Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чинакам фуқаролик жамияти сари: янги вазирлик инсонлар юрагидаги эртанги кунга бўлган ишончни оширишга хизмат қилади
21 Feb 2020

Президентимиз томонидан қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги соҳа ривожида мутлақо янги, туб бурилиш даврини бошлаб берди. Маҳалла ижтимоий институтининг ҳуқуқий ва ижтимоий мақоми мутлақо юқори поғонага олиб чиқилди.

Адлия вазирлигида мазкур Фармон мазмун-моҳияти ҳамда янги Вазирлик фаолиятининг энг муҳим вазифа ва функцияларини кенг тарғиб этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига маъқулланган Раҳмат Маматов, Ички ишлар вазири ўринбосари А.Икрамов, соҳа мутахассислари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида сўз олган Раҳмат Маматов Президентимиз томонидан ташкил этилган мазкур вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи эканлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, вазирликнинг маҳалладан тортиб республика даражасигача бўлган 40 мингдан ортиқ ходимини ягона – халқимизни бугунги кунидан рози бўлиб яшаши учун бор имкониятларни ишга солиш мақсади бирлаштириб турганлиги алоҳида тўхталди.

Айтиб ўтилганидек, жамиятимизда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг имкон қадар самарали ташкил этиш, ободонлаштириш ишларини юртимизнинг чекка ҳудудларига қадар жадал олиб бориш, маҳаллаларимизни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида Вазирлик олдида қатор муаммолар ҳамда уларни имкон қадар самарали ҳал этиш масаласи турибди. Мутахассислар таъкидлаб ўтганидек, бу жараёнларни изчил амалга оширишнинг асосий йўналиши, албатта, фуқаролар йиғинларининг фаолиятини мунтазам қўллаб-қувватлаш ва шу орқали уларнинг иш самарадорлиги оширишдан иборатдир.

Раҳмат Маматов ўз сўзи давомида мавзуга доир энг муҳим тамойилларга тўхталар экан, жумладан, шундай деди:

– Фармонда белгилаб қўйилганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда профилактика инспекторлари ўз зиммасига юклатилган ортиқча, бошқа ташкилотлар хизмат доирасига тегишли кўплаб вазифалардан бутунлай озод қилинади. Улар энди фақат ўз иши билан машғул бўлади.

Маҳалла раиси – ўз ҳудудининг ҳақиқий эгаси. Шундай экан, у ўз қалбидан шу маҳалла одамларига меҳр қўйиб, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилмас экан, биз кўзлаган мақсадимизга ета олмаймиз. Бугун биз олдимизга қўйган вазифаларнинг асосий негизи ҳам шу – ишни аввало энг қуйи тизим – маҳалла фаолиятига оид муаммоларни бартараф этиш ва оилаларимиз тотувлиги, ундаги ҳар бир оила аъзосининг хоҳиш-истакларини ўрганиш асносида уларга ечим топишдан бошлашимиз зарур. Негаки, барчамизнинг ҳаётимиз, иш фаолиятимиз, қўйингки, умримиз мана шу икки қатлам билан боғлиқ. Биз барча куч ва имкониятларимизни янги ташкил этилган вазирлик тизими доирасида жамласак ва ишни тўғри ташкил этиб, фуқароларимиз билан доимий мулоқотни йўлга қўя олсак, Президентимиз, халқимиз истагидаги жамиятни барпо этишга, бунинг натижасида одамларимиз юрагидаги эртанги кунга бўлган ишончни янада оширишга эриша оламиз.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ички ишлар вазири ўринбосари А.Икрамов ўз сўзи давомида маҳаллардаги жиноятчиликни камайтириш, жиноят содир бўлмаган ҳудудлар сонини янада ошириш масалаларига тўхталар экан, профилактика инспекторлари эндиликда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритишини маълум қилди.

– Профилактика инспекторлари қоида тариқасида олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар орасидан 5 йил муддатга лавозимга тайинланади, – деди А.Икрамов. – Фуқаролар йиғинлари ходимларини давлат органлари ва ташкилотлари томонидан асосий вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашмаслик талабини бузганлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича ҳар чоракликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига таклифлар киритиб бориш тартиби жорий этилади.

Тадбир давомида журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олишди. Айниқса, сурхондарёлик блогер Фарҳод Умрзоқов, блогер Шаҳноза Соатованинг мавзуга доир қизиқарли савол ва мулоҳазалари иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Шахс дахлсизлиги, фуқаролар йиғинлари ходимлари ва маҳалла биноларининг моддий таъминлаш асослари, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, кам таъминланган оилаларга кўрсатиладиган моддий кўмакларнинг аниқ механизмлари ва шу каби бошқа кўплаб қизиқарли саволларга мутасадди раҳбарлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

вазирлиги матбуот хизмати

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 225

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech