соф инсоний тушунчалардан йироқ манфур кимсалар нафс қутқуси йўлида ҳеч ким ва ҳеч нарсани аямайдилар. Уларга қарши курашиш учун эса ҳар бир инсон янада огоҳ бўлиши, ҳар қандай ваъдаю чақириққа эргашмаслиги лозим. Акс ҳолда, сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, надоматда қолиш ҳеч гапмас.

Манба: Бекпўлат ТОҒАЕВ «Mahalla» / Кўришлар: 148

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech