Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятини қўлдан бой берманг!
8 Feb 2018

Бугунги кунда Ўзбекистонда яшаб туриб, ўз Ватани, ундаги қадимий обидалар ва уларнинг тарихи ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган фуқароларимиз жуда кўп, зеро аксарият ўзи истиқомат қилаётган жойдан узоққа чиқмаган. Натижада Ўзбекистонда ички туризм яхши йўлга қўйилмаган. Мамлакатимизнинг бу борадаги салоҳияти эса жуда катта. 

Ҳозирда Ўзбекистонда нафақат ташқи, балки ички туризмни ривожлантиришга ниҳоятда катта эътибор қаратилмоқда ва бу жараёнга аҳолининг барча қатламларини кенг қамраб олиш кўзда тутилган. 

7 февраль куни Халқаро Пресс-клуб томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси  Азиз Абдуҳакимов ички туризмни ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди ва бу борада ОАВнинг таклифларини тинглади.

Мактаблар, коллежлар ўқувчилари, ОТМ талабалари дам олиш кунлари ва таътилларда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга чорланди. "Аксарият ўқувчи ва талабалар ўз вилоятидан ташқарига чиқмаган, бугунги кунда бу фожиага тенгдир. Ҳатто туризм коллежлари ўқувчилари ҳам ўзи яшаётган жойдаги тарихий обидалар, уларнинг тарихи ҳақида маълумотга эга эмас", - дейди қўмита раиси. 

Яқиндагина Президент томонидан Наврўз байрами, Мустақиллик, Янги йил каби байрамларда йилига беш кун тўхтовсиз дам олиш кунлари жорий қилинди ("Golden week"- "Олтин ҳафта"). Турли ташкилотлар ходимларига "олтин ҳафта" ёки дам олиш кунларида саёҳат қилиш тавсия этилди. 

Президентнинг «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, коллектив шартномаларга ходимларнинг жамоавий ва оилавий ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш бўйича ҳар йили давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан дам олишга юборишни назарда тутувчи нормани рағбатлантириш чораси сифатида киритиш режалаштирилган. 

Ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат таътилининг ишлатилмаган қисми ҳисобидан уларга қулай бўлган вақтда саёҳат ва дам олиш учун ортиқча ишланган кунга дам олиш муддатини фаол равишда тақдим этиш кўзда тутилмоқда.

Дастур чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабрга қадар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-экскурсион турлар ташкил этиш жадвалини тасдиқлаш тавсия этилди. 

Бундан ташқари, пенсионерлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга ҳам йил давомида муайян қулайликлар яратилиб, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имконини бериш режалаштирилган. 

Шундай шароитлар яратилаётган бир даврда бундай имкониятлардан фойдаланиб қолмаслик "жиноятдир". Ҳаттоки оддий уй бекалари ҳам Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиб, ўз дунёқарашларини кенгайтириши, олган таассуротлари асосида фарзандларини юртимиз тарихи, ундаги қадимий обидалар ва замонавий иншоотлар билан яқиндан таништириши ҳамда билимларини бойитиши мумкин бўлади. Зеро китобдан ўқиган - бошқа, ўз кўзи билан кўрган - бошқа. 

Бу эса, табиийки, келгуси авлод вакилларида ўз ватани тарихига қизиқиш уйғотади ва шу аснода улар ҳам ўзларидан кейинги авлодни бу жараёнга жалб қилишади. Қарабсизки, ички туризм ривожланиб, юртимиз фуқароларининг ўз мамлакати ҳақидаги билимлари ошади. Билимли, ўзига ишонган фуқаролар эса юрт равнақини ошириши шубҳасиз.

Манба: kun.uz / Кўришлар: 33

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech