Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Мактабга девор керак, ўқувчиларга эса китоб...
7 Jun 2018

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги «Ўлмас» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 25-мактаб фаолияти билан танишган Республика 5-ишчи гуруҳи қатор камчиликларни аниқлади.

Мактаб 420 та ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирда бу ерда 526 нафар бола тарбияланмоқда.

Муассасанинг асосий ўқув биноси 1971 йилда қурилган ва замон талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бошланғич синфлар учун ўқув биноси катта йўлнинг нариги тарафида жойлашган. Транспорт қатнови гавжум «Мустақиллик» шоҳкўчасининг иккинчи томонига юракни ҳовучлаб ўтишга тўғри келади.

Гарчи тезликни пасайтириш белгиси қўйилганига қарамай, бу йўлдан соатига 80-100 км. тезлик билан ҳаракатланган автомобилларни истаганча учратиш мумкин эди. 

1959 йилда қурилган бир қаватли иншоот захлаб, шўрланиб, деворлари кўчиб тушмоқда. Шиплари моғорлаб, қорайиб кетган. Қарийб 60 йиллик тарихида капитал таъмирлаш ишлари бирор маротаба амалга оширилмаган. 2008 йилдаги жорий таъмирлаш ҳам қўл учида қилиб қўйилган.

Бошланғич  синф учун мўлжалланган ёрдамчи ўқув биноси лойдан қурилган. Ўрганиш чоғида синфхоналар торлиги, парталар эскилиги ва ёруғлик етарли эмаслиги, бинонинг пойдевори пастлиги ва гарчи болалар бу ерда ҳозир ўқишни давом эттираётган бўлишса-да, синфхонада қўланса ҳид кўнгилни оздирар даражада анқиб тургани аниқланди.

Мактабда ошхона, фаоллар зали, тиббиёт хонаси йўқ. Кутубхоначи Дилфуза Ҳаққулованинг айтишича, бу ерга охирги марта 2017 йилнинг 14 июлида 28 номдаги 192 дона китоб келтирилган. Май ойининг 17-санасида эса тўрттагина президент асарлари қабул қилиб олинган. Бадиий адабиётлар мутлақо етишмайди. Ижара дарсликлари пала-партиш териб ташланган.

Мактаб атрофи очиқ-сочиқ — 175 метрлик қисми умуман ўралмаган. Девор ўрнида қазиб қўйилган 1 метрлик чуқурнинг нариги томонидаги лой-чанг йўл «Ҳаёт йўли» маҳалласига олиб боради. Унинг четида 3 метрлик ботқоқли зовур жойлашган. Ўйинқароқ болалар илҳоми жўшиб кетиб бир сакраш қилиб юборса ботиб кетмаслигига ким кафолат беради?! Деворнинг бор қисми ҳам омонат, ёмғирдан кейин сўтилиб қолган, қаттиқроқ акса урилса, қулаб тушиши аниқ. Мактаб бинолари билан бир вақтда қурилган ҳожатхоналар санитария талабларига умуман жавоб бермайди.

Мактабнинг ичимлик суви тармоғи йўқ. Туман ҳокимлиги ичимлик суви минорасини қуриш учун 6 сотих ер ажратганига қарамай, мутасаддилар уни қуришни пайсалга солиб келишяпти. Мактаб болалари тоза сув ичишмаса ҳам бўлаверади, деб ўйлашса керак-да.

Ҳамшира штати бирлиги ҳам ажратилмаган. Меҳнат фани хонасидаги ускуналар маънан эскирган, 3 та эски симёғоч беқарор шамолларда ағанаб болажонларга зиён-шикаст етказмаса бўлди эди, деган хавотир юрагингиздан ўтади.

Мактаб директори Авазбек Якубовнинг айтишича, мактаб деворларини қайта тиклаш учун бюджетдан 15 миллион сўм ажратилган ва июль ойида ишлар бажарилади. Ичимлик суви лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Бошланғич таълим олиш биносини қайтадан қуриш 2019 йилдаги Давлат дастурига киритилган. Қўшимча даромад топиш учун экилган 220 туп олча бу йил ҳосилга кирди. Кейинги йили яхши ҳосил берса, сарф-харажатларнинг бир қисмини қоплаши мумкин. Албатта, тўққиз йиллик директорнинг деҳқончилик борасида ва қўшимча фойда олиб, мактабнинг кам-кўстини тўғрилашга бўлган интилиши эътиборга лойиқ.

Аммо сектор раҳбари, Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдурайимов мактаб аҳволи билан яқиндан танишганмикан, деган ҳақли савол киши хаёлидан ўтади? Туман ва вилоят, республика таълим мутасаддилари бу мактабга бирор маротаба қадам ранжида қилиб, йиғилиб қолган муаммоларни ўрганганмикан? Муаммоларни Тошкентдан ишчи гуруҳи келиб, аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб бермаса, иш ўз-ўзидан юришиб кетавермайдими?

Манба: Лазиз Раҳматов, журналист / Кўришлар: 85

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech