Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ислоҳотлар ривожи, аҳоли розилигини маҳалласиз тасаввур этиш қийин
26 Jan 2018

«Қиличмозор» маҳалласида намунали лойиҳа асосида бунёд этилаётган 14 та тураржой йиғинлар таклифи билан ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга тақсимланади ва улардан дастлабки тўлов бадали олинмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Илгари маҳаллий ҳокимият органларига тааллуқли бўлган 30 дан зиёд вазифалар бугун фуқаролар йиғинлари томонидан муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Ана шу ҳуқуқий, иқтисодий-маънавий асослар туфайли туманимизда ҳам маҳаллаларнинг юрт равнақи, Ватан тараққиётидаги ўрни тобора кенгайиб боряпти. Ўтган йили вилоятимизда «Жалақудуқ туманини 2017-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури» ишлаб чиқилди. Унинг ижросини эса маҳалла фуқаролар йиғинларининг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун ҳам, аввало, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши томонидан маҳалла фаолларининг иш шароитларини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Туманимиздаги 63 та маҳалла идорасининг 43 таси замонавий меъморлик ва қурилиш лойиҳалари асосида сифатли таъмирланди. Жумладан, «Гулистон», «Ўзбекистон», «Маданият», «Кесак» йиғинлари бинолари таъмири учун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Андижон вилояти кенгаши томонидан 146 миллион сўм сарфланди. Бу йил эса яна 20 тасини мана шундай кўринишга келтириш режалаштирилган.

Таъмирланган бинолар янги мебель жиҳозлари билан тўлдирилди ва бунинг учун ҳудудий кенгаш ҳисобидан 160 миллион сўм маблағ ажратилди.

Албатта, бундай шарт-шароит ва қулайликлар фуқаролар йиғинлари ишидаги самарадорликка ижобий таъсир кўрсатмоқда. Йиғинлар фаолиятидаги ютуқлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, кекса авлод вакиллари ижтимоий қўллаб-қувватланаётир. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида 5 нафар ногиронлиги бўлган кишига 2 хонали арзон уй-жойлардан берилди. Яна 111 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилага касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорликда 54,4 миллион сўм ёрдам пули тарқатилди. Шунингдек, 75 нафар касалманд киши учун бепул газ баллонлари, 100 та кам таъминланган хонадонга кўмир ёқилғиси етказиб берилди. Бундай ижтимоий ёрдам мавсумий эмас, мунтазам равишда амалга ошириляпти.

Кези келганда шуни айтиш керакки, жорий йилда «Қиличмозор» маҳалласида намунали лойиҳа асосида 14 та тураржой қурилади. Улар ҳам йиғинлар таклифи билан ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга тақсимланади, улардан дастлабки тўлов бадали олинмайди.

Президент фармонида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳалла ҳамда профилактика инспекторлари иштирокини кенгайтириш масаласи алоҳида кўрсатиб ўтилган. Хусусан, нозирларни аҳолига янада яқинлаштириш, улар учун қулай шароит яратиш ишлари тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлашда қўл келаётир.

Бизда ҳам 29 нафар профилактика инспектори маҳаллаларнинг ўзида тураржой ва «Мatiz» автомобили билан таъминланди. Энди улардан пировард натижани талаб қилаётирмиз.

Бугун аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи фаолиятимизнинг устувор вазифасига айланган. Ўтган йили 50 та лойиҳани ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳисобига 501 нафар ёш йигит-қизни доимий меҳнатга жалб этдик. Бу йил 64 та лойиҳани амалга ошириб, 1066 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирда «АlyortekS» Ўзбекистон — Хитой — Россия қўшма корхонаси, «Кurgantek», «Оptima fide» МЧЖ ва «Sofi qishloq paxta tozalash» акциядорлик жамиятларининг ҳар бирида 100 нафардан 500 нафаргача йигит-қиз муқим меҳнат билан банд.

Ҳаёт шиддат билан илгарилаб боряпти. Давр эса зиммамизга янгидан-янги, юксак, аммо масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Ана шу улуғвор ишларни рўёбга чиқаришда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши маҳаллалар билан ҳамкорликда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни ошириши, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаши, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши тақозо этилаётир.

Манба: Содиқжон ТУРДИЕВ, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқ-лаштириш бўйича туман кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони. pixelprime.uz - Cоздание сайтов, разработка сайтов в ташкенте / Кўришлар: 127

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech