Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Давр муаммосига қарши кураш —барчамизнинг бурчимиз
7 Nov 2018

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Ғани Аъзамов номли маҳаллада Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши ҳамда Одам савдосига қарши кураш бўйича туман ҳудудий идоралараро комиссияси ҳамкорлигида одам савдосининг салбий оқибатларига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, туман бандликка кўмаклашиш маркази, тиббиёт бирлашмаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда одам савдоси бутун дунёда долзарб муаммолардан бирига айлангани, афсуски, инсон шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида қараладиган мамлакатимизда ҳам айрим юртдошларимиз билиб-билмай ушбу иллат қурбонига айланиб қолаётгани таъкидланди. Шунингдек, мазкур иллатга қарши самарали курашиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бир қаторда, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда маҳалла фаоллари ҳамжиҳатликда ишлаши, бу борада биринчи навбатда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш лозимлигига эътибор қаратилди.

— Бу каби тадбирлар юртдошларимизнинг огоҳлигини ошириб, иллатлар қурбони бўлишдан сақлашга ёрдам беради, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Олмазор тумани кенгаши раиси ўринбосари Ж.Жонибеков. — Афсуски, ҳаётда нафс қулига айланган айрим фуқароларнинг ушбу жирканч савдони касб тутганига, баъзи фуқароларимиз эса уларнинг қурбонига айланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу каби ҳолатларга бутунлай барҳам бериш мақсадида одам савдоси билан боғлиқ қонунчилик ва унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш борасида кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ўқув-семинар давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик масалалари, одам савдоси жиноятларини аниқлаш ва фош этишда тезкор-қидирув тадбирларининг ўрни, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, одам савдоси жиноятининг асосий унсурлари, шу жумладан, вояга етмаган жабр­ланувчиларнинг психологик ва ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш усуллари, жабрланувчиларга кўмаклашиш каби масалалар юзасидан қизғин баҳс-мунозара ўтказилди.

Тадбир якунига кўра, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, одам савдосига имкон яратаётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этишга доир ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба: Фарҳод Толипов / Кўришлар: 27

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech