Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири мужассам
25 May 2018

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда мурожаатлар билан ишлаш, бу борадаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, уни такомиллаштириш — энг устувор вазифалардан биридир. Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамланиб, унга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

Бинобарин, фуқароларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаатлари айнан инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида экани тўғрисидаги конституциявий принципларни амалга оширишни кафолатлашга қаратилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январда тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори ҳам мазкур мақсадларга эришиш йўлидаги бир муҳим қадамлардан бўлди. Ушбу Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги конунга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибини белгилайди.

Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги фаолият самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаганлар ҳам ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Мурожаат келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, муддатлар маҳалла раиси томонидан узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Ваколат доирасига кирмайдиган масалалар кўтарилган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органлар, мутасадди ташкилотлар ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. Низомда мурожаатларнинг шакл ва турлари, уларга нисбатан қўйиладиган талаблар, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ўрни, жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш тартиби ҳам белгиланган. Айни чоғда мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари, мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш муддатлари, кўрмай қолдириш асослари, уларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, фуқаролар йиғинининг мажбуриятлари қайд этилган.

Ахборот-коммуникация технологиялари воситасида мурожаат қилиш ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг расмий веб-сайти орқали ёки уларнинг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва бошқа ташкилотларнинг порталлари орқали тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади.

Таъкидлаш жоизки, айрим мутасаддилар ҳанузгача мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқишда сансалорликларга йўл қўяётгани, бу борадаги камчилик ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этмаслик ҳолатлари ҳам бор. Мазкур ҳужжат ана шундай ҳолатларга ҳам чек қўйиши аниқ.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунча берилган. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишга эътибор қаратилгани, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби бузилганлиги учун жавобгарлик киритилгани тез орада кутилган натижани беради.

Хулоса шуки, бирор шахс эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза билан мурожаат этганида ўз хоҳиш-истаги, эркин иродасини ифода этиши, таклиф билан чиқса, давлат ва жамият ишларини бошқаришда қатнашиши, шикоят қилганида эса бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашига замин яратилади.

Манба: Арофат УМАРОВА, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ижроия аппарати девонхона бўлими мудири. / Кўришлар: 28

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech