Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Бувижоним ўгитлари
29 Dec 2017

«МАҲАЛЛАДА НИМА ГАП?»

Тинч юртга тўйлар, базмлар ярашади. Бироқ сўнгги пайтларда бундай тадбирларда ҳаддан ошишлар, кимўзару ўзини кўз-кўз қилишлар авж олди. Миллий қадриятлар асосида минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган тўйларимиз шаънига путур етди.

Болалигимда бувим: «Тўйга борсанг тўйиб бор, тўй тўнингни кийиб бор!» дея, бизни тамадди қилдириб, кийган кийимимизни кўздан кечириб, базмларга юборарди. Ўзи тўй бўлса, нега қорин тўйдириш керак, деган хархашаларимизга бувим босиқлик билан жавоб қайтарарди: «Тўй, аввало, қариндош-уруғлар, қўни-қўшни, яқин биродарлар дийдоридир. Қолаверса, бундай тадбирлар — миллий одоб-ахлоқ, шарқона урф-одат, анъана ва қадриятлардан бири. Уларга очиқ-сочиқ, ноқулай кийимларда бориш ярамайди, устозлар, ёшу қари, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар олдида қулай, миллий либосда бўл, маданиятли элнинг фарзанди эканлигингни унутма». Ушбу ўгитлар ҳали-ҳануз қулоғимда жаранглайди.

Яқинда Урганч ахборот ва компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида ўтказилган «Маҳаллада нима гап?» мавзусидаги ўқув-семинарда сўзлаган маърузамга ўша ўгитларни асос қилдим. Бу бежиз эмас. Семинарда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши мутахассислари, йиғинларнинг Яраштириш комиссиялари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, «Қайноналар кенгаши» аъзолари, имом-хатиблар, «Нуроний» жамғармаси, Маърифат ва маънавият маркази, ФҲДЁ бўлими ҳамда Ёшлар иттифоқи ходимлари иштирок этди.

Иштирокчилар «Маҳаллаларда ажримларнинг олдини олишда фуқаролар йиғинининг ўрни», «Тўй ва маросимларда дабдабабозликка йўл очаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш услублари», «Никоҳ тушунчаси. Оилада эрнинг бурч ва маъсулияти, хотиннинг вазифалари», «Маърака ва маросимларни тартибга солишда фуқаролар йиғинларининг вазифалари» мавзуларидаги маърузаларни қизиқиш билан тинглаб, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шунингдек, семинарда ҳудудларда бу борада кўзга ташланаётган муаммолар кенг муҳокама қилинди.

Баҳс-мунозараларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўй ва маросимларни дабдабали қилиб ўтказишни бартараф этишда жамоатчилик таъсирини кенгайтириш таклифлари ўртага ташланди.

Бундай семинарларни бевосита маҳаллаларда уюштириш ҳамда тўй қилиш арафасидаги маҳалладошларни таклиф этиб, бу борада фикр-мулоҳазаларини билдириш, жоиз бўлса тартибга чақиришга келишиб олинди.

Маърифат БОБОЖОНОВА,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Урганч шаҳар кенгаши бош мутахассиси.


Манба: Маърифат БОБОЖОНОВА, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Урганч шаҳар кенгаши бош мутахассиси. / Кўришлар: 60

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech