Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
40 ёшида паспорт бериладиган бўлди
6 Jun 2018

Андижон вилояти Балиқчи тумани 78-уйда истиқомат қилувчи Умиджон Ҳамроқулов 1978 йил 11 ноябрда туғилган. 

– Биз асли норинликмиз. Бу ерга 1973 йилда иш юзасидан келганмиз ва қолиб кетдик. Кенжа болам соғлом туғилган эди, – дейди унинг онаси Латофат Амиралиева (қаҳрамонимиз истагига кўра исм-фамилияси ўзгартирилди). – Ундан олдин 3 та ўғил ва бир қизим бор эди. Кенжатой жуда ўйинқароқ ва истеъдодли эди. Ўзим ва турмуш ўртоғим аптекада провизор бўлиб ишлар эдик. Бир қўшни энагага уни тарбиялаш учун берардим. Ёнғоқдаги арғамчига боламни учира туриб йиқитиб юборган экан. Буни бизга ўшанда айтмаган. Боланинг исиғи 11 кун 41 даражадан тушмади. Касалхонада ётдик. Кейин яхши бўлиб кетди. Кутилмаганда 1 йилдан сўнг эшик оғзида кўзлари муаллақ қотиб қолди. Ҳа, болам десам, уйқум келаяпти деди. Икки кундан кейин яна шундай ноодатий ҳолат кузатилди. Кейин Андижон шаҳрига, Тошкентдаги 16-касалхонаси катта духтурларга олиб бордим. Бошини қурилма билан текширишди. 

 – Қандай касаллик болани безовта қилаётган экан?

 – Мияси билан қаттиқ йиқилган дейишди. Орқа мия суяги синиб, ичкарига қараб ўса бошлаган экан. Қон айланиш тизими бузилибди. Психодиспансерга олиб бориб, микропсихиатрга кўрсатдим. Гапларига солиб кўрди. Вақт ўтибди деди. Оналик туйғуларим билан руҳим чинқирар эди. Қўлимга дори ёзиб берди. Қатъий режим асосида шуни олиб борсангиз яшайди дейишди. Шу онда еру кўк қоронғу бўлиб кетди. Хонумонимни сотдим, бироқ ўзгариш бўлмади. Дорисини бир кун ҳам қолдирмасдан бериб келдим. 9 ёшидан оёқ ва қўллари қотиб-қисила бошлади. 18 ёшларда оғриқ ва дард бу жуда кучайиб кетди. 

 – Бу йил қирққа кирди. Диспансерга бермадингизми?

 – Орада кўнглим ҳеч бўлмай бергандим. Эрталаб ҳолидан хабар олишга борсам, у ердаги қаровчилар роса урган экан. Лаблари ёрилиб кетибди. Орқасини очиб кўрсам моматалоқ бўлиб кетибди. Раҳбарига айтиб, урганларни ишдан ҳайдатиб, бир кун ҳам бу ерда қолдирмасдан олиб кетдим. Қанча қийин бўлса ҳам ўзим қарайман, деб қарор қилдим. 

 Бир ойда дори-дармонига 300-400 минг сўм кетаяпти. Иккинчи гуруҳ ногирони. 312 минг сўм нафақа олади. Ўзим шу фарзандим учун 70 ёшгача ишладим. Пенсиям 895 минг сўм. Ҳамма болаларимни уйли-жойли қилдим. Энг катта ўғлим ва келиним, учта фарзанди билан яшайди. Хўжайиним 2011 йилда оламдан ўтиб кетдилар. Болани сира ёнидан қўймай олиб юрар эдилар. Катта ўғлим Россияда ишлайди. Рўзғорни ўша боқади. Қизим олий маълумотли шифокор. Биздан ҳар куни хабар олиб туради. Ҳаётдан хулосам шуки, болаларни ўқитиш керак. Болаларни ишончли қўлларга ва боғчаларга бериш керак. Мен Андижондаги ўзи туққан боласини ўлдираётган ҳайвонга лаънат дейман. Уни аёл демайман. Бир товуқ ҳам жўжа очса, олдига ҳеч бир жонзотни яқинлаштирмайди. Ўз боласини етимхоналарга ташлаб кетаётганларнинг инсонийлик сифати йўқ. 

 Президентимиз имконияти билан шу йил март ойида Умра зиёратини амалга ошириб қайтдим. Маккаю Мадинадаги одамларнинг эътиқодини, бир-бирига ҳурматини кўриб, бутунлай бошқа оламга тушиб қолдим. Инсонларни яхшиликка ундайди. Диний эркинликлар маънавий муҳитни ҳам соғлом бўлишига хизмат қилади. Оллоҳ халқимизнинг рисқини улуғ қилмоқда. Ҳаракат қилса, ҳеч ким оч қолгани йўқ. Ахир митти чумоли ҳам ғимирлаб, кунини кўрмоқда. 

 Бу юртда сал омилкорлик билан ишласа жаннат-ку. 74 ёшимда мен ишлаб чарчамайман. Уйда 22 та товуғим бор. Қиши билан сўйиб едик. Тухум аримайди. Учта сигирим ҳам бор. Ҳар куни ун литр сут беради. Рўзғордан ортганини сотаман. 6 та неварам бор. Тошкентдан қўй сўйиб чақирсам ҳам келмас эдингизлар. Аммо мана сиёсат талаби, уйма-уй, хонадонма хонадон юриб, муаммоларни энг юқори даражада ҳал қилаяпсизлар. Шу пайтга қадар бизнинг эшигимизга бирор расмий нима муаммонг бор деб таққиллатиб келмаган. Болам қирққа кирса ҳам паспорти йўқ эди. 

Ишчи гуруҳи кўрсатмаси билан бир кун ичида Балиқчи туман ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси келиб, биометрик паспорт олиш учун мобиль аппаратига фуқарони суратга туширишди. Давлат божи ҳомийлар ёрдамида тўланадиган бўлди. 

Манба: Лазиз Раҳматов, журналист / Кўришлар: 223

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech