Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
ЎҚУВ-СЕМИНАР
28 Dec 2017
Масъулият сабоқлари

2017 йил давомида Тошкент шаҳри маҳаллаларида 1 минг 500 та жиноят қайд этилди. Бу айрим маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкам ўрнатилмаганидан далолатдир. Ҳолбуки, фаоллар ўз ишига янада масъулият билан ёндашганида мазкур кўрсаткичлар бунча юксалиб кетмасди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши мажлислар залида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Бу жараёнда йиғин масъул котибларининг вазифалари салмоғи янада ортди. Зеро, масъул котиб маҳалла аҳлини яқиндан билиши, уларнинг дарду ташвишлари, муаммоларидан хабардор бўлиб, ечимини топишга кўмаклашиши зарур. Бунинг учун котиб чуқур билим, бой тажрибага эга, соҳага оид қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунидан хабардор бўлиши керак.

Айни масалаларга бағишлаб ташкил этилган ўқув-семинарнинг биринчи кунида Тошкент шаҳрининг Олмазор, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъул котиблари иштирок этди. Фуқаролар йиғинлари, йиғин кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлаш, тегишли қарор ва ҳужжатлар ижросини таъминлаш, комиссиялар ҳамда йиғин ҳузуридаги тафтиш комиссиясида иш юритишни ташкил қилиш хусусида сўз борган семинарда масъул котиблар Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилидаги долзарб вазифалар ҳақида тасаввурга эга бўлишди.

— Бугунги семинар фаолиятимизда ҳар жиҳатдан асқатади, — дейди Олмазор туманидаги «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Гулнора Абзалова. — Йиғин фаолиятига доир ҳужжатлар билан ишлаш баробарида, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, бунда ижтимоий шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўл-йўриқлари бизни қизиқтириб, мунозарага чорлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 7 ноябрда тасдиқланган «Фуқаролар йиғинининг масъул котиби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги низомда масъул котибларнинг вазифалари белгилаб берилган. Унга кўра, масъул котибнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда масъул котиб фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

— Ўқувларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида махсус дастур, ишчи гуруҳи тузилиб, туман ва шаҳарларга масъуллар бириктирилди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Улуғберди Нарзуллаев. — Семинарга ҳудуддаги барча фуқаролар йиғинларининг ходимлари жалб этилган. Масъул котиб фуқаролар йиғинининг ҳуқуқшуноси, шу сабабдан у қонунларни, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини яхши билиши керак.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши, адлия, бандлик ва молия бошқармалари ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинарда маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, жойлардаги ижтимоий объектлар фаолиятини мониторинг қилиш, аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар кўмагида бартараф этиш ва бу жараёнда масъул котибларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларида сўз юритилди.

Ўқув-семинар 29 декабргача давом этиб, унда пойтахтнинг барча туманларидаги йиғинлар қамраб олинади.

Ф.ТОЛИПОВ

Манба: Ф.ТОЛИПОВ / Кўришлар: 208

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech