Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси
7 Feb 2018
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг қошидаги Ихтирочи аёллар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" биринчи танловининг якуний босқичи доирасида Тошкентдаги Турин политехника университетида кўргазма ташкил этилди.

Унда танловнинг финал босқичида қатнашаётган хотин-қизларнинг ишланмалари, илмий изланиш ва тадқиқотлари намойиш этилмоқда. 

Ҳудудлардан саралаб олинган энг яхши илмий-тадқиқот ва ишланма муаллифлари етакчи эксперт ва мутахассислар ҳузурида ўз изланишларининг тақдимотини ўтказиб, ихтироларининг ўзига хослиги, ноёб жиҳатлари хусусида маълумот бериш имконига эга бўлди.

Мазкур танлов натижасида иқтидорли хотин-қизларнинг тегишли соҳа корхоналарининг илмий, техник ва технологик масалалари бўйича олинган патенти асосида инновацион лойиҳалар тайёрланади. Шу билан бирга Инновацион ривожланиш вазирлиги, агентликлар, холдинг компаниялари, акциядорлик жамиятлари, саноат корхоналари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган танловларда тадқиқотчи аёллар ўз лойиҳалари билан қатнашиши бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади. 

– Тадқиқотчи қизларимиз томонидан яратилган ушбу қурилма "Заковат" деб номланади, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчиси, лойиҳа раҳбари Моҳигул Жўраева. – Пластмасса деталлардан иборат бу қурилма кислород етишмовчилигининг олдини олиш, организмнинг кўз илғамас имкониятларини ишга туширишда яқиндан ёрдам беради. "Тўқималарда сурункали гипоксияни камайтириш усули" деб номланган лойиҳамиз юрак-қон томир тизими, ўпка, репродуктив хасталиклар, кексалардаги атеросклероз касалликларида қабул қилинадиган дори препаратлари миқдорини камайтиришда алоҳида аҳамият касб этади. 

Урганч давлат университетининг кимё кафедраси доценти Тўхтапошша Абдураҳмонова яратган электрон дарслик кимё фани бўйича ўқитиш услубини тизимли тарзда янада такомиллаштириш, турли моддалар иштирокидаги реакцияларнинг натижасини виртуал лаборатория машғулотлари асосида кузатиб бориш, билим ва маҳоратни янада бойитиш имконини беради. 

Мазкур кўргазма фармацевтика, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, инклюзив таълим, тадбиркорлик, физика, кимё ва бошқа йўналишлар бўйича турли ишланмаларга, изланиш ва тадқиқотларга бойлиги билан кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Манба: Назокат Усмонова, ЎзА / Кўришлар: 130

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech