Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Уят эмасми?..
7 Jun 2018

Республика ишчи гуруҳи Андижон вилояти Балиқчи тумани “Сиза” маҳалла фуқаролар йиғини Баланд кўчаси 24-уйда истиқомат қилувчи Жакбарали Маматов хонадонида ҳам бўлди. Тақдирнинг синовларини қарангки, оиланинг икки нафар қиз фарзанди – 1993 йили туғилган Шоҳсанам ва 1997 йили туғилган Жумагул Мўйиддиновалар 1-гуруҳ ногирони бўлиб туғилишган. 11 ёшли кенжатой Жаҳонгир Мўйиддинов эса соғлом ва ота-онасининг қанотига кирмоқда. 

– Мен ҳам жигарбандларимнинг бахтли бўлишини истайман, – дейди фарзандларнинг онаси Ширинхон Маматова кўзига ёш олиб. – Ҳеч бир онанинг бошига бундай синовларни солмасин экан. Мактабдан ўқитувчилар келиб, уларни уйда ўқитишди. Каттаси юра олмас эди. Худойимга минг қатла шукрки, 14 ёшида қадам ташлаб, эркин юра бошлади. Бекор ўтиришиб сиқилиб қолишмасин деган фикрда уйда чок машинада ул-бул тикишни ўргатдим. Машина эски бўлсаям, қўллари келишиб қолди. Ишчи гуруҳи хонадонимизга киргач, болалар бўш ўтиришмасин, ҳамонки тикишга иштиёқ ва кўникмаси бўлса, янги тикув техникасини берамиз, деб қоғозга ёзиб кетишди. 

  Халқимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, уларни рағбатлантириш ва кўнглини кўтариш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш улкан савоб дейишади. Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан замонавий «Janome» тикув машинаси ушбу хонадонга тақдим этилди. Шу билан бирга ногиронлик аравачаси ҳам етказиб берилди. Оила аъзоларининг қувончи чексиз эди. 

Албатта, ёрдамнинг катта-кичиги бўлмайди, унинг аҳамияти ҳар бир шахс учун қанчалик зарурлигига қараб белгиланади. Ўрганишлар чоғида “Сиза” ва “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оғир шароитда кун кечираётган, оиласига бир сўм ҳам даромад кирмаётган, бола-чақасини боқишга қийналаётган хонадонлар ҳам аниқланди. Боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз, ногиронлиги бор, кам таъминланган оилаларга 20 қоп ун, 32 килограмм ёғ ва бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 

“Оқтепа” маҳалласи “Водий гавҳари” кўчаси 44-уйда яшовчи Камолов Сардор кўз касаллигидан 5 ёшлигидан буён азият чекиб келади. Ёшлигида ўйинқароқлик қилиб, бир кўзи бутунлай кўрмай қолди. Ўнг кўзининг кўриш қобилияти эса пасайиб борди ва ҳозирда минус етти (-7)га тушиб қолди. Оқибатда кап-катта норғул йигит меҳнатга яроқсиз бўлиб қолди. 

– 1997-2011 йилларда иккинчи гуруҳ ногиронлиги нафақасини олди, – дейди Сардор норизо оҳангда. – Кейин эса соғлом бўлиб қолибман, нафақани бекор қилишди. Ваҳоланки, соғлиғим яхши томонга ўзгарганини сезганим йўқ, аксинча бўлаяпти. Мана ёшим ҳам ўттизга кираяпти. Битта фарзандим бор. Аёлим ҳам ишламайди. 10-20 та парранда боққаним билан куним ўтиши жуда қийин бўлаяпти. 

Ҳақиқатдан ҳам янги уйга яқинлари кўмагида кўчиб чиққан ёш оиланинг моддий шароити бугун қониқарли эмас. Шу сабабли ишчи гуруҳи тавсиясига кўра, Сардор Камоловга Андижон вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Стационар шароитда имтиёзли (бепул) даволаниш учун йўлланма расмийлаштириб берилди. 

Уйда вақтинчалик ишсиз ўтирган турмуш ўртоғи эса ҳақ тўланадиган жамоат ишига таклиф қилинди. Қўшимчасига бир қоп ун ва икки килограмм ёғ ҳам оддийроқ оила учун катта кўмак саналади. Аммо гап бунда эмас. Ишчи гуруҳи Сардорни даволанишдан қайтгач, туман тиббий меҳнат эксперт комиссияси томонидан чуқур текширувдан ўтказиб, нечинчи гуруҳ ногиронлигига мансуб эканлигини аниқлаш бўйича масалани ўртага қўйди. Агар унинг ногиронлиги тасдиқланса, нафақа ҳам оиласига оз бўлса-да кўмак бўлади.

Аммо сектор штаби, туман мутасаддилари Тошкентдан ишчи гуруҳи келиб, бу каби фуқароларни йиллаб қийнаб келаётган муаммоларни кўрсатиб бераётгани уят эмасми?

Манба: Лазиз Раҳматов, Журналист / Кўришлар: 1

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech