Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Бирлик бор – тириклик бор
19 Mar 2020

Куни кеча Президентимиз коронавирус муаммосига тўхталиб, бу билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаат йўллади. Давлатимиз раҳбарининг “Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтамиз” деган сўзлари бизни ҳамжиҳатликка чорлади.

Маҳалла фаоллари ва кўча бошилар билан биргаликда коронавирус муаммоси билан боғлиқ белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар бир оила аъзолари билан алоҳида суҳбат ташкиллаштирилиб, уларга шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиш, ортиқча ваҳимага берилмаслик, энг муҳими, коронавирусга қарши ҳаракатларимизни бирлаштириб, аҳилликда иш олиб боришимиз зарурлиги ҳақида тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Шунингдек, оила аъзоларидан бирортасининг саломатлигида ўзгариш бўлса, саросимага тушмасдан, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилмоқда.

Баъзи юртдошларимиздан бозорларда озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб кетаётгани ҳақида турли хабарларни эшитиб қолаяпмиз. Аммо бу каби миш-мишлар мутлақо асоссиз. Сабаби, бу борада давлатимиз томонидан барча зарур чоралар кўрилган. Шундай экан, хавотирланишга ҳожат йўқ. Яқинда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси томонидан берилган маълумотни ўқиб қолдим. Унда айтилишича, юртимиз озиқ-овқат саноатида 12 мингдан зиёд корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланар, мамлакатимиздаги 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган, деярли барча хомашё юртимизда етиштирилаётган экан. Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги борасида туғилаётган хавотирларга ҳам, саволларга ҳам ўрин йўқ, деб ўйлайман.

Бозорларимиздаги маҳсулотлар нархи меъёрида экани, кундан кун маҳсулот тури кўпайиб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу ўринда бизнинг маҳалламизда жойлашган озиқ-овқат дўконларида ҳам харидорлар учун керакли маҳсулотлар етарли эканини айтиб ўтиш мумкин.

Шуни унутмайлик, ваҳима кўтариш ёки бошқа ноўрин ҳаракатларни қилиш билан касаллик чекиниб қолмайди. Шунинг учун тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириб, ҳар биримиз ўзимизнинг соғлиғимизга масъулликни ҳис қилсак, етарли.

Шунингдек, бундай синовли кунларда барчамиз аҳиллик билан давлатимиз томонидан коронавирусга қарши олиб борилаётган чораларга хайрихоҳ бўлиб, белгиланган вазифаларни аниқ бажарсак, тез кунларда бу тўсиқлардан ҳам эсон-омон ўтиб олишимизга ишонаман.
 

Бахтинур САИДОВ,

Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги “Журжоний” МФЙ раиси

Манба: ЎзА / Кўришлар: 37

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech