Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ижодга меҳр маҳаллада уйғонади
2 Nov 2018


Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Юртобод” маҳалласида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида адабий-бадиий тадбир ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 26 октябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманига ташрифи давомида Тошкент шаҳри ва Юнусобод тумани ҳокимлари, мутасаддилар ва секторлар раҳбарлари, маҳалла раислари билан учрашиб, туманни иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берган эди.

Самимий мулоқот чоғида сўзга чиққан “Юртобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нажот Ниёзовнинг салоҳияти, амалга ошираётган ишлари, шунингдек, “Фидойилик мадҳи” шеъри Юртбошимиз томонидан юқори баҳоланиб, уни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш тўғрисида тавсия этган эдилар.

Бугун ўтказилган адабий-бадиий тадбирда ижодкор раис Нажот Ниёзов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига тантанали равишда қабул қилинди.

Бадииятга, шеъриятга ошнолик, китобга муҳаббат инсонни камолот сари етаклаши, боз устига, бундай сифатларга эга раис бошқараётган маҳаллада маънавий муҳит барқарор бўлиши шубҳасиз.

Нажот Ниёзов қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, бадиий ижод билан мунтазам шуғулланди, адабиётни ўзига ошно билди. Унинг “Шукроналик” (2010 йил), “Ўзбегу уйғурим” (2012 йил), “Ҳикматли ва бағрикенг юртим” (2013 йил) номли китобларида Она ватанга, эл-юртга, маҳалладошларга муҳаббат, ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, иймон-эътиқод, миллатлараро дўстлик каби инсоний фазилатлар улуғланган.

Н.Ниёзов томонидан маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида тумандаги 258-мактабда “Ёшлик илҳомлари” номли ижодий тўгарак ташкил этилган. Мазкур тўгаракда мактаб ўқувчиларидан ташқари, Иқтисодиёт коллежининг иқтидорли, адабиётга ҳавасманд ўқувчилари ҳам фаол иштирок этиб, адабиётнинг сир-асрорларидан чуқур баҳраманд бўладилар. Тўгарак йиғинларида ёш қаламкашларнинг ижод намуналари муҳокама этилади, турли китоблар тақдимоти ўтказилади.

Тадбир жараёнида бадииятга, шеъриятга ошнолик, китобга муҳаббат инсонни камолот сари етаклаши, боз устига, бундай сифатларга эга раис бошқараётган маҳаллада маънавий муҳит барқарор бўлиши алоҳида эътироф этилди. “Юртобод” кўплаб ижобий кўрсаткичлари билан намунали маҳаллалар сафидан жой олган бўлиб, жорий йилда бирорта жиноят, оилавий ажрим юз беришига йўл қўйилмади.

Маҳалла раисининг таъкидлашича, бундай муваффақиятлар кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган аҳоли муаммоларини ўрганиш ва унга ечим топиш, оилалар фаровонлигини оширишга қаратилган халқчил ижтимоий сиёсатнинг амалий натижасидир.

Маҳаллада Хаж ва Умра сафарини ният қилган юртдошларимизни маҳалла ишига кенг жалб этиш, уларнинг ҳаётий тажрибаси, панд-насиҳатини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Маҳаллада нисбатан ижтимоий-маънавий муҳит оғир ҳисобланган оилалар маҳалладаги ҳожилар, умра зиёратини ўтаб келган кишиларга бириктириб қўйилган. Натижада турли қўйди-чиқдилар, оилавий муросасизликлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ишлар самарадорлиги сезиларли даражада ортди.

Эҳтиёжманд оилаларнинг моддий шароитини яхшилашга ҳам бутун маҳалла аҳли бош қўшгани боис, рўйхат кескин қисқариб, айни пайтда 2 тани ташкил этмоқда.

Маҳалла ходимларининг уйма-уй юриб, одамларимизнинг ҳаётий муаммоларини ўрганаётгани, уларнинг турмуш ташвишлари ва қувончларига шерик бўлиб, дардини тинглаётгани, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашаётгани бу тузилма ҳақиқатдан ҳам халқ бошқарувининг ноёб механизми сифатида шаклланганидан далолатдир.

Бу эса ҳозирги кунда маҳаллалар Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган «Маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, «Адолат тарозиси»га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди» деган устувор вазифалари асосида одамларнинг ўз муаммо ва таклифларини билдирадиган идорага айланиб бораётганидан гувоҳлик беради.

Эътироф этиш керакки, қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилган бўлса, ҳар бир фуқаро билан яқин ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ва кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмаяпти. Юнусобод туманининг “Юртобод” маҳалласи айни шундай маҳаллалардан биридир.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Юртобод” маҳалласида 4 320 аҳоли истиқомат қилади, хонадонлар сони 1 325 та. Кўпмиллатли маҳалла ҳудудида 2 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим муассасаси, 3 та дорихона, гўзаллик салони, 6 та савдо дўкони, 6 та болалар майдончаси мавжуд.

Маҳалла раисининг шеъриятга ошнолиги тасодифан эмас, маҳаллада илму маърифат, санъат ва адабиётга эътибор ҳар доим юқори бўлган. Хусусан, таниқли ёзувчи Адҳам Дамин, физика-математика фанлари докторлари Бозорбой Исломов, Аҳмад Раҳимов, техника фанлар доктори Давлат Муҳаммадиев айни шу масканда яшаб ижод этишган. Шунингдек, шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони Дмитрий Қаюмов ва Ольга Қаюмова шу маҳалла фуқаролари. Қолаверса, сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган, ҳаётбахш ислоҳотлар, инсонпарварлик сиёсати маҳалла раиснинг қалбига илҳом солган.

Тадбир давомида турли мавзуларда шеърлар, куй-қўшиқлар янгради. Китобхонлик маданиятини юксалтиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан кўп миқдорда китоб – ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари маҳаллага совға сифатида топширилди.

Манба: Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ахборот хизмати / Кўришлар: 81

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech