Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Инсон ўзинг, инсон ўзинг...
7 Jun 2018

Андижон вилояти Балиқчи тумани “Навниҳол” МФЙ “Шовурғон” кўчаси 18-уйда истиқомат қилувчи Тўхтахон опа Тожибоеванинг бошига оғир мусибат тушади. Рафиқаси Латифжон ака жуда меҳнаткаш инсон эди. Уларнинг 40 гектар фермер хўжалиги бўлиб, оиласи фаровонлиги учун тиним билмай меҳнат қилар, ҳатто кечалари ҳам даладан уйга келмас эди. Кеч куз кунлари ерни суғораман, деб совуқ сувга киради ва қаттиқ шамоллаб қолади. Вақтида олди олинмаганлиги туфайли касаллик кучайиб боради. Барча кўрилган чоралар самарасиз бўлди. 2010 йил ноябрда Латифжон ака оламдан ўтди. Муштипар аёл 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз қолди. 

 – Мутахассислигим бўйича фельдшерман. Аммо бу соҳада фаолият кўрсатмадим. Хўжайинимнинг фермер хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишладим, - дейди кўзларида чуқур маъюслик чўккан аёл. – Хўжайиним қазо қилгач, қўлимда эмизикли бола билан қолиб, фермерлик ишларига вақтим бўлмади. Ер бошқаларга ўтиб кетди. Дипломим ҳам қайта 3 ойлик курсда ўқиб олмасам ўтмас экан. Далада оғир меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлдим. Ҳозир катта ўғлим 11 синфда ўқияпти, иккинчиси 7 синфни тугатди. Гулжаҳон қизим энди 1-синфни тамомлади. Март ойидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажаряпман. Бизга 430 минг сўмдан иш ҳақи беришади. Икки хонали уйим таъмирталаб бўлиб, ночор аҳволга келиб қолган. Ўзим у ер-бу ерини оқлаб юрардим. Меҳмон келса жуда ҳижолат чекардим. Ишчи гуруҳи ўрганишларидан кейин уни таъмирлаб беришга қарор қилишди. Очиғи, бу гаплардан бирор натижа чиқишига ишонмаган эдим. Аммо 4 та қурувчи йигит келиб, ишни тезлик билан бошлаб юборишди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг гапи билан амали бир инсон экан. Ўксик кўнглимизни, қаддимизни кўтарган раҳбарга икки дунё саодатини тилайман. 

 Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ажратилган 14 миллион сўм маблағ эвазига қурувчи ташкилот айни пайтда тупроқ билан тўлдирилган айвонни текислаб бетон қилишди. 2 хонали уйнинг шипи, уйнинг кириш қисми пештоқлари пластик билан қопланди. Эскирган дарча эшик олиб ташланиб, унинг ўрнига замонавий, кенг эшиклар қўйилади. 10 июнга қадар барча ишлар ўз ниҳоясига етказилади. 

 “Гўравон” МФЙ Бойлитепа кўчаси 95-уйда яшовчи Абдуфаттоҳ Ҳолиқов ҳам кам таъминланган ва эҳтиёжмандлар сафида. Шу сабабли неча йиллар ўтса-да, 4 хонали хонадонини тузук қуруқ таъмирлай олмаган. Унинг уйида ҳам таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди ва 15 июнда тўлиқ якунланади.

 Умуман олганда, туман миқёсида жами 25 та хонадонни таъмирлаш учун касаба ташкилотлари томонидан 350 миллион сўм ажратилди. Ҳозирда уларнинг 10 тасида нуқсон далолатномалари тузилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. “Али Даврон Муҳаммад Люкс” ва “Шамшодбек Ёрқин келажаги” қурилиш корхоналари ушбу ишларни амалга оширмоқда. 

 Ваҳоланки, ўтган йили 10 та уйга 80 миллион йўналтирилган эди. Бундан ташқари, 2017 йилда 111 та оилага маиший техника воситалари, чанг ютгич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, газ плитаси учун 110 миллион сўм ажратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 73 миллион сўмга 70 та газ плитаси кам таъминланган, ногирон, эҳтиёжманд, якка ёлғиз ва бева-бечораларга етказилди. 6 та оғир беморлари бор ва иқтисодий аҳволи қийин оилаларга эса қиммат дори-дармон воситаларини сотиб олиш учун 24 миллион сўм ўтказилди.

Манба: Лазиз Раҳматов, журналист / Кўришлар: 1

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech