Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Пойтахтдаги кичик саноат зонаси: 61,2 гектар ер майдони, 308 та корхона, 7 минг нафардан зиёд ходим
7 Nov 2018

Дунё саноат харитасига теран назар ташласак, замонавий технологиялар асосига қурилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари ривожланган ҳудудлар тараққиёт тизгинининг ҳақиқий эгалари бўлаётганига гувоҳ бўламиз. Бундай жойларда, одатда, табиий бойликлар танқис бўлишига қарамай, одамларнинг турмуш фаровонлиги ҳатто минерал ресурсларга бой ўлкаларнинг ҳам ҳавасини уйғотади.

Албатта, бундай тармоқнинг ривожланишини ким ҳам истамайди, дейсиз?! Бироқ тараққиётнинг бу шакли амалга жорий этилиши, аввало, қулай муҳит, узоқни кўзлаган стратегия ва ҳар қандай қийинчиликларга қарамай танлаган йўлдан оғишмасликни талаб қиладиган мураккаб жараён эканини ҳам унутмаслик зарур. Хўш, юртимизда ташкил этилган кичик саноат зоналари бу борада ўзини қай даражада оқламоқда? Улардан ким, қандай фойда кўряпти?

Мутахассисларнинг фикрича, кичик саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қарор қилган тадбиркор ҳар томонлама ютади. Яъни ишбилармон давлат мулкини минимал ставкалар бўйича узоқ муддатга ижарага олади, шу вақт ичида унга лойиҳасини амалга ошириши учун барча қулайликлар яратиб берилади, энг муҳими, тадбиркор икки йилгача фойда, мол-мулк ва ягона солиқ тўловларидан озод этилади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 майдаги «Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан, Яккасарой туманининг собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида ташкил этилган «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» давлат унитар корхонасида ҳам кичик бизнес вакиллари учун кенг имкониятлар яратилган.

61,2 гектар майдонни эгаллаган саноат зонасида 46 та бино ва иншоот, 5 та артезиан қудуғи, 20 километр канализация тизими, тозалаш иншоотлари ва темир йўл линияси хизмат кўрсатади. Шунингдек, тадбиркорлар бепул юридик маслаҳат, давлат идоралари ваколатхонаси, нотариус, банк, тиббиёт, кутубхона, овқатланиш, спорт-соғломлаштириш ва савдо хизматларидан фойдаланади.

— Айни пайтда мазкур саноат зонасида етти минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, — дейди «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Отабек Абдуллаев. — Дастлаб бу ерда 10-15 та корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда 308 та тадбиркорлик субъекти озиқ-овқат, мебелсозлик, металлни қайта ишлаш, тўқимачилик, кимё саноати, қурилиш, машинасозлик каби тармоқларда маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Улар томонидан ўтган йили 40 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар экспорт қилинди.

«Ideal Sweets Business» масъулияти чекланган жамияти қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхонада дастлаб 10 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, айни пайтда бу ерда 20 турдан зиёд ширинликлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Янги турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис корхона маҳсулотларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта. «Ideal Inter Вiznes» масъулияти чекланган жамияти маҳсулотлари — полипропилен иссиқ ва совуқ сув, канализация қувурлари, фитинглар эса сифати ва нархи жиҳатдан Қирғизис­-
тон, Қозоғистон, Тожикис­тон ва Россия бозорларида ҳам ўз ўрнига эга.

100 турдан зиёд ки­йим-кечак, спорт ва болалар кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Furkan Textile» масъ­улияти чекланган жамиятининг маҳсулотлари эса Италия, Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинмоқда. Туркиядан келтирилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада 140 киши меҳнат қилади. Уларнинг кўпчилиги аёллар ва коллеж битирувчиларидир.

— Кичик саноат ҳудудида зарур инфратузилма, қатор қулайликларнинг яратилгани фаолиятимиз самарадорлигини таъминлаётир, — дей­ди корхона ижрочи директори Олимжон Маматов. — «Зироатбанк»дан олинган 68 минг 500 АҚШ долларига тенг имтиёзли кредит корхонамизга янги ускуналар келтириш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринларини яратиш имконини бермоқда.

«Baby Toys Garden» корхонасида юз фоиз маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқариладиган 70 га яқин турдаги болалар пластмасса ўйинчоқлари хавфсизлиги, юқори сифати ва нархининг ҳамёнбоплиги билан истеъмолчилар эътиборини тортган. Маҳсулотлар нафақат ички бозорни тўлдираётир, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилиняпти.

— Коллежда ўқиб юрганимда ушбу корхонага амалиёт ўташ учун келгандим, — дейди Нодира Ғаффорова. — Ўқишимни битирганимдан сўнг шу ерга ишга олишди. Ўйинчоқлар болалар учун қувонч улашади. Ана шу ишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. Ишчилар учун барча шароит яратилган. Меҳнатинг натижасини кўришдан ва бундан яқинларингни хурсанд қилишдан ортиқ бахт йўқ.

Мухтасар айтганда, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти, салоҳияти унинг тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришга яратилган кенг имкониятлари билан белгиланади. Бу эса, ўз нав­батида, ўша ҳудуднинг ижтимоий ривожига, аҳоли фаровонлигига, қатор соҳалардаги муаммоларнинг ечимига хизмат қилади. Яккасарой кичик саноат зонаси фаолияти мисолида бунга яна бир марта амин бўлдик.

Манба: Санжар Исматов / Кўришлар: 27

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech