Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Эпли қиз — элнинг эрка қизидир
26 Jan 2018

«Ўрдабоғ» фуқаролар йиғинидаги «Ораста қизлар давраси» тўгарагида 10 дан зиёд йўналишда ҳунар ўргатилмоқда.

Хусусан, бичиш-тикиш, тўқувчилик, пазандалик, зардўзликка талабгорлар кўп

Ушбу йиғинда яшовчи Нозима Йўлдошева Учқўрғон туманида ном чиқарган зардўзлардан. Айниқса, унинг Бухоро ҳамда Наманган зардўзлик услублари ҳамоҳанглигида яратаётган маҳсулотларига талаб катта.

— Бу ҳунарни маҳалламизга Бухородан келин бўлиб тушган Навбаҳор опадан ўрганганман, — дейди Н.Йўлдошева. — Шунга ҳам салкам йигирма йил бўлди. Маҳалламиз фаоллари тавсияси ва қўллаб-қувватлаши билан «Ораста қизлар давраси» тўгарагида қизларга зардўзлик сир-асрорларини ўргатишга қарор қилдим. Бугун 10 нафардан зиёд шогирдим бор.

Айни пайтда ҳудуддаги педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи қошида ҳам зардўзлик тўгараги ташкил этилган. Шунингдек, йиғинда спорт тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ўқувчиларнинг ёзги ва қишки таътил мавсумларида машғулотлар кунига 2 мартадан ўтказилаётгани икки юз нафарга яқин вояга етмаганнинг бўш вақтига мазмун бағишламоқда.

Бу каби мисолларни Наманган вилоятидаги мавжуд 770 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасидан келтириш мумкин. Айниқса, Уйчи, Чуст, Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳридаги аксарият маҳаллаларда «Устоз-шогирд» анъаналари яхши йўлга қўйилган. Масалан, Наманган шаҳридаги «Атанган гузар», «Баҳор», «Бўстон», «Дамбоғ», «Марғилон», «Шарқ тонги» каби ўнлаб йиғинларда ёшларни касб-ҳунарга йўналтирувчи тўгараклар намунали фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда ҳар бир коллеж ҳамда мактабларда «Ораста қизлар давраси» тўгараклари ташкил этилди. «Элобод» маҳалласи шулар жумласидан.

— Йиғин фаоллари ҳамда ҳудудимиздаги 77-умумтаълим мактаби маъмурияти билан ҳамкорликда «Ораста қизлар давраси» ва «Моҳир қўллар» тўгараклари фаолиятини аниқ режа-жадвал асосида йўлга қўйдик, — дейди «Элобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Рислиқхон Ёқубжонова. — Ҳозир машғулотларда 100 нафардан зиёд қиз ҳунар ўрганяпти. Бу, «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги йўналишидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз мевасидир. Сўнгги уч йилда фуқаролар йиғинида хотин-қиз, айниқса, ёшлар билан боғлиқ биронта жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилмагани бу йўлдаги амалий ишларимиз самарасидан далолатдир. Маҳалламизда нотинч, ноқобил оилаларнинг йўқлиги ҳам мақтансак арзийдиган жиҳатлардан. Бугун Наманган вилоятида 3 минг 424 та шундай тўгарак мавжуд бўлиб, уларга 181 мингдан зиёд ёш жалб этилган.

Таъкидлаш жоизки, «Ораста қизлар давраси» тўгараклари қизларимизни нафақат муайян бир ҳунарга йўналтириш, балки катта ҳаётга тайёрлаш, уларда тиббий маданиятни ошириш, шахсий гигиена қоидаларини шакллантириш, эрта турмушнинг олдини олишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Зеро, одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, бир сўз билан айтган, «эпли» қиз нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг бойлигидир.

Манба: Илҳомжон РАҲМАТОВ «Mahalla» / Кўришлар: 26

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech