Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Тадбирлар самара берганида оилавий ажримлар кўпаярмиди?
29 Oct 2018

Бундан икки-уч йил аввал Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйида 60 нафардан ортиқ тарбияланувчи бор эди. Ҳозир уларнинг сони 122 нафарга етган. Меҳрибонлик уйида болалар кўпайгани оилавий ажримлар сони ошганидан далолат. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида Навоий вилоятида 664 та оиланинг никоҳи бекор қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 тага кўпдир.

Оила мустаҳкамлиги — жамият ривожи кафолати. Шу боис юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири. Жумладан, 2018 йил 2 февралда Президентимиз томонидан «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мус­таҳкамлаш соҳасидаги фаолият­ни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Фармон асосида Республика «Оила» илмий-тадқиқот маркази иши ян­гидан йўлга қўйилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маъна­вий-ахло­қий тарбия масалалари бў­йича маслаҳатчиси лавозим­лари тугатилиб, ўр­ни­га хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозим­и жорий этилди. Бу лаво­зим­ларга ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб номзодлар тайинланиб, улар жорий йил­нинг апрель ойидан ҳу­дуд­лар­да ўз ваколатлари доирасида иш­­ларни бошлаб юборишди. 

Хўш, нега унда оилавий ажримлар сони камаймаяпти? Вилоятнинг Хатирчи туманида ҳам оила бузилиш ҳолати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага кўпайган ва 84 тани ташкил этади. Туман маҳаллаларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қад­риятларни мустаҳкамлаш бўйи­ча мутахассислар фаолиятида жонланиш борми?

Тумандаги мавжуд 68 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳаммасида бундай мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Хатирчи тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира Маматова. — Ҳозиргача уларнинг саъй-ҳаракати билан ажрим ёқасига келиб қолган 318 та оила ярашди. Бироқ 12 та маҳаллада ажралиш кўпайган. Таҳлилларга кўра, ажримларга, асосан, эркакнинг ҳеч қаерда ишламаслиги, ичкиликка берилгани, қайнона-келинлар ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир нотинч хонадонга кириб, оила аъзолари билан яккама-якка суҳбатлашиб, вазиятни ўрган­япмиз. Апрель ойида 57 та оилани назоратга олган эдик. Улар билан доимий мулоқот олиб борилмоқда. Натижада бундай оилалар сони камай­моқда. Жумладан, апрель-сентябрь ойларида йиллар давомида нотинч бўлган 32 та оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит яхшиланди, 25 таси билан мулоқотни давом эттир­япмиз. 

Суҳбатдошимиз таъкидлаганидек, моддий шароит, рўзғорда эркакнинг боқувчилик вазифасига лоқайдлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги ҳам бугун ажримларнинг бош омили. Шуни назарда тутган ҳолда, нотинч оиладаги аёлнинг бандлигини таъминлашга эътибор қаратиляпти. Айни пайтгача туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 1670 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 

— Хатирчига кўчиб келганимга 16 йил бўлди, — дейди «Самарқанд» маҳалласидан Малика Мамедова. — Яшаш жойимиздан рўйхатга ўтиш масаласини йиллар давомида еча олмадим. Паспортимнинг муддати ўтиб, биометрик паспорт ололмагандим. Маҳалламиз ва туман хотин-қизлар қўмитаси ёрдамида 2018 йил 28 апрелда ҳозир яшаётган манзилим — Заргар кўчаси 7-уйга рўйхатга олиндим, био­метрик паспортга ҳам эга бўлдим. Жамоатчилик асосида ишга жойлашиб, маош ҳам оляпман.

М. Мамедованинг кам таъминланган оила ҳи­со­бида туриши инобатга оли­ниб, Ўзбекис­тон Рес­пуб­ликаси фуқаролиги пас­пор­тини олишдаги жарима ва тў­лов­лар туман хотин-қизлар қў­­митаси томонидан амалга оширилди.

Маълумотларга кўра, туман хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйи­ча туман кенгаши ва маҳаллалар ҳамкорлигида жойларда йил бошидан буён оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини яхшилаш мақсадида 428 та тадбир ташкил этилган. Бироқ тақдир йўлларини чигаллаштирувчи, бегуноҳ гўдак­ларни тирик етимга айлантирувчи, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари сафини кенгайтирувчи, Аршни ларзага солувчи ҳолат — оилавий ажримлар камаймас экан, бу тадбирлар ўз самарасини бераяпти, дея олмаймиз.

Манба: Холбиби САФАРОВА / Кўришлар: 67

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech