Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
 “Ижтимоий дорихоналар – аҳоли учун улкан имконият”
23 Feb 2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 23 февраль 11.00да Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви мажлислар залида “Ижтимоий дорихоналар – аҳоли учун улкан имконият” мавзуида анжуман ўтказилди.

Тадбир Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти марказий бошқаруви билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мазкур ташкилотлар мутасаддилари билан бирга Тошкент шаҳри ҳамда вилояти маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, сўнгги бир ярим йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлигини ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Аҳолига янада кенг кўламли имкониятлар яратиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 2018-2019 йилларда 2 мингта ижтимоий дорихоналар тармоғини яратиш режалаштирилмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда 4 минг турдаги ўсимлик ўсаётган бўлса, уларнинг 500 таси доривор ҳисобланади ва атиги 61 таси тиббий мақсадларда маданий шаклда етиштирилмоқда.

2017 йилда хориждан 9 минг номдаги 2 миллиард доллардан ортиқ дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар импорт қилинган. 2018 йили ўзимизнинг ички имкониятлардан келиб чиқиб, юртимизда 1,5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу орқали қаттиқ валютани тежаш ва нархларни пасайтириш имкони имконияти пайдо бўлса, фармацевтика саноатини жадал тараққий эттиришга катта сармоялар киритишга ва ялпи ички маҳсулотда соҳа улушини оширишга эришилади.

Албатта, дори маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқариш улушини ошириш асносида она табиатимизга ҳужум қилмасдан, табиат мувозанатини бузмасдан, чуқур илмий асосланган ҳолда ёндашиш талаб этади. Шу билан бирга уларнинг сифати ва бемор организмига таъсири хориждан импорт қилинаётган маҳсулотдан кам бўлмаслигига эришиш керак.

Бугун дори-дармон нархларининг баландлиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти, ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш заруриятини туғдирмоқда.

Ижтимоий дорихоналарда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари дори-дармонларни имтиёзли нархларда харид қилиш имкониятига эга бўлиши, шу билан бирга дорихона эгаларига солиқ имтиёзлари берилиши лозим. Уларда 344 та биринчи галда зарур бўладиган дори-дармонлар албатта, доимий ва узлуксиз равишда бўлиши шарт.

Йиғилишда бундай масканларда арзон дори-дармонлар халқимизга, энг олис қишлоқларга қай тартибда етказиб берилиши, омборхоналар уларни сақлаш ва махсус техникаларда кўчма дорихоналарни ташкил этиш ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

NFH_6498.JPG

Унинг маҳалланинг кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож аҳолиси учун фойдаси қандай? Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари бундай дорихоналарнинг жойлашуви ва уларнинг нархи ҳақида аҳолини хабардор этиш бўйича қандай ишлар олиб бораяпти? Ижтимоий аҳамиятга молик дори маҳсулотлари нарх-навоси бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларининг қатъий жамоатчилик назорати ўрнатишда ҳамкорлик тизими қандай бўлади? Бу каби саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Аҳолини дори воситалари билан таъминлашдаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича жамоатчилик комиссиялари аҳолининг барча қатламлари билан учрашувлар ўтказиш орқали энг муҳим муаммолари ҳал этиш устидан таъсирчан назоратни ташкил этиши кераклигига урғу берилди. Бу борада фуқароларнинг фикр, мулоҳаза ва тавсияларини ўрганиш орқали аҳоли билан акс алоқани таъминлаш жуда долзарбдир.

Маҳалла тизими вакилларига ижтимоий эҳтиёжманд ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатини пухта ўрганиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Бу каби тадбирларни ҳудудий, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ҳам жойларда ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 146

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech